
31 октябрь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда бўлиб ўтган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) саммити доирасида АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида янги, тарихий аҳамиятга эга мудофаа шартномаси имзоланди.
Томонлар — АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ва Ҳиндистоннинг мудофаа раҳбари Ражнатх Сингҳ — 10 йилга мўлжалланган стратегик ҳамкорлик битимига имзо чекишди. Ҳужжат икки мамлакат ўртасида ҳарбий ва технологик соҳадаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Пентагон раҳбари Ҳегсетнинг таъкидлашича, мазкур келишув «минтақавий барқарорлик ва мудофаа тизимидаги тийиб туришнинг асосий пойдевори» сифатида хизмат қилади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳамкорлик икки давлат армиялари ўртасидаги разведка маълумотлари алмашинуви, қўшма машғулотлар ва инновацион ҳарбий технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиради.
«Бу бизнинг қуролли кучларимиз учун янги йўл харитасидир. У келгусида янада мазмунли ва ўзаро ишончли ҳамкорликни таъминлайди», деди Ҳегсет.
Ҳиндистонлик вазир Ражнатх Сингҳ ҳам учрашувни «самарали ва тарихий» деб баҳолади. Унинг фикрича, янги келишув икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифани очади. «Бу ҳужжат Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги ўсиб бораётган стратегик яқинликни ифода этади ҳамда Ҳинд-Тинч океани минтақаси барқарорлиги учун муҳим аҳамият касб этади», деди у.
Шартнома имзоланиши икки давлат муносабатлари анча таранглашган бир даврга тўғри келмоқда.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистоннинг Россия нефтини импорт қилишни тўхтатишдан бош тортиши ортидан мамлакат экспортининг бир қисмига 50 фоизлик бож жорий қилган эди. Бу қарор ортидан Ню-Деҳли Америка ҳарбий техникасини харид қилишни вақтинча тўхтатган.
Бироқ сўнгги хабарларга кўра, АҚШнинг Россия нефть секторига нисбатан янги чекловларидан кейин Ҳиндистон Россиядан нефть сотиб олишни тўхтатган. Трампнинг айтишича, бу ҳақда унга Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди шахсан маълум қилган.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, янги мудофаа битими Вашингтон ва Ню-Деҳли ўртасидаги узоқ муддатли ишончни тиклаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Бу ҳамкорлик фақат ҳарбий соҳани эмас, балки технологик тараққиёт ва қўшма хавфсизлик сиёсатини ҳам қамраб олади.
Демак, Ҳиндистон ва АҚШ муносабатлари янги босқичга кўтарилмоқда — у нафақат икки давлат, балки бутун Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги геосиёсий мувозанатни белгилаб бериши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!