
Фото: SERGEI BOBYLEV/POOL/TASS
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Путин билан кўплаб мавзуларда музокара ўтказиш учун Москвага борди. Аммо унинг ташрифидаги аксар тафсилотлар эълон қилинмади.
У Путин билан жиддий масалаларни муҳокама қилиши айтилганди. Хусусан, Хитой билан муносабатлар, рус нефти ва қуроллари импорти масалаларигача. Ташриф давомида Моди Путиндан олий даражадаги мукофот қабул қилиб олди ва Украинага қарши урушга бориб қолган ҳиндистонликларни уйга қайтариш бўйича келишувга эришди.
Ҳиндистон етакчиси икки кун давомида Москвада бўлди. У учрашувлар вақтида Путинга «қадрдон дўстим», «жаноби олийлари» деб мурожаат қилди. Путин ҳам Модини «қадрдон дўстим» деб атади ва уни авлиё Андрей Первозванний олий ордени билан мукофотлади. Бу мукофот камдан кам хорижий давлат раҳбарларига топширилган. Масалан, Ҳайдар Алиев, Нурсултон Назарбоев ва Си Жинпингга.
Бу Моди бош вазирликка қайта сайланганидан кейинги илк хорижий сафари бўлгани билан ҳам аҳамияти. У учинчи марта бош вазир курсисига ўтирди. Ҳиндистонни бунчалик кўп муддат фақат мустақил Ҳиндистоннинг илк бош вазири Жаваҳарлал Неру бошқарган.
Учрашувнинг ОАВ учун очиқ қисми бошида бешинчи марта президент бўлган Путин ва учинчи марта бош вазир бўлган Моди бир-бирини сайловдаги «ажойиб ғалаба» билан қутлади. Ҳашаматли ясатилган хонада суҳбатлашган Путин ва Моди икки давлат ўртасидаги алоқалар мустаҳкамлангани, бундан кейин ҳам мустаҳкамланишини айтишди.
Расмиятчилик учун бўлган бу гаплар чинакам кенг қамровли учрашувлар олдидан айтилди. Ҳинд нашрлари Модининг Москвага ташрифи ҳақида анонс эълон қилишганди. Унга кўра, Ҳиндистоннинг узоқ йиллик етакчиси Россия билан савдо, инвестиция, энергетика ва ҳарбий саноат масалалари бўйича ҳамкорликни муҳокама қилишни режалаштирган.
Аммо учрашувнинг аксар қисми ёпиқ тарзда ўтказилган, улар ҳақида жуда қисқа маълумот берилган. Масалан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масаласида фақат «Росатом» Ҳиндистонда олтита АЭС қуриш таклифини билдиргани рост. Учрашув якунлари бўйича матбуот анжумани ҳам ўтказилмади.
Путиннинг «қадрдон дўсти» Моди очиқ учрашув вақтида уруш ҳақида ҳам қисқагина гапирди ва табиийки уни бошлаган Россияга қарши ҳеч нарса демади: «Урушда бегуноҳ одамлар ўлса, ҳар қандай инсон оғриқ ҳис қилади. Можаро уруш билан эмас, тинчлик келишувлари билан ҳал бўлиши керак деб ҳисоблаймиз», деди Моди.
Ҳиндистон бош вазирининг бу гаплари аввалроқ унинг манзилига танқидий фикр билдирган Украина президенти Володимир Зеленскийга жавоб ўлароқ янгради. «Дунёдаги йирик демократик давлат етакчиси сайёрадаги энг қонхўр жиноятчини қучоқлаётганини қўриш – тинчлик жараёни учун жиддий зарба ва ачинарли ҳолдир», деб ёзганди Зеленский X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Чунки бу учрашув Россия Украинадаги энг йирик болалар касалхонасига стратегик ракета билан ҳужум қилгани фонида амалга ошаётганди. Россиянинг 8 июл кунги зарбалари оқибатида бутун Украина бўйлаб камида 41 киши ҳалок бўлди ва 170 дан ортиқ киши жароҳатланди.

GAVRIIL GRIGOROV/RUSSIAN PRESIDENTIAL PRESS AND INFORMATION OFFICE/TASS
Россия, АҚШ ва Хитой ўртасида
Россия ва Ҳиндистоннинг муносабатлари анча олисга бориб тақалади. Ва бу муносабат Пекин, Вашингтон ва Исломобод ўртасидаги мураккаб майдонда шакллангани билан ҳам аҳамиятли. Ҳиндларнинг Economic Times нашри ташриф арафасида мамлакат XX аср ўрталарида танланган қўшилмаслик сиёсатида собит эканини эслатди.
