
Иқтисодиёт соҳасида Нобел мукофотига сазовор бўлган профессор Клаудия Голдин дунё бўйлаб туғилиш даражаси пасайишига сабаб бўлган омилларни кенг қамровли тадқиқотда таҳлил қилди. Унинг фикрича, бу жараённинг асосий сабаби — аёлларнинг мустақиллиги ортиши ва жамиятда уларнинг роли ўзгариши билан боғлиқ.
Таълим олиш имкониятлари, касбий ўсиш ва репродуктив назорат воситалари кенгайиши натижасида аёллар фаолият соҳаларида эркин ҳаракат қила бошлади. Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш ва туғилиш даражаси ўртасидаги илгариги боғлиқлик ҳам ўзгариб кетган. Масалан, Швеция ва АҚШ каби ривожланган мамлакатларда туғилиш даражаси Греция ёки Жанубий Кореяга нисбатан юқорироқ.
Ҳозирги кунда дунё мамлакатларининг ярмидан кўпида туғилиш коэффициенти аҳолини тиклаш даражаси — яъни ҳар бир аёлга 2,1 бола тўғри келадиган меъёрдан паст. Бу давлатларда жаҳон аҳолисининг қарийб учдан икки қисми истиқомат қилади.
Голдин таъкидлаганидек, асосий муаммо — уй вазифаларини тақсимлашдаги тенгсизлик ва эр-хотинлар ўртасидаги ментал фарқларда. Эркаклар кўпинча анъанавий ролларни сақлаб қолишни хоҳлайди, аёллар эса иш ва оила мажбуриятларини тенг бўлишга тайёр шерикларни излайди.
Бундай номувофиқлик айниқса Япония, Жанубий Корея, Италия, Испания ва Греция каби Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тез иқтисодий ўсишни бошидан кечирган мамлакатларда сезиларли. Бу давлатларда аёллар уй юмушлари ва бола парваришига кунига ўртача 3 соатдан ортиқ вақт сарфлайди. Шу боис уларда туғилиш даражаси ҳам дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири.
Таъққослаш учун: Швеция ва Данияда бу фарқ бир соатдан кам, натижада бу давлатларда туғилиш юқорироқ. Бу эса ижтимоий тенглик ва оилавий масъулиятнинг аҳамиятини яққол кўрсатади.
Тадқиқот, шунингдек, АҚШдаги олий маълумотли аёллар орасида туғилиш пасайиши 1970-йиллардаёқ бошланганини кўрсатди. Масалан, 1950 йилда туғилган аёллар орасида ҳар бирига тўғри келган болалар сони ўртача 1,64 гача камайган.
Голдиннинг хулосасига кўра, туғилишнинг пастлиги «таркибий тўсиқлар» — яъни бола парвариши бўйича давлат кафолатларининг йўқлиги ва уй вазифаларини эр-хотинлар ўртасида адолатли тақсимланмаслиги билан боғлиқ.
Олим таъкидлайдики, агар давлат бола парвариши, таътил ва меҳнатдаги тенглик бўйича етарли кафолатларни яратса, бу аёлларнинг иш фаоллигини пасайтирмасдан, аксинча, туғилишнинг ўсишига ҳам туртки бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, Голдиннинг фикрига кўра, XXI асрда туғилиш муаммоси иқтисодий ёки биологик омиллардан кўра кўпроқ ижтимоий-структуравий ва гендер тенглиги муаммосига айланди.