09:23 / 06.08.2024
233

Қамоқхонадаги Имрон Хон ҳамон Покистон сиёсатида устуворлик қилмоқда

Қамоқхонадаги Имрон Хон ҳамон Покистон сиёсатида устуворлик қилмоқда
Имрон Хон ва унинг рафиқаси Бушра Биби яқин орада озод этилишига бирор белги йўқ. Фото: Getty images
Покистоннинг бош вазири Имрон Хон бир йилдирки қамоқхонада қолмоқда, бироқ мамлакат сиёсий ҳаётида шундай онлар ҳам бўлмоқдаки, гўёки у қамоқда эмасдек таъсир ўтказмоқда.

Гарчи қамоқда бўлса ҳам, Имрон Хон аввалгидек Покистондаги мухолиф сиёсатнинг етакчи кучи ҳисобланади; унинг номи газета сарлавҳалари ва суд мажлисларида мудом янграб турибди. Тарафдорлари эса ижтимоий тармоқларда тиним билгани йўқ.

У омма олдида кўриниш беролмаётган бўлса-да, у билан доимий кўришиш ҳуқуқига эгалар – адвокатлар ва оила аъзолари унинг ташқи дунёга мурожаатларини етказувчилар бўлиб турибди. Имрон Хон панжара ортидаги 365 кун уни aсло синдира олмаганини ўшалар орқали халққа етказмоқда.

Унда ҳамон совуққонлик бор, – дейди унинг синглиси Олима Хоним. – Унинг бирор эҳтиёжи ёки истаги йўқ. Фақат иш”.

Имрон Хоннинг ҳузурига кириб чиқаётганларнинг сўзларига кўра, у кунни велотренажёрда ўтказади, кўп китоб ўқийди ва мулоҳаза юритиш билан машғул бўлади. Кунига бир соат қамоқхона ҳовлисида сайр қилади. Айрим вақтларда оила аъзолари унга янги китобни қанча муддатда етказиши мумкинлиги борасида мунозаралар келиб чиққан.

У қамоқхонадаги бирор дақиқасини бекорга сарфлашни истамайди, бу унга янада кўпроқ билим олиш учун имконият эканини айтган”, — деган Олима Хоним BBCʼга берган интервюсида.

Лекин факт фактлигича қолади: жаноб Хон ва унинг рафиқаси Бушра Биби ҳамон қамоқхонада қолмоқда ва яқин орада уларнинг озод бўлишига бирор белги йўқ.

Айримларнинг фикрича, бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ.

Имрон Хон тўрт йил давомида Покистон бош вазири бўлган. Фото: Reuters
Ҳеч ким жаноб Хон қамоқхонадан эртароқ озод бўлиш учун нимадир қилишини кутгани йўқ”, — деган Вашингтондаги Wilson Centre таҳлилий марказининг Жанубий Осиё институти директори Майкл Кугелман.

Ҳарбийлар Покистондаги парда ортидаги кучли ўйинчилар бўлиб, “улар қамоққа тиқишни маъқул кўрадиган сиёсий фигура мавжуд бўлса, қўл қовуштириб ўтиришмайди, — деган Кугелман. — Бу айниқса Имрон Хонга тааллуқли”.

Чиндан ҳам, сўнгги ўн йилликлар мобайнида армия Имрон Хоннинг ҳаётидаги кўплаб қалқишлар ва инишлар учун асосий калит бўлган. Кўплаб таҳлилчиларнинг фикрича, унинг аввал бошдан айнан ҳарбий элита билан яқин муносабатлари ҳокимият тепасига келишида муҳим рол ўйнаган.

Бироқ ўтган йилнинг 9 майига келиб буларнинг барчаси барбод бўлди. 2022 йилда ишончсизлик вотуми натижасида ҳокимиятдан четлаштирилган Имрон Хон ҳибсга олинди, унинг тарафдорлари эса намойишларга чиқишди.

Бу намойишларнинг айримлари муштумзўрликка айланиб кетди, ҳарбий биноларга ҳужумлар уюштирилди, жумладан Лоҳурдаги энг юқори мартабали армия мулозимининг расмий қароргоҳи таламон қилиниб, ёқиб юборилди.

BBC манбаларига кўра, шундан сўнг Покистон медиакомпанияларига Имрон Хоннинг суратини кўрсатиш, номини тилга олиш ва овозини эшиттириш тақиқланган.

Имрон Хон ҳибсдан озод қилинди, лекин бу вақтинчалик экани маълум бўлди.

5 август куни у давлат совғаларини нотўғри декларация қилгани учун яна қамоққа олинди, бироқ бу кўргиликларнинг бошланиши эди.

Имрон Хон ва унинг рафиқасини озод қилиш талаб қилинган оммавий намойишлар бўлиб ўтди.
Сайловлар арафасида унга нисбатан очилган ишлар сони ошди; феврал ойининг бошига — овоз бериш санасига саноқли кунлар қолганда 71 ёшли Имрон Хон учта узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди, уларнинг сўнггиси 14 йилга озодликдан маҳрум қилиш.

Сайловларгача Имрон Хоннинг PTI партиясининг кўплаб номзодлари ё қамоқхонада, ё яшириниб юрганди, партия эса ўзининг таниқли рамзи — крикет таёғидан айрилди. Бу аҳолининг саводхонлиги 58 фоиз бўлган давлат учун жуда муҳим символ эди.

Шунга қарамасдан, “биз қатъиятга тўла эдик ва баёнот билан чиқишни истардик”, — деган Имрон Хоннинг адвокати ва сайловлардаги номзод Салмон Акром Ража.

Бу ишларнинг барчаси чекланган эди, кўпчилик умуман тарғибот билан шуғуллана олмаётган эди. Крикет рамзининг йўқотилиши мутлақо вайрон қилувчи зарба бўлди”, — деган адвокат.

Барча номзодлар сайловда мустақил номзодлар сифатида қатнашган, ҳаттоки партия ичидаги гуруҳлар ҳам катта эмасди.

Бироқ Имрон Хон томонидан қўлланаётган номзодлар бошқаларга нисбатан кўпроқ жой эгаллади ва уларнинг сиёсий рақиблари уларни блоклаш учун алянс тузишга мажбур бўлди. Бу орада PTI йўқотилган ўринларнинг кўпчилиги учун натижалар сохталаштирилган, деган важ билан судлашишга мажбур бўлди.

Унинг тарафдорлари 8 феврал кунги сайловлар бурилиш онлари бўлгани, Имрон Хоннинг ҳаттоки қамоқхонада туриб йўллаган мурожаатлари иш берганини кўрсатувчи далил бўлганини айтишмоқда.

8 феврал куни бўй кўрсатган ўзгаришлар бор, — дейди Олима Хоним. — Ўзгаришлар барибир келади, улар ҳавода учиб юрибди”.

Бошқалар натижа статус-квони ўзгартирмаганини айтмоқда.

Биз чиндан ҳам кутилган жойда турибмиз, аввал тахмин қилинганидек, бизга прецедент тақдим этишади”, — деган Кугелман.

«PTI ҳукуматни шакллантира олмади, унинг етакчиси ҳамон қамоқхонада, ҳукмрон коалицияни эса ҳарбийлар томонидан қўлланадиган партиялар бошқармоқда”.

Бироқ сўнгги вақтларда Имрон Хон ва унинг тарафдорларининг иши секин-аста ўнгланмоқда.

Имрон Хоннинг қамалиши Покистон сиёсий ва медиа оламидаги сенсацияни келтириб чиқарди. Фото: Getty images.
Имрон Хоннинг қамоқхонага тиқилиши Покистонда сиёсий ва медиа оламидаги сенсацияни келтириб чиқарди.

Бевосита сайлов олдидан чиқарилган учта ҳукм бекор қилинди, БМТ комиссияси унинг ушланишини ўзбошимчалик деб атади, Покистон Олий суди эса PTI расмий партия ҳисобланиши ва аёллар ва мусулмон бўлмаганлар учун мўлжалланган “захира ўринлари”ни олиши лозимлигини айтди.

Ҳозирча бирор нарса амалий самарага олиб келгани йўқ: Имрон Хон ҳамон қамоқда, унга нисбатан янги жиноий ишлар қўзғатилган, парламентдаги захира ўринлари эса тақсимланмаган.

Никоҳларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш бўйича апелляция аризаси берилганидан сўнг қамоқ муддати бекор қилинган рафиқаси Бушра Биби ҳамон янги айбловлар бўйича қамоқда қолмоқда.

Ҳукумат эса Имрон Хон ва унинг партиясини жамоатчилик учун хавф сифатида кўришда давом этмоқда. Аввалроқ улар Покистон инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг огоҳлантиришларига қарамасдан, PTI партияси тақиқланишига эришиш нияти борлигини эълон қилишди.

Ҳарбийлар ҳам ўз фикрларини ўзгартирганлиги борасида бирор белги беришмаяпти. 9 май кунги воқеаларга бир йил тўлишида армиянинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими баёнотида “режалаштирганлар, ташкилотчилар ва ижрочилар” борасида ҳеч қандай муроса бўлмаслиги, уларга “мамлакат қонунларини алдаб ўтиш”га йўл қўйилмаслиги айтилган.

Кўпчилик таҳлилчиларнинг фикрича, Имрон Хон қамоқдан қутулиб қолиш учун айнан ҳарбийлар билан мана шу муносабатларни изга тушириши керак.

Фикримча, биз барчага чиқиш йўлини кўрсатувчи ва тизимнинг фаолият кўрсатишини таъминловчи келишувга эришамиз”, — деган Имрон Хоннинг адвокати Салмон Акром Ража.

Бу орада Имрон Хон қамоқхонадан ўз ёзишмаларини чиқаришда давом этмоқда. Олима Хонимнинг айтишича, собиқ бош вазир “Покистоннинг қояси” деб атаган ҳарбийлардан “нейтрал қолиш”ни “мамлакатни бошқаришга қўйиб бериш”ни сўраган.

Айрим шарҳловчилар буни зайтун гулдастасига қиёслашган, гарчи мурожаатдаги “нейтрал” сўзини турлича талқин қилиш бошланиб кетган бўлса-да; авваллари армия ўзини сиёсатда бирор тарафга ён босмасдан, нейтрал деб эълон қилганида Имрон Хон бу сўзларнинг устидан кулган ва “фақат ҳайвон нейтрал бўлиши мумкин”, деган.

Унинг яқинда муддатидан олдин ўтказиладиган сайловларга чақириғини айримлар ҳарбийлар олдига қўйилган шартлардан бири сифатида қабул қилмоқда.

Мен буни реал деб қабул қила олмайман, — деган Кугелман. — Вақт ўтиши билан Имрон Хон бироз юмшаши мумкин. Бу Покистон сиёсатининг ҳақиқатларидан бири: агар сиз бош вазир бўлишни истасангиз яхши инсон бўлиб кўринишингиз керак, камида ҳарбийлар кўзига балодек кўринмаслигингиз керак”.

Хуллас, ҳозирча боши берк кўчадаги вазият сақланиб турибди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг