20:08 / 21.04.2024
210

Киев узоқ кутган хушхабар. Конгрессменлар ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Киев узоқ кутган хушхабар. Конгрессменлар ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади
Фото: Reuters
АҚШ Вакиллар палатаси кўп ҳафталик кечикишдан сўнг Украинани қўллашга билвосита ёки бевосита боғлиқ бўлган мақсадлар учун 61 млрд доллар атрофида маблағ ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўпчилик овоз билан маъқуллади. Бу жараён якунланганидан кейин Вашингтон бир неча ойлик узилишдан кейин Киевга ҳарбий таъминотни тиклаши мумкин бўлади.

Қонун лойиҳаси учун демократлар ҳам, республикачилар ҳам овоз беришган: 311 та «ҳа», 112 та «қарши» овоз. Овоз беришда иштирок этган демократларнинг барчаси - 210 киши Украинага ёрдамни маъқуллаган. Республикачилар орасида 101 киши «ҳа» деган, аммо ушбу партиянинг палатадаги вакилларидан ярмидан кўп қисми, 112 нафар конгрессмен, «қарши» овоз берган.

Бюджет сўрови ҳали Сенат томонидан ҳам қайта тасдиқланиши лозим, у ерда Украинага ёрдам тарафдорлари кўпчиликни ташкил этади. Сенатда кўпчиликни ташкил этувчи демократлар етакчиси Чак Шумер ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида сенаторлар «биринчи овоз бериш жараёнини сешанба куни якунлаши»ни маълум қилган. Бу сўнгги овоз бериш бўлмайди, аммо Сенат ҳафта давомида қонун лойиҳасини маъқуллаши кутилмоқда.

Кейин уни имзолаш учун демократ президент Жо Байденга тақдим этишади, у ҳужжат ўзига келиб тушган заҳоти унга имзо чекишни ваъда қилган.

Украинани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жами 60,84 млрд долларлик харажатларни ўз ичига олади, аммо шундан 23,2 млрд доллар Киевга ҳарбий ёрдам етказиб бериш туфайли қисқарган Америка ҳарбий захираларини тўлдиришга, 11,3 млрд доллар эса америкалик ҳарбийларнинг минтақадаги фаолиятини (украин ҳарбий хизматчиларини мамлакатдан ташқарида тайёрлаш ва НАТОнинг шарқий қанотидаги ҳарбийларни ушлаб туриш харажатлари) молиялаштиришга йўналтирилади.

Ўтган ҳафта давомида Politico ва Washington Post нашрлари ёзганидек, Пентагон Украина учун ҳарбий ёрдамнинг катта партиясини олдиндан тайёрлаб қўйган, шунинг учун бюджет узил-кесил тасдиқлангач, ўқ-дорилар «бир ҳафтадан камроқ» вақт ичида украин армиясига етиб боради.

Шунингдек, шанба куни Вакиллар палатаси Исроил ва Тайванга ёрдам пакетлари учун алоҳида овоз берди. Аввалига улар Украинани қўллаб-қувватлаш бюджети учун ягона пакетнинг бир қисми эди, аммо якунда палата спикери уларни ажратишга қарор қилди. Уларни ҳам Сенат қайтадан такрорлаши талаб этилади, шундан кейин президент уларни имзолаши мумкин.

Украина ва Европадаги иттифоқчилар конгрессменларнинг қарорини олқишлашган, Москвада бу янгиликни кутилган қарор деб аташди ва қоралашди.

155-калибрли снарядларнинг металл корпуси Скрэнтондаги заводда (Пенсилвания штати) ишлаб чиқарилмоқда. Бу Жо Байден туғилган шаҳар ҳисобланади. Фото: Reuters
Биринчи жанг Сенатда бўлганди

Украинага ёрдам борасидаги баҳслар Америка Конгрессида қарийб беш ой давом этди.

Ўтган йил охирида Вашингтон Киевга сўнгги ёрдам партияларидан бирини юборганида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Жон Кирби агар Конгресс яқин ҳафталар ичида Украинага ёрдамнинг янги пакетини тасдиқламаса, бунинг учун бюджетда маблағ қолмаслигидан огоҳлантирганди.

Киев ҳарбий етказмаларнинг кўплаб турларини етарли миқдорда фақат АҚШдан олиши мумкин: бу биринчи навбатда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар ҳамда артиллерия снарядлари. Бундай ўқ-дорилар тақчиллиги украин армиясини оғир аҳволга солиб қўйди ва аста-секин чекинишга мажбур қилди, таҳлилчилар эса бир неча марта фронт қулаш арафасида эканидан огоҳлантирди.

Шунга қарамай ёрдам пакети демократлар назоратидаги Сенатдан ўтиши ҳам қийин кечганди. Декабр ойида озчиликни ташкил этувчи республикачилар Байден маъмуриятининг Украина, Исроил ва Тайванга ёрдамни бирлаштирган қонун лойиҳасини блоклаганди.

Унда «украин» моддаси учун энг кўп маблағ ажратилганди — 61 миллиард доллар (бунинг сезиларли қисми Америка арсеналини тўлдириш ва Шарқий Европадаги Америка қўшинларини молиялаштириш учун сарфланиши кўзда тутилганди), қолгани Исроилга ҳарбий ёрдам, Ғазо секторидаги фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами ва Тайванни ҳамда Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги бошқа иттифоқчиларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун.

Конгресснинг ҳар икки палатасидаги республикачилар қонун лойиҳасини қўллаш эвазига Мексика билан чегарада назоратни кучайтиришни талаб қилишди. Феврал ойи бошида Оқ уй ва демократлар ён беришга рози бўлди, собиқ президент Доналд Трамп бундай келишувга қарши чиққач, республикачилар барибир таҳрирланган қонун лойиҳасини ҳам қўллаб-қувватлашмади.

Ўшанда демократлар Сенатда чегара ҳақида ҳеч қандай модда бўлмаган хорижий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокамага киритди ва кўплаб кузатувчиларни ҳайрон қолдирган ҳолда бу лойиҳа осон ўтди, қолаверса, демократлардан ташқари республикачиларнинг қарийб ярми ҳам «ҳа» деб овоз берди. Бундай шаклда ёрдам миқдори 95 млрд долларни ташкил этарди.

Агар АҚШ Украинага ёрдамни етарли миқдорда тикламаса, Россия армияси кейинги ойларда катта ютуқларга эришиши мумкин
Сенатдан ўтган қонун лойиҳаси узоқ вақт Вакиллар палатасида қолиб кетди

Вакиллар палатасида республикачилар нисбатан кўпчиликни ташкил этади, аммо бу ерда ҳам ҳар икки партиянинг кўпчилик вакиллари агар овоз беришгача етиб келса, ушбу қонун лойиҳасини қўллашга тайёрлигини билдиришганди.

Аммо ёрдам пакетига қарши бўлган республикачилар гуруҳи агар қонун лойиҳасини овозга қўйгудек бўлса, палата спикери Майк Жонсонни лавозимидан четлатиш билан таҳдид солишди. Жонсон Жо Байден ва хорижий давлатлар раҳбарларининг унатишларига қарамай, икки ойдан ортиқ вақт давомида ёрдамга қарши гуруҳнинг измига бўйсунди.

Аммо чоршанба куни у позициясини ўзгартириб, оқибатларини ўйламасдан, таомилига кўра иш тутишга қарор қилганини маълум қилди.

Ғазода уруш олиб бораётган Исроил тўғрисидаги қисми туфайли бир гуруҳ демократлар ҳам қонун лойиҳасига овоз беришга қарши чиқишганди.

Якунда спикер Украина, Исроил ва Тайванга ёрдамларни алоҳида қонун лойиҳалари сифатида расмийлаштиришни таклиф этди. Бу ғояни Вакиллар палатасининг қуролли кучлар, ташқи ишлар, разведка, бюджет бўйича қўмиталар ҳамда мудофаа бюджети бўйича қуйи қўмита раислари қўллаб-қувватлади. Кейин президент Байден ҳам Майк Жонсон томонидан киритилган қонун лойиҳаларини қўллашини билдирди.

Консерватив спикернинг демократлар билан алянси

Майк Жонсон Республикачилар партиясининг трампчилар қанотига лояллиги учун 2023 йил октябрида палата спикерига айланганди
Республикачи Майк Жонсонга сайлов ўтказишда демократларнинг овозлари ёрдам берди. Бу ноодатий ҳолат: одатда Вакиллар палатасида кўпроқ вакилга эга бўлган партия палата фаолиятини ташкиллаштириш бўйича барча масалаларни фақат ўз овозлари билан ҳал қилади: кун тартибини, регламентни белгилайди, спикерни ва бошқа расмийларни сайлайди. Палатадаги аъзолари сони кам бўлган партия эса одатда бундай жараёнларда қарши овоз беради.

Аммо Вакиллар палатасида республикачиларнинг демократлардан устунлиги катта эмас: 213 тага қарши 217 овоз устунлиги (яна бешта ўрин ҳозирда вакант). Агар ҳеч бўлмаганда икки нафар республикачи ўз фракцияси билан бирга овоз беришни истамаса, демократлар эса тўлиқ таркибда қарши овоз берса, қарор ўтмайди. Хорижий давлатларга, айниқса Украинага ёрдам кўрсатишга қаршилар республикачилар орасида анча кўпроқ.

Натижада қонун лойиҳаларини овозга қўйиш бўйича процессуал қарор демократлар позициясини ўзгартириши эвазига муваффақиятли қабул қилинди (316 киши ёқлаб овоз берди, фақат 94 киши қарши бўлди). Палата аъзолари бўлган республикачиларнинг бир қисми бу қарорга қарши чиқди. Лекин ўша овоз бериш натижаси шанба кунги овоз бериш натижасига яқин эди.

