
Калифорния полицияси 39 ёшли Роберт Лопесни минглаб LEGO тўпламларини ўғирлаб, қайта сотганликда гумон қилиб қўлга олди. Тергов маълумотларига кўра, у шериклари билан бирга жами 6 минг долларлик қимматбаҳо ўйинчоқларни ноқонуний йўл билан қўлга киритган.
Санта-Роса полицияси баёнотида таъкидланишича, Лопес бошқаларга дўконлардан LEGO тўпламларини ўғирлашни буюрган, кейин уларни арзон нархда сотиб олиб, қимматроқ баҳода қайта сотган. Полиция унинг уйидан ўн минглаб LEGO деталлари, мини-фигуралар ва йиғилган ҳайкалчаларни топган.
Маълум бўлишича, у интернет орқали сотув тизимини йўлга қўйган ва маҳсулотларни саралаб сотиш учун махсус схема яратган. Тергов ҳозирда унинг шерикларини ва ўғирланган маҳсулотлар манбасини аниқламоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, LEGO коллекциялари иккиламчи бозорда жуда талабгир бўлиб, айрим тўпламлар нархи йилига 10 фоизгача ўсади. Шу боисдан ҳам бу ўйинчоқлар айримлар учун инвестиция воситасига айланмоқда.
Лопес айбини тан олган тақдирда, унга уч йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!