date

Ўзбекистоннинг қайси уруғ навлари “Қиёмат куни омбори”га киритилди ?

Ўзбекистоннинг қайси уруғ навлари “Қиёмат куни омбори”га киритилди ?
Ўзбекистоннинг қадимий ва маҳаллий экинларга оид уруғ намуналари Норвегиянинг Свалбард оролида жойлашган Бутунжаҳон Уруғ Сақлаш Генбанки — машҳур “Қиёмат куни омбори”га топширилди.

Бу марказ дунёдаги энг йирик ва энг хавфсиз уруғ сақлаш маскани ҳисобланади. Свалбарддаги -18°С ҳароратли омбор Арктика музликлари бағрида жойлашган бўлиб, ҳозирда 1,1 миллиондан ортиқ уруғ намунасини ўзида сақламоқда.

Ўзбекистондан топширилган коллекция қовун, тарвуз, помидор, қалампир, бақлажон, сабзи, пиёз ва буғдойнинг 20 дан ортиқ маҳаллий навларини ўз ичига олади. Айниқса, буғдойнинг “Қайроқтош” нави — ўзбек деҳқончилик тарихининг ноёб намунаси сифатида алоҳида эътироф этилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти вакиллари бу ташаббусни миллий генетик меросни асраб-авайлаш ва глобал озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳолади.

“Бу нафақат Ўзбекистоннинг деҳқончилик маданиятига бўлган ҳурмат, балки инсоният учун умумий ресурсни сақлаб қолиш масъулиятининг ифодасидир,” — дейилади расмий баёнотда.

Свалбард омбори “сўнгги захира” сифатида дунёдаги барча генбанклар учун хизмат қилади. Бу тизим урушлар, табиий офатлар ёки глобал инқирозлар туфайли уруғ турларининг бутунлай йўқолиб кетиш хавфини камайтиришга қаратилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистоннинг қайси уруғ навлари “Қиёмат куни омбори”га киритилди ?