Bloomberg ҳиндлар доим ҳам бу балансни ушлаб тура олмайди деб ҳисобламоқда. «Ҳиндистон Россия ва АҚШ ўртасида тортилган таранг арқон ўртасида мувозанатни сақлашга мажбур», деб ёзади газета икки давлат муносабатлари ҳақида. Бир сўз билан айтганда, Ҳиндистон АҚШ билан муносабатларини мустаҳкамлаб бораверади, аммо совет даврига бориб тақаладиган Россия билан стратегик муносабатлардан ҳам воз кечмайди.
1971 йил бу томонлар учун синовли келганди. Ўшанда Ҳиндистон ва Покистон учинчи марта тўқнашади. СССР Ҳиндистонни, АҚШ Покистонни қўллайди. Кейинчалик Россия Ҳиндистонни дипломатик мавзуларда ҳам қўллаб-қувватлайди. Масалан, охирги 70 йилда Россия вето ҳуқуқидан фойдаланиб БМТнинг Ҳиндистон ва Покистон борасидаги Ню Деҳлига номақбул резолюцияларига беш марта вето қўйган.
Энди эса Ҳиндистон Россиянинг Украинага босқинини қоралай олмаяпти, Москва қораланган БМТ резолюцияларига эса овоз бермаяпти. Ҳиндистон делегацияси Украина ташкиллаштирган Швейцариядаги тинчлик саммитида қатнашди, аммо унга Россия таклиф қилинмагани сабаб якуний ҳужжатга имзо қўйилмади.
Охирги вақтларда икки томон муносабатларида янги мураккаблик юзага келмоқда. Россия Украинага босқин бошлагач, Хитой билан алоқаларни янада мустаҳкамлади. Ҳиндистон эса Хитойни ўзининг минтақадаги асосий рақиби деб билади. Путин Остонада Си Жинпинг билан учрашув вақтида Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар айни дамда энг яхши ҳолатга чиққанини айтди.
Лондон Қироллик коллежи профессори Кристоф Жафрелонинг фикрича, Модининг Москвага ташрифи Россиянинг Хитой билан яқинлашуви учун компенсация ўлароқ хизмат қилади.
«Ҳиндистон Россияга манёвр қилиш учун бўшлиқ бермоқчи. Унда Россияни «Пекин чангалидан» тортиб олиш учун етарли ресурслар йўқ, аммо Россия ҳамма тухумларни Хитойнинг саватчасига солмаслиги учун қўлидан келганини қилади», дейди BBC билан суҳбатда Карнеги маркази хитойшуноси Александр Габуев.
Ўз навбатида, Москва глобал жанубнинг етакчи вакили бўлмиш Ҳиндистон билан муносабатлари ёмонлашувини ҳам истамайди. Ахир Россия «АҚШ гегемонлигига қарши курашиши учун» глобал жанубга муҳтож-да.
Моди ва Путиннинг учрашуви НАТОнинг Вашингтондаги юбилей саммити билан бир вақтга тўғри келди. Аммо бу шунчаки кутилмаган ҳолат, чунки Москвадаги учрашув «сиёсатчиларинг зич тақвими сабаб» анча аввал режалаштирилган.

Путин ва Моди Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги 21-саммитда, 2021 йил. Фото: EPA
Уруш Ҳиндистон ва Россия алоқаларига қандай таъсир қилди?
Уруш бошлангач, Ғарб Россиянинг нефт ва газ савдосидан келаётган даромадларини камайтириш учун қатор санкциялар жорий этди. Ҳиндистон Россиядан жуда кўп миқдорда нефт сотиб ола бошлади. Урушнинг дастлабки икки йилида Россия санкция сабаб чегирма билан сотаётган нефт экспортида Ҳиндистоннинг улуши 0 дан 40 фоизгача ошди. Бу ҳақда 2023 йил охирида Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак айтган. Ҳиндистон Хитойдан кейин рус нефтининг иккинчи энг йирик харидорига айланди.
Натижада Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси кескин ошиб, 2023-2024 йилларда 65 миллиард долларга етади. Бу савдо айланмасининг 85 фоизи эса Россия нефти экспортига тўғри келади.
Аммо икки давлат савдо айланмаси янада ошишига иккита нарса халақит беради. Биринчидан, рус нефти импорти АҚШнинг иккиламчи санкцияларига тушиш хавфини оширарди. Оқибатда ҳинд компаниялари санкция остига тушган Россия компаниялари танкерларидан нефт олишдан қоча бошлади.
Бу муаммолар томонлар ўртасидаги нефт шартномалари узайтирилишига қаршилик қилмайди. Reuters'га кўра, бир ой аввал Ҳиндистоннинг йирик Reliance нефт компанияси Россиянинг «Роснефт» корхонаси билан «қора олтин» етказиб беришда рублдан фойдаланиш бўйича келишув имзолаган.
Валюта томонлар савдо айланмасидаги яна бир жиддий муаммо. Россия санкция сабаб долларда савдо қилолмайди. Шу сабаб ҳинд ва рус компаниялари ўзаро Хитой юани ва БАА дирҳами каби экзотик валюталарда савдо қила бошлашди. Шунингдек, ҳинд рупиясини мамлакатдан чиқариш ҳам муаммога айланган. Баъзи нашрлар шунчаки икки давлат раҳбарлари рупияда савдо қилишга келиша олмаганини ёзган. Бу борадаги музокаралар ҳақида эса расман хабар берилмаган.

Гипертовушли BrahMos қанотли ракеталари — Ҳиндистон ва Россия мутахасислари ишланмаси — 2022 йил октябрида Ҳиндистондаги Defense Expo қуроллар кўргазмасида. Фото: AFP
Россия қуроллари
Томонлар муносабатларида асосий ўринларни эгаллаб келган рус қуроллари экспорти эса уруш сабаб оқсай бошлади. Ҳиндистон дунёдаги энг йирик қурол импорт қилувчи давлат ҳисобланади. Ҳиндлар энг кўп Россиядан қурол олади. Аммо уруш бошлангач, Россиянинг Ҳиндистонга қурол-яроғ экспорти икки бараварга камайиб кетди. Урушгача ҳиндлар 76 фоиз қуролни руслардан олган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 36 фоизгача тушди. Шу боис, Франция ҳиндларнинг асосий қурол сотиб олувчи давлатига айланиш арафасида турибди.
Ҳиндистон қурол-яроғ импортида бир давлатга боғланиб қолишни истамайди ва тармоқни диверсификация қилишни истайди. Аммо бу осон иш эмас. Ўз навбатида, Россия ҳозир бировга ёппасига қурол сотадиган аҳволда эмас, ўзи Украинага қарши уруш бошлаб қўйган.
Уруш сабаб Ҳиндистон ва Россия ўртасида имзоланган баъзи келишувлар бажарилмай қолди. Масалан, 2018 йилда томонлар кейинги 5 йил ичида 5 та С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб бериш бўйича келишув имзолаган, аммо ҳозиргача ҳиндларга бундай комплекслардан фақат 3 таси етиб келган.
Украинада урушаётган ҳиндлар
Россиянинг Украинага босқинида ҳиндистонликлар ҳам қатнашаётгани ҳақида ОАВда ёритилганди. Модининг ташрифи доирасида гўёки алдов йўли билан урушга олиб кетилган ҳиндларни ортга қайтариш мавзуси ҳам муҳокама қилиниши айтилганди.
2024 йил март ойида Ҳиндистон махсус кучлари одам савдоси билан шуғулланган гуруҳ фаолиятини аниқлагани ҳақида маълум қилганди. Идора иддаосига кўра, бу ташкилотлар ҳиндларни юқори ҳақ тўланадиган иш ёки университетга ўқишга деб алдаб Украинадаги урушга олиб кетган. Шу тариқа ҳиндлар фронтга тушиб қолган.
BBC алдаб урушга олиб кетилган ва уйга қайтишга муваффақ бўлган икки ҳинд ҳақида мақола эълон қилганди. Улардан бири 23 ёшли балиқчи Давид Мутҳаппан Россияга 204 минг рубл ойлик маош ваъда қилинган қўриқчилик ишига кетяпман деб ўйлаган, аммо Донецкдаги жанг майдонига тушиб қолган. Яна бир Себастян исмли балиқчи Лисичанск яқинидаги жанг майдонига ташланиб, оғир ярадор бўлган.
Себастяннинг айтишича, рус тилида шартнома имзолаган, аммо уни тушунмаган ва нимага қўл қўйганини билмаган. Ўртакаш ундан телефони ва паспортини олиб қўйган. Икки балиқчи Москвадаги Ҳиндистон элчихонаси билан боғланганидан кейин уйга қайта олган.
2024 йил баҳорида Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги бу икки балиқчи каби ҳолатга тушиб қолган ҳиндлар тақдири қаттиқ хавотир уйғотаётгани, дипломатик идоралар бундай ҳиндларга Россия Мудофаа вазирлиги билан тузилган шартномани муддатидан аввал бекор қилишга уринаётгани ҳақида баёнот берганди. Ҳиндистон ТИВ барча фуқароларини ҳарбий можарода қатнашишдан сақланишга чақирганди.
ОАВга кўра, Россиянинг Украинага қарши босқинида Ҳиндистоннинг камида 100 нафар фуқароси қатнашган. Уларнинг икки нафари жанг майдонида ҳалок бўлгани маълум. Бундай ҳиндларни ортга қайтариш масаласи Моди ва Путин ўртасидаги музокараларда нима билан тугаши аниқ масалалардан бири. Россия томони Ҳиндистонга фронтдаги барча ҳиндларни ортга қайтариш бўйича ваъда берган. Уларнинг камида 10 нафари аллақачон уйига қайтиб кетган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар