
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси АҚШни Кубага нисбатан иқтисодий, савдо ва молиявий эмбаргони бекор қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Ушбу ҳужжат учун дунёнинг 165 давлати, жумладан Ўзбекистон ҳам овоз берди.
Қарши бўлган давлатлар сони еттита бўлиб, яна 12 делегация овоз беришдан тийилди. Мазкур резолюция мажбурий ҳуқуқий кучга эга эмас, бироқ унинг қабул қилиниши халқаро ҳамжамиятнинг бир томонлама мажбурлов чораларига бўлган кенг норозилигини кўрсатади.
Овозларга кўра, Бош Ассамблея АҚШ эмбаргосини бекор қилиш масаласини кейинги сессиянинг дастлабки кун тартибига яна киритишга қарор қилди. Резолюцияда БМТга аъзо давлатлар ўз ҳудудидан ташқарида қўлланилувчи жазоловчи қонунларни, жумладан, 1996 йилда қабул қилинган АҚШнинг Хелмс-Бертон қонуни каби ҳужжатларни қўлламасликка чақирилди.
Гавана ва бошқа давлатларнинг фикрича, бундай қонунлар халқаро ҳуқуқ ва БМТ Уставига зид ҳисобланади. Бош Ассамблея, шунингдек, 2015–2016-йилларда АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти томонидан эмбарго айрим жиҳатларини юмшатиш бўйича қилинган чораларга эътибор қаратди.
Бу чоралар 2017 йилдан бошлаб Дональд Трамп маъмуриятининг санкцияларни кучайтиришга қаратилган ҳаракатларидан кескин фарқ қилади. Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда АҚШ илк бор резолюцияга қарши овоз бермай, бетараф қолган эди.
Аммо кейинги йилларда Вашингтон ўзининг аввалги позициясига қайтди.
БМТ АҚШдан Кубага эмбаргони бекор қилишни сўради
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар