
Литва ҳукумати Беларусь билан фаолият олиб бораётган охирги икки чегара пунктни вақтинча ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу чора 29-октябрь куни миллий хавфсизлик комиссияси ташаббуси билан тасдиқланди ва 30-ноябргача амал қилади.
Зарурат туғилса, ушбу муддат узайтирилиши мумкин. Бу қарор Ўзбекистон ҳамда бошқа давлатларнинг халқаро юк ташувчиларига жиддий логистика муаммоларини келтириб чиқармоқда.
Литва томонидан ёпилган “Медининкай” ва “Шальчининкай” чегара пунктлари Ўзбекистон компаниялари учун Европа Иттифоқига юк етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга эди. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ўзининг расмий баёнотида транспорт компанияларига Европа Иттифоқига юк ташишга муқобил йўлларни излашни тавсия қилди.
Янги чекловлар минтақанинг логистика харитасини жиддий ўзгартириши кутилмоқда. Эндиликда “Медининкай” пунктидан фақатгина дипломатик транспорт, Европа Иттифоқи ва Швейцария фуқаролари, шунингдек, Литвада яшаш гувоҳномаси бўлган шахслар ўтиши мумкин.
Бундан ташқари, ушбу пункт орқали Калининград вилоятига ва ундан қайтувчи транзит юклар ва йўловчилар ҳам ўтказилади. Литва бош вазири Инга Ругинене ушбу қатъий чораларни Беларусь томонидан ҳаво ҳудуди бузилиш ҳолатларининг кўпайиши билан изоҳлади.
Хусусан, контрабанда молларини, асосан сигаретларни ташишда ҳаво шарларидан фойдаланиш ҳолатлари қайд этилган. Литва бу ҳолатларни “гибрид ҳужум” сифатида баҳолаган.
Ушбу қарор Европа Иттифоқи идоралари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Бироқ, Беларусь божхона хизмати Литванинг ҳаракатларини “дўстона бўлмаган сиёсат” деб баҳолади ва бу икки давлат иқтисодиётига зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади.
Маълум бўлишича, Литва 2023-йилдан буён Беларусь билан фаолият олиб бораётган чегара пунктлари сонини босқичма-босқич қисқартиб келмоқда. Бунгача “Медининкай” ва “Шальчининкай” ягона фаолият кўрсатаётган пунктлар эди.
Чегара пунктларини ёпиш ёки уларнинг фаолиятини чеклаш халқаро сиёсий ва иқтисодий босим воситаларидан бири сифатида қаралади. Тарихда бундай чораларнинг бутун минтақалар ўртасидаги савдо йўллари ва иқтисодий алоқаларга сезиларли таъсир кўрсатган кўплаб мисоллари мавжуд.
Литва Беларусь билан чегарасини ёпди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар