date

Темур Кападзе Индонезияда ишлаши мумкинлигига изоҳ берди

Темур Кападзе Индонезияда ишлаши мумкинлигига изоҳ берди

Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи Темур Кападзе Sport TV телеканалида эфирга узатилган «Гол» кўрсатувида иштирок этиб, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга изоҳ берди.

Маълумки, бир неча хорижий манбалар Темур Кападзе Индонезия терма жамоасини бошқариши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Ушбу мавзуда тўпланиб қолган қизиқиш ва саволларга у қуйидагича муносабат билдирди:

«Охирги пайтларда интернетни очсам, ҳар жойда мен ҳақимда хабарлар чиқмоқда. Индонезия — 300 миллион аҳолига эга катта мусулмон мамлакати экан. Улар футболни жуда яхши кўришаркан. Шу сабаб, менинг номимни уларнинг миллий жамоаси бош мураббийлиги учун тилга олишган.

Индонезиядаги оммавий ахборот воситалари ва телеканаллар бош мураббий лавозимига номзодлар ҳақида ёзмоқда, шулар қаторида мен ҳам бор эканман. Бу, эҳтимол, илгари турли ёшлар термаларидаги фаолиятим ва халқаро мусобақалардаги натижалар билан боғлиқ бўлса керак.

Биз айнан Индонезия устидан ғалаба қозониб, Олимпиада йўлланмасига эга чиққанмиз. Шунингдек, Осиё ўйинларида ҳам уларга қарши ўйнаганмиз. Менимча, шу сабаб уларнинг эътиборини тортганман. Ҳозирда у ердаги мухлислар, журналистлар ва ҳатто менинг ижтимоий саҳифаларим орқали “сизга таклиф тушдими?” деб ёзишяпти», — деди Кападзе.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча Индонезия футбол федерациясидан расмий таклиф келмаган, бироқ шундай қизиқишнинг ўзи катта масъулият ва ҳурмат белгиси сифатида қабул қилинади.

Маълумот учун, Индонезия футбол федерацияси яқинда Патрик Клюйвертни истеъфога чиқарган эди. Шунинг ортидан маҳаллий ва халқаро спорт нашрлари янги бош мураббий сифатида Темур Кападзени эҳтимолий номзодлар рўйхатига киритганини ёзди.

Темур Кападзе эса, ўз навбатида, бу каби хабарларга хотиржамлик билан ёндашиш лозимлигини, асосий эътиборни тажриба, натижа ва миллий футболни ривожлантиришга қаратиш кераклигини таъкидлади.

Шу тариқа, Кападзе ҳозирча Индонезия ҳақидаги миш-мишларни рад этмаган ҳолда, аниқ қарор ҳали қабул қилинмаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, спортда ҳамма нарса вақт билан аниқ бўлади — асосийси, профессионал ёндашув ва юрт шарафини ҳар доим юқорида тутиш.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Темур Кападзе Индонезияда ишлаши мумкинлигига изоҳ берди