date
views 426

Путин ўз рекордини янгилади: унинг салкам 90 фоиз овоз олгани нимани билдиради?

Путин ўз рекордини янгилади: унинг салкам 90 фоиз овоз олгани нимани билдиради?
Владимир Путин Россия Федерацияси тарихидаги энг юқори кўрсаткич – 87,3 фоиз овоз билан бешинчи марта президент лавозимига сайланди. Унинг ғалабасига заррача шубҳа йўқ эди, лекин салкам 90 фоизлик кўрсаткич расмийлаштирилиши бироз кутилмаган ҳолат бўлди.

Путиндан кейинги ўринларда Коммунистик партия лидери Николай Харитонов 4,30 фоиз, “Янги одамлар” партияси номзоди Владислав Даванков 3,83 фоиз, ЛДПР партияси номзоди Леонид Слуцкий 3,21 фоиз овоз олгани айтилди.

Россия тарихида биринчи марта сайловлар уч кун давом этди, 15 мартда бошланиб, 17 март куни тугади. Қолаверса, биринчи марта масофадан туриб электрон овоз бериш ташкиллаштирилди. Маълумотларга кўра, россияликларнинг учдан бири 15 март куни овоз беришган. Бунга уларнинг иш жойларида ташкиллаштирилган овоз бериш жараёни сабабчи бўлган. Яъни иш жойларидаги раҳбарлар ўз ходимларининг сайлов бошланган куннинг ўзида ва “тўғри” овоз беришга йўналтиришган.

Ҳалига қадар ҳеч бир Россия президенти 87 фоиз овоз олмаган эди. Путин РФ раҳбарлигига илк марта 2000 йилда сайланган, ўшанда 53 фоиз овоз олган эди. 2004 йилда 71 фоиз, 2012 йилда 63 фоиз, 2018 йилги сайловда эса 76 фоиз овоз олгани қайд этилган. Шу тариқа, 2024 йилда у Россиянинг ва ўзининг шахсий рекордини янгилади.

Бундай овозлар миқдори Россия сиёсий тизимининг қайси йўлдан кетаётганини англатади?

Дунёда сайловлар ва ундаги овозлар миқдорига қараб, сайлов бўлаётган давлатнинг сиёсий тизими қандай ва қайси томонга қараб кетаётганини билдирувчи қарашлар шаклланиб бўлган. Демократик сиёсий тизимларда, энг обрўли ва халқ ишончидаги сиёсатчилар ҳам биринчи турда жуда борса 50-60 фоиз овоз олишлари мумкин. Баъзан иккинчи тур ҳам бўлади. Агар сиёсатчи 60-75 фоиз овоз олса, демак, бу сиёсий тизимда ҳали сиёсий плюрализм ва сиёсий рақобат анча заиф эканини билдиради. Агар сиёсатчи 90 фоиз атрофида ёки ундан юқори овоз тўплай олса, бу сиёсий монополия борлигини англатади, ва тизим демократик дейилиши имконсиз бўлади.

Сайловларнинг асосий маъноси жуда оддий – эмин-эркин одамлар, эркин жамият ўзи истаганча сиёсий партиялар туза олади ва сайловларда ўзи истаган сиёсий кучларга бемалол овоз беради. Сайловлар эркин, кучли рақобат остида, танқидий руҳда ўтади. Сайлов жараёнида, барча номзодларни рўйхатдан ўтказиш ва уларга тенг ахборот ресурслари кафолатланган бўлади. Фақат шундай шароитлардагина одамлар эркин, онгли ва тўғри танлов қилишлари мумкин. Ҳар қандай бошқа ҳолатларда, сайловлар эркин ва холис бўлмайди.

Сайловлар легитимлигини бузишнинг иккита йирик усули бор. Биринчиси –овозларни сохталаштириш. Бунда одамлар агар “А” номзодга овоз берган бўлса, ташкилотчилар, яширинча шаклда “Б” номзод учун овозларни сайлов қутисига ташлашади. Бу – қўпол ва содда сохталаштириш.

Лекин иккинчи усул анча мураккаб. Бу – сайловчиларни, халқни сурункали ва тизимли манипуляция қилиш ҳисобланади. Бунда нотўғри қарашлар, қўрқув ва манипуляция сайлов кунидан анча олдин инсонларнинг онгига қуйиб қўйилган бўлади. Яъни пропаганда қилинган бўлади.

Путин ҳокимиятга келгач, Россия ахборот машинаси янги йўналишда ишлай бошлади. Шу йўналишнинг ҳосиласи сифатида кейинги икки ўн йилликда мутлақ аксарият россияликлар ўзларини “алданган”, “маҳрум қилинган”, “ютқазган” миллат ва халқ сифатида билади.

Россия пропагандаси рус одамидан қалби жароҳатланган, ғарбга ва умуман ташқи дунёга нафрат ва ишончсизлик билан қарайдиган инсонни шакллантириб улгурди.

Бугун россияликлар учун Путин – ғарб билан тирашиш тимсоли.

Россияликлар хаёлида, ғарб Россия давлатини ва ҳатто оилаларни парчалаш учун ҳаракат қилмоқда. Ғарб билан ягона кураша оладиган сиёсатчи эса, Путин.

Россия пропагандаси шу қадар кучли ишлайдики, бугун ўрта статистик россиялик учун, нафақат америкалик ёки инглиз душман, балки православ грузин ва славян украиналик ҳам катта душман ҳисобланади.

Пропаганда Россияда шундай жамият шакллантирдики, Путиндан қўрқиш, ва айни пайтда, унга ишониш, 65-70 фоиз бўлиб қолаверади.

Хўш, салкам 90 фоизлик овоз билан бошланаётган янги олти йиллик, Россия учун, постсовет ҳудуди учун, нимани англатади? Шу пайтга қадар Россия сиёсий тизими авторитар деб кўрилар эди. 2022 йил февралида Украинага бостириб киргач, Россия жамияти иккига бўлинди. Кремл позициясига қўшилмаган, бошқача фикрлайдиганлар билан кейинги икки йилда кенг кўламли кураш олиб борилди. Бугун Россиянинг ичида очиқ мухолиф ёки танқидий фикрли шахслар, ОАВ қолмади ҳисоб. Барчаси хорижга чиқиб кетди.

Россияда авторитаризмнинг қаттиқ ёки ашаддий даври бошланди. Бу қаттиқ авторитаризм, табиий равишда, постсовет ҳудудига, жумладан Марказий Осиё давлатларига бевосита ва билвосита салбий таъсир қилади. Москвадаги қаттиқ авторитар кайфият, Марказий Осиё ҳокимиятлари учун ҳам яширин таҳдид бўлса, бошқа томондан аҳолимизнинг қарашларини ҳам заҳарлаштиришда давом этади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин ўз рекордини янгилади: унинг салкам 90 фоиз овоз олгани нимани билдиради?