Бу йил демократлар графикни бироз ўзгартиришган, аммо республикачилар ярим асрлик анъаналарга содиқ қолишган, унга кўра номзодларнинг илк сайлови 15 январ куни айнан Айовада ўтказилади.
Айовада кокус (номзодларни танлаш жараёни)республикачилар ва демократлар учун турлича ўтказилади. 2020 йилда демократлар процедурани ўзгартиришган: номзод почта орқали танланади ва кейин натижалар эълон қилинади.
Республикачилар эса олдиндан бўлиб келгани каби душанба куни кечқурун ҳар бир участкада йиғилишлар ўтказади (одатда мактаб, жамоат маркази ёки шунга ўхшаш бошқа жойлар). Овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчилар аввалига номзодларни муҳокама қилади, кейин эса ўз фаворитининг фамилиясини қоғозга ёзиб, уни йиғилиш раисига узатади. Раис эса овозларни ҳисоблайди ва натижаларни партиянинг штатдаги офисига юборади, у ерда бир неча соат ичида овозлар ҳисоблаб чиқилиб, натижалар эълон қилинади.
Партиянинг президентликка номзоди танланадиган Республикачилар миллий қурултойига Айова штатидан 40 нафар делегат боради.
Трамп етакчилик қилмоқда
Дам олиш кунларида Айовадаги бар ва ресторанлардаги телевизорларнинг экранларида деярли узлуксиз сиёсий баёнотлар берилиши бошланди, ҳовлиларда ва деразаларда ташвиқот плакатлари пайдо бўлди.
Сайловчи республикачиларни биринчи навбатда чегара хавфсизлиги ва иқтисодиёт масалалари ташвишлантирмоқда. Номзодлик учун пойгада собиқ президент Доналд Трамп етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўрин учун жиддий рақобат мавжуд: сўровларга кўра, БМТдаги собиқ элчи Никки Ҳейли ва Флорида губернатори Рон ДеСантис қарийб тенг кетмоқда, лекин сўнгги сўровнома Ҳейли ДеСантисни бироз ортда қолдира бошлаганини кўрсатган — 16 фоизга қарши 20.
Des Moines Register/NBC News/MediaCom ўтказган сўровга кўра, кокусда иштирок этишни ният қилганлардан 48 фоизи Трамп учун овоз беришга тайёр, 20 фоизи Жанубий Каролинанинг собиқ губернатори ва АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Ҳейлини, 16 фоизи — Флорида губернатори Рон ДеСантисни қўлламоқчи, қолган номзодларнинг рейтинги 10 фоиздан ошмайди.
DMR/NBC декабр ойида ўтказган сўровга кўра, Трамп 51 фоиз овоз олганди, октябр ойида эса — 43 фоиз, бу вақтда унинг асосий рақиблари 20 фоиз ҳам тўпламаганди.
«Мен Трамп устун келишига деярли аминман, чунки мен билан гаплашганларнинг аксари унга овоз бермоқчи», — дейди Айовада ҳафта давомида иккинчи бор ёққан қорни кураш асносида Жо Ван Гинкел.
Ван Гинкел — Республикачилар партиясининг округдаги вакили бўлиб, партиянинг бошқа кўплаб маҳаллий арбоблари қаторида Трампни қўллаб-қувватлайди.
«Ўйлайманки, одамлар уни қўллашининг кўплаб сабаблари бор. У президент бўлганида яхши ишлади», — дейди Ван Гинкел.
Унинг рафиқаси эса Никки Ҳейлига овоз бермоқчи, чунки Трамп жамоатчиликка айтаётган гапларнинг барчаси ҳам унга ёқмайди.
Трампнинг бошқа бир тарафдори, юк ташиш хизмати соҳасида ишловчи Майк Уилямс кўплаб суд ишларини назарда тутган ҳолда собиқ президентга қарши ишлаши мумкин бўлган омиллар борлигини тан олади. Аммо у Трамп ҳокимиятга келса, ўзини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишига ишончи комил: «Иқтисодиёт, чегара, барчаси. Ҳозирда барчаси ёмон».
Ҳали кимга овоз бериш ҳақида бир қарорга келмаганлар орасида ҳам Трамп барибир президентликка номзод бўлади, деган қараш бор.
