
Фото: akorda.kz
Сингапурга давлат ташрифи билан борган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 1980-йиллардан буён Юсуф Исҳоқ институти томонидан ташкиллаштириб келинаётган «Сингапур маърузалари»да чиқиш қилган. Тўқаев глобал хавфсизликни таъминлашда «ўртача қудратли» давлатларнинг ролига муносабатини билдириб, дунё давлатларини ядровий арсеналлардан воз кечишни давом эттиришга чақирган.
Тўқаевнинг қайд этишича, Сингапур унинг таржимаи ҳолида алоҳида из қолдирган.
«Мен бу ерда бир неча ўн йиллар аввал ёш дипломат бўлиб ишлаганман ва яна қайтиб келганимдан жуда хурсандман. <…> Узоқни кўра биладиган асосчи ота Ли Куанг Ю томонидан бошлаб берилган Сингапурдаги етук иқтисодий ўзгаришлар муваффақиятли давлат қурилиши ва иқтисодий ўсишнинг яққол мисоли бўла олди. Сизнинг давлатингиз Қозоғистонни тараққиёт ва фаровонлик сари ўз йўлини танлашда илҳомлантириб келади», — деган Тўқаев.
Қозоғистон президенти, шунингдек, халқаро ҳамжамиятини барча фикрларни инобатга олиш инклюзивлик принципларига асосланган халқаро бошқарувга ёндашув ҳақида ўйлаб кўришга чорлаган. Тўқаев бу принципнинг критик хатарлар, жумладан ядровий хатарларни енгиб ўтишда муҳим эканлигини қайд этиб, Қозоғистоннинг негатив тажрибасига ишора қилган.
«Ҳеч кимга сир эмаски, шлобал бошқарув тизимида йирик нуқсонлар кўзга ташланмоқда. COVID-19 мамлакатлар умумий муаммоларни ҳал этиш учун «деворлар эмас, кўприклар қуриши» муҳим эканини амалда исботлади. Ҳозир энг вайронкор муаммолардан бири — ядровий таҳдид бўлиб турибди. Қозоғистон ядровий синовлардан жиддий жабр кўрган, шу сабабли биз ядровий арсеналлардан холи дунё учун курашимизни давом эттирамиз», — деган Қозоғистон етакчиси.
Тўқаев Боку ва Ереван ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни, Эроннинг ядровий дастуридаги иштирок ва Суриядаги уруш бўйича Остона жараёнини халқаро ҳамкорликнинг муваффақиятли мисоллари сифатида ёдга олган.
Қозоғистон президенти Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий истиқболи бўйича ҳам оптимистик фикр билдирган.
«Барча етакчи қудратли давлатлар билан тинч алоқаларни сақлаётган Марказий Осиё давлатлари улкан имкониятларга эга бўлиб турибди. Ёш ва ғайратли аҳоли, ўсиб бораётган ўрта синф, бой табиий ва қишлоқ хўжалиги ресурслари, транзит салоҳияти ўсиш учун мустаҳкам асос яратмоқда. Минтақа иқтисодиёти динамик тарзда ўсиб борар экан, у стратегик аҳамиятга эга бўлиб бораверади», — дея сўзларини якунлаган Тўқаев. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг