
Ҳиндистон пойтахти Деҳлида экологик вазият яна ёмонлашди — ҳаво ифлосланиши "соғлиқ учун хавфли" даражага етди. Бу ҳақда The Indian Express хабарида маълум қилинган.
Маҳаллий аҳолининг нафас олиши оғирлашган, кўпгина болалар ва кексалар нафас йўллари билан боғлиқ касалликлардан шикоят қилмоқда. Ҳаво туман ва чанг билан тўлиб, шаҳар кўчаларида кўриш масофаси кескин пасайган. Айниқса, "Дивали" байрамида оммавий тарзда петардалар ёқилиши ифлосланиш даражасини янада оширди, деб ёзади манба.
Деҳли бош вазири Реха Гупта вазиятни юмшатиш учун янги технология — сунъий ёмғир ёғдириш усулини ишга тушириш режаси ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, булутларни уруғлаш бўйича тайёргарлик ишлари якунига етган ва синов парвозлари ҳам амалга оширилган.
"Биз ҳаво сифатини яхшилашнинг инновацион усулларини қидиряпмиз. Сунъий ёмғир технологияси орқали ҳаводаги зарарли заррачаларни пастга тушириш мумкин бўлади. Агар об-ҳаво шароити имкон берса, 28–30 октябрь кунлари илк тўлиқ синовни ўтказамиз", — деди Гупта.
Маълумотларга кўра, илк тажриба парвози Какра ва Бурари ҳудудлари орасида бўлиб ўтган ва тўрт соат давом этган. Бу жараёнда самолётлар ёрдамида булутларга кумуш йодид ҳамда натрий хлориди сепилган. Бу моддалар сув томчилари конденсациясини кучайтириб, йирикроқ томчилар ҳосил қилади ва ёғингарчиликни чақиради.
Экология вазири Манджиндер Сингҳ Сирса эса тушунтиришича, технологиянинг амалга ошиши учун осмонда табиий булутлар бўлиши зарур. "Булутларсиз уруғлаш мумкин эмас. Аввало, булут ҳосил бўлиши лозим, шундагина ёғингарчиликни чақириб олиш мумкин бўлади", — деди у.
Сунъий ёмғир (cloud seeding) технологияси дунёда илк бор АҚШда 1946 йилда синаб кўрилган. Кейинчалик у Австралия, Хитой ва БААда кенг қўлланилиб, ҳаво тозалаш ва қуруқликка қарши курашда самарали усул сифатида тан олинган.
Деҳли ҳукумати эса бу технология орқали нафақат ҳавони тозалаш, балки аҳолининг соғлигини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни яхшилаш ҳамда экологик мувозанатни тиклашни мақсад қилган.
Ҳозирча синов натижалари эълон қилинмаган, бироқ мутахассислар агар жараён муваффақиятли ўтса, бу Ҳиндистоннинг энг катта экологик муаммосига вақтинчалик бўлса ҳам енгиллик бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!