«Менга барча номзодларимиз маъқул, — дейди Айова маркази Де-Мойн шаҳридаги бар эгаси Брайан Мун. — Агар ҳар бир номзоддан оз-оздан олиб, суперномзод қилиш имкони бўлганида, мен бахтиёр бўлган бўлардим. Аммо бунақаси бўлмайди».
Трамп штатда биринчи бўлишини нима билан изоҳлаш мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан шундай деган: «Миллиардер эканига қарамай, у чиндан ҳам ҳаммамизга ўхшаган одам. У нутқ қилишни ёқтиради, у қизиқарли, ўзига танқидий кўз билан қарайди ва мен ўйлайманки, бу унга Айовадаги одамлар билан мулоқотни йўлга қўйиш имконини беради».
Бошқа номзодлар
Бошқа номзодларнинг тарафдорлари асосан собиқ президент лавозимини тарк этган вақтда бошланган ва ҳамон давом этаётган можароларга ҳавола қилади ва партия сиёсати оқ қоғоздан бошланишини хоҳлашларини айтишади.
34 ёшли Роналд Форселлнинг ҳисоблашича, Никки Ҳейли — Республика партияси перезагрузка тугмасини босиш учун имкониятдир.
«Биз кимнингдир твиттерда ёзгани ёки норозилиги ҳукмронлик қиладиган даврдан чиқишимиз керак, — дейди у. — Шундай ҳиссиёт борки, сўнгги олти-саккиз йилда биз бир инқироздан бошқаси томон юрдик ва мен ўйлайманки, Ҳейли бизга бошқа масалалар бўйича жиддий муҳокамалар қилиш имкониятини тақдим этади».
Рон ДеСантис тарафдорларини унинг Флорида губернатори сифатида қилган ишлари, хусусан, ковид пандемияси чоғида локдаун жорий этишни истамагани ва мактабларда гендер тенглик ўргатилишини тақиқлагани ўзига жалб этган.
«Доналд Трамп ҳам менинг номзодим бўлган бўларди, аммо у фақат қилиб бўлган ишлари ҳақида гапиради, — дейди Урбандейлдан бўлган 41 ёшли Женнифер Тернер. — Мен у нима қилмоқчилиги ва бунга қандай эришмоқчилиги ҳақидаги гапларни эшитмаяпман».
Айовадаги кокуслар арафасида Трамп штатдаги тарафдорлари билан виртуал митинг ўтказди
Штат аҳолисининг айримлари Демократик партиядан номзод бўлиши деярли аниқ бўлган Жо Байденни енга оладиган исталган номзодни қўллашга тайёр. Аммо улар умуммиллий миқёсда республикачилар номзоди учун овоз беришга тайёр бўлган сайловчиларнинг кенг коалициясини тузиш осон бўлмаслигидан хавфсирамоқда.
Тўртта суд ва 50 праймериз
Шанба куни кечқурун Де-Мойнедаги меҳмонхонага келган Трампнинг ўзи бу ердаги совуқ ҳароратдан нолиди, об-ҳаво шароити туфайли дам олиш кунларига белгиланган тадбирларининг аксарини бекор қилишга тўғри келган.
«Бугун бизда кўплаб учрашувлар бор, бизда барчаси яхши, катта қўлловга эгамиз. Аммо кўчада изғирин», - деган Трамп журналистга.
Одатда президентлик сайловлари йилида номзодлар сайловга қадар бутун 10 ойни праймериз вақтидаги митингларда сайловчилар билан қўл бериб саломлашиш ва чақалоқларни ўпиш билан ўтказишади.
Аммо Трамп бу йил Оқ уй учун кураш билан бир вақтда тўртта иш бўйича январдан май ойига қадар давом этадиган суд жараёнлари учун федерал ва штатлардаги судларга ҳам қатнашига тўғри келади.
Улардан биринчиси, Жин Кэрроллга етказилган зарарни қоплаш бўйича иш Айовадаги кокуслар кунида бошланади, махфий ҳужжатларга алоқадор федерал жараён эса Республикачилар партияси қурултойига бир ой вақт қолганида очилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг