
Германияда парранда гриппи эпидемияси авж олмоқда — расмий маълумотларга кўра, касаллик тарқалишини чеклаш мақсадида ярим миллиондан ортиқ қуш нобуд этилди. Сентябрь ойининг бошидан буён мамлакатдаги паррандачилик корхоналарида 31 та янги касаллик ўчоғи аниқланган. Ҳукумат ва ветеринар хизматлари қатъий чоралар кўраётганига қарамай, вирус жуда тез ёйилмоқда.
Фридрих Лёффлер институти вакили таъкидлашича, вазият шиддат билан ўзгармоқда ва “ҳозирги рақамлар фақат бир лаҳзали кўринишни акс эттиради”. Бу, касаллик ҳали тўлиқ назорат остига олинмаганини англатади.
FLI (эпидемияларни назорат қилишга масъул институт) маълумотларига кўра, парранда гриппи ўчоқларининг асосий қисми Қуйи Саксонияда (8 та ҳолат) аниқланган. Шунингдек, Бранденбург ва Мекленбург ҳудудларида ҳам бир нечта ҳолат қайд этилган. Вирус Тюрингия, Шлезвиг-Голштейн, Шимолий Рейн-Вестфалия, Баден-Вюртемберг ва Баварияда ҳам тарқала бошлаган.
Қанча қуш касалликдан зарар кўргани аниқ ҳисобланмаган бўлса-да, айрим ҳисоб-китобларга кўра, фақат Бранденбургнинг ўзида 1,5 мингдан ортиқ турна парранда гриппидан ҳалок бўлган бўлиши мумкин.
Парранда гриппи одатда инсонлар учун хавфли бўлмаса-да, қишлоқ хўжалиги соҳасига катта иқтисодий зарар етказади. Бавария паррандачилик хўжаликлари уюшмаси раиси Роберт Шмакнинг таъкидлашича, эпидемия фонида тухум нархи ошиши, дўконларда парранда маҳсулотлари ассортименти қисқариши мумкин.
Германия паррандачилик саноати марказий бирлашмаси (ZDG) ҳам аҳволга жиддий баҳо берган. Бирлашма президенти Ханс-Питер Голдник 27 октябрь куни федерал ҳукуматни вирус тарқалишини тўхтатиш учун барча қушларни ёпиқ биноларда сақлашни мажбурий тарзда жорий этишга чақирган.
Мутахассислар фикрича, агар эпидемия назоратсиз давом этса, мамлакатда тухум ва парранда гўшти етишмовчилиги юзага келиши, бу эса нархларнинг кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирча эпидемиологик хизматлар касалликни чеклаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!