
Ижтимоий тармоқларда “Танқид учун жарима ундирилиши қонунийми?” деган мурожаат кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мурожаатда “Golden House” қурилиш компанияси истеъмолчилар билан тузган шартномаларда ноқонуний жарима шартларини белгилагани ҳақида сўз борган.
Мурожаатга кўра, компания билан тузилган шартномаларда агар мижоз ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, қурувчи тўланган сумманинг 10 фоизини жарима сифатида ушлаб қолиш ҳуқуқига эга бўлгани аниқланган. Яна ҳам эътиборлиси — агар мижоз қурилиш компанияси фаолиятидан норозилик билдириб ОАВ ёки тегишли идораларга мурожаат қилса, унга нисбатан яна 10 фоизлик жарима қўлланиши назарда тутилган.
Рақобат қўмитаси ўтказган ўрганишлар натижасида бу ҳолат истеъмолчи ҳуқуқларини кескин чекловчи шарт сифатида эътироф этилди.
“Бундай бандлар Ўзбекистон Республикасининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаъги Қонунининг 4, 6, 21 ва 23-моддалари талабларига зид,” — дейилади қўмита баёнотида.
Натижада “Golden House Property Grup” MCHJ'га қонун бузилишларини ихтиёрий равишда бартараф этиш бўйича расмий кўрсатма берилди.
Рақобат қўмитаси шунингдек, барча тадбиркорлик субъектларига эслатма берди — улар рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунларга қатъий амал қилиши шарт.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 