
Италия чемпионатида иштирок этувчи “Интер” клубининг 27 ёшли иккинчи дарвозабони Хосеп Мартинес билан боғлиқ нохуш хабар Европада катта муҳокамага сабаб бўлди.
La Gazzetta dello Sport нашри маълум қилишича, ҳозирги пайтда Мартинес жуда оғир руҳий ҳолатда, чунки у иштирок этган автоҳалокат фожиали якун билан тугаган.
Маълумотларга кўра, ҳодиса Италиянинг Комо вилоятидаги аҳоли яшайдиган ҳудудда содир бўлган. Футболчи бошқарувидаги автомашина ногиронлар аравасида ҳаракатланаётган 81 ёшли эркак билан тўқнашган.
Тез ёрдам хизмати ва ўзи биринчи бўлиб ёрдамга шошилганига қарамай, фуқаро воқеа жойида вафот этган.
Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, қария ногиронлар аравасида ҳаракатланаётган вақтда саломатлиги кескин ёмонлашган ва шу сабабли йўналишини бирдан ўзгартириб, автомобил йўлига чиқиб кетган. Ҳозирда воқеа сабаблари ва аниқ айбдорлик даражаси бўйича суриштирув олиб борилмоқда.
Ҳодиса ортидан “Интер” клуби расмий равишда ҳозирча изоҳ бермаган бўлса-да, жамоа раҳбарияти Мартинесга психологик ёрдам кўрсатишни бошлагани хабар қилинди.
Хосеп Мартинес Испаниянинг “Барселона” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У профессионал фаолиятини “Лас-Пальмас”да бошлаган, кейинчалик Германиянинг “РБ Лейпциг” ва Италиянинг “Женоа” клубларида ўйнаган.
2024 йили “Интер” маҳоратли дарвозабонни асосий посбон Ян Зоммернинг ёрдамчиси сифатида 14 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олган эди.
Ҳозирда клуб ва унинг мураббийлар штаби футболчи ҳолатини диққат билан кузатмоқда. “Интер” мухлислари эса ижтимоий тармоқларда Мартинесга маънавий қўллаб-қувватлов билдириб, у бундай фожиадан кейин ҳам руҳан тикланишига умид билдиришмоқда.
Шундай қилиб, Итальян футболида сўнгги кунлардаги энг кўп муҳокама қилинган воқеалардан бири айнан Хосеп Мартинес билан боғлиқ бўлиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!