19:09 / 08.08.2024
49

Эйнштейннинг атом бомбаси кашф этилишига сабаб бўлган мактуби ҳақида: “Ҳаётимдаги катта хато”

Эйнштейннинг атом бомбаси кашф этилишига сабаб бўлган мактуби ҳақида: “Ҳаётимдаги катта хато”
Эйнштейн Берлин университетидаги хонасида. 1920 йил
2023 йилда катта экранларда “Оппенҳеймер” биографик филми намойиш этилганди. Агар 1939 йил 2 августда ёзилган икки саҳифали мактуб бўлмаганида, атом энергиясидан ҳалокат уюштириш учун фойдаланилгани ҳақида ҳикоя қилувчи бу блокбастер шунчаки илмий фантастика бўларди, дея ёзади BBC.

Физик олим Алберт Эйнштейн томонидан АҚШ президенти Франклин Рузвелтга ёзилган мактубда шундай дейилади: “Ядро физикаси бўйича сўнгги ишлар уранни янги ва муҳим энергия манбаига айлантириш мумкинлигини кўрсатди”. Эйнштейн бу энергия “жуда кучли бомбалар яратиш учун” ишлатилиши мумкинлигини айтади.

Эйнштейннинг мактуби 2 миллиард долларлик ўта махфий тадқиқот дастури – “Манҳеттен лойиҳаси”, яъни атом қуролларини яратишда Германияни қувиб ўтиш пойгаси учун туртки бўлди. Физик олим Роберт Оппенҳаймер бошчилигидаги уч йиллик лойиҳа АҚШни ядро асрига олиб кирди ва тарихдаги энг муҳим ва ҳалокатли ихтиролардан бири – атом бомбасининг яратилиши билан тугади.

1939 йил 2 августдаги мактубида Эйнштейн: “Вазиятнинг баъзи жиҳатлари ҳушёрликни талаб қилади” деб ёзган. / Манба: Christie's Images Ltd
2024 йил 10 сентябр куни Эйнштейннинг бу мактуби Christie's Нью-Йорк аукционида сотилади. Унинг нархи 4 млн доллардан ошиши кутиляпти. Мактубнинг иккита варианти бор: Christie's кимошди савдосида сотиладигани қисқароқ версияси, шунингдек, иккинчи, батафсилроқ версияси Ню-Йоркдаги Франклин Рузвелт кутубхонаси коллекциясида сақланади.

Бу мактуб кўп жиҳатдан фан, технология ва инсоният тарихидаги катта бурилиш нуқтасини кўрсатади”, дейди китоблар ва қўлёзмалар бўйича мутахассис Питер Кларнет. “Бунда АҚШ ҳукумати йирик илмий тадқиқотларга бевосита молиявий жиҳатдан биринчи марта жалб қилинган”, дея қўшимча қилади у.

Суонси университетининг сиёсат, фалсафа ва халқаро алоқалар департаменти директори, ядро тарихи бўйича тадқиқотчи Брин Уилкок ҳам шундай фикрда. “Бомбанинг келиб чиқиши ҳақидаги кўпгина тарихий маълумотлар мактубни муҳокама қилишдан бошланади. Хат мазмуни президент Рузвелтга тўғридан тўғри чора кўриш учун калит бўлган”, дейди у.

“Манҳеттен лойиҳаси” асосида ишланган “Оппенҳеймер” филми ҳам аукционга қўшимча қизиқиш уйғотиши кутиляпти.

Эйнштейн Рузвелтни физик олим Лео Сзилард орқали ядро энергиясидан келиб чиқадиган хавф ҳақида огоҳлантирган. / Фото: Getty Images
Кларнет