Украинага ёрдам беришга қарши республикачилар гуруҳи энди спикер Жонсонни алмаштириш билан таҳдид қилмоқда, улардан камида икки нафари очиқчасига унинг истеъфосини қўллашини билдирди. Шунинг ўзи ҳам етарли бўлиши мумкин – агар демократлар яна унга ёрдамга келишмаса.

Реакция: Украина ва Европада енгил тин олишди, Россияда таҳдид солиб, лаънат ўқишмоқда

Американинг узоқ кутилган ёрдами маъқулланиши Киевда мамнуният билан қабул қилинди, АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари ҳам бу ўзгаришни қизғин олқишлашди.

Украина президенти Володимир Зеленский икки партияга ҳамда шахсан спикер Жонсонга миннатдорчилик билдирган.

«Бугун Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган Америка ёрдами тўғрисидаги ушбу муҳим қонун лойиҳаси уруш авж олишига йўл қўймасдан, минг-минглаб одамлар ҳаётини сақлаб қолади ҳамда мамлакатларимиз янада кучлироқ бўлишига ёрдам беради. Адолатли дунё ва хавфсизликка фақат куч орқали эришиш мумкин», — дея ёзган Зеленский X ижтимоий тармоғида.

«Мен ушбу қонун лойиҳаси Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинганини олқишлайман. Бу ҳар икки партия Украинани қўллашда давом этаётганини кўрсатади, — дея ёзган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. — Бу Европадаги иттифоқчилар тақдим этган ўнлаб миллиардлик ёрдам устига жиддий қўшимча бўлади. Жума куни НАТО-Украина кенгаши йиғилишида иттифоқчиларнинг мудофаа вазирлари келгусида ҳам Украинага ёрдам беришга, жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа салоҳиятини оширишга келишиб олганди. Сенатни зудлик билан ҳаракат қилишга ва мазкур қонун лойиҳасини президент Байденга юборишга чақираман».

«АҚШ Вакиллар палатасининг Украина учун 60 млрд доллар атрофидаги ёрдамни қўллаб-қувватлаши — олдинга ташланган жуда муҳим қадамдир, — дея ёзган Буюк Британия ташқи ишлар вазири, лорд Дэвид Кэмерон. — Агар Путин қачондир Ғарбнинг Украинани қўллашдаги қатъийлигига шубҳа қилган бўлса, бу бизнинг коллектив иродамиз сўнмаганини намойиш этади. Қўллаб-қувватлов билан Украина ғалаба қозониши мумкин ва ғалаба қозонади ҳам. #StandWithUkraine».

Москвада Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков «Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилиши ҳақидаги қарор кутилган ва прогноз қилинган қарор бўлгани»ни айтди. «Бу Америка Қўшма Штатларини янада бойитади ва Украинани янада вайрон қилиб, Киев режими айби билан янада кўпроқ украинлар ҳалок бўлишига сабаб бўлади», деган у.

У шунингдек бошқа чоралар қатори АҚШдаги Россия активларини мусодара қилишни назарда тутувчи бошқа бир қонун лойиҳасига ҳам тўхталган. Песковнинг сўзларига кўра, «агар бу чиндан ҳам шундай бўлса, унда Америка бунинг учун жавоб беришига тўғри келади. Ва бу ерда қандайдир вақт чекловлари бўлмайди».

Россия ТИВ матбуот хизмати раҳбари Мария Захарова ҳам шанба куни Вакиллар палатасида қабул қилинган қонун лойиҳаларига муносабат билдирган.

«Қўшма Штатлар томонидан Украина, Исроил ва Тайванга ҳарбий ёрдам ажратилиши глобал инқирозни янада кучайтиради: Киев режимига ҳарбий ёрдам террорчилик фаолиятига тўғридан тўғри ҳомийлик қилиш, Тайванга ёрдам кўрсатилиши — Хитойнинг ички ишларига аралашув, Исроилга ёрдам кўрсатилиши — минтақадаги мисли кўрилмаган кескинлашув кучайишига тўғридан тўғри йўл», — дея ёзган Захарова ўз телеграм-каналида.

РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ҳисобланган Дмитрий Медведев одатдаги каби ҳиссиёт билан фикр билдирган.

«Уларнинг тўйинмаган ҳарбий-саноат комплекси бўғзига тушадиган қонли 61 млрд долларга қарамай, биз, албатта, ғалаба қозонамиз. Куч ва ҳақиқат биз томонда, — дея ёзган Медведев ўз телеграм-каналида. — Аммо бу русофоб қарор туфайли мен АҚШга имкон қадар янги фуқаролик урушини тилайман».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Киев узоқ кутган хушхабар. Конгрессменлар ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади