date

Эмбрион сақлашда янги давр: АҚШда 30 йил музлатилган бола дунёга келди

Эмбрион сақлашда янги давр: АҚШда 30 йил музлатилган бола дунёга келди

Америкада тиббиёт соҳасида янги саҳифа очилди — Оҳайо штатидаги Пирс оиласида 1994 йилда музлатилган эмбриондан ўсган чақалоқ дунёга келди, деб хабар берди technologyreview.com. Бундай ҳолат тарихда илк марта қайд этилди: ушбу эмбрион 30 йил давомида сақланган ва энди ҳаётга келгани боис, Тадеус Дэниэл Пирс "энг кекса эмбриондан туғилган бола" сифатида рекордчига айланди.

35 ёшли Линдси Пирс ўз сўзларига кўра, оғир туғруқни бошидан ўтказди, бироқ ҳозир у ҳам, янги туғилган фарзанди ҳам ўзини яхши ҳис қилмоқда. Линдси ва унинг турмуш ўртоғи Тим Пирс ушбу ноодатий тарихга эга эмбрионни "асраб олишга" қарор қилган эди. Мазкур эмбрион аслида 62 ёшли Линда Арчердга тегишли бўлган — у ёшлигида ҳомиладор бўлолмагани боис, ЭКО (экстракорпорал ўғитланиш) усулидан фойдаланган. Мутахассислар унга тўртта эмбрион яратган, улардан бири орқали у қизли бўлган. Қолган эмбрионлар эса музлатилган ҳолда сақланиб қолган.

Линдси Пирс ва унинг эри Тим Пирс

Вақт ўтиши билан Линда Арчерд кейинчалик яна фарзандли бўлиш истагидан воз кечди ва ўз эмбрионларини бошқаларга тақдим этишга қарор қилди. АҚШда бу йўналишда махсус агентликлар ишлайди ва бепуштликдан азият чекувчи оилаларга эмбрионлар “асраб олиш” имкониятини тақдим этади. MIT Technology Review таъкидлашича, кўпгина агентликлар узоқ вақт сақланган эмбрионларни қабул қилишдан эҳтиёт бўлади — чунки 30 йил аввалги технологиялар ҳозирги даражада самарали бўлмаган ва “кекса” эмбрионларнинг тўлиқ ривожланиши хавфлироқ ҳисобланади.

"Фарзандликка олувчи" оилаларни танлашда эмбрионнинг биологик онаси фикри ҳам инобатга олинади. Масалан, Линда Арчерд эмбрион АҚШда яшовчи ва ўзига диндош бўлган оилага берилишини истаган.

Янги ҳаётнинг дунёга келиши — тиббиёт ва фаннинг муваффақияти, эмбрионларни узоқ муддат сақлаш технологиялари эса келажакда янада ривожланиши кутилмоқда. Бу воқеа нафақат Пирс оиласи учун, балки бутун дунёдаги минглаб оилаларга умид ва янги имконият эшигини очади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эмбрион сақлашда янги давр: АҚШда 30 йил музлатилган бола дунёга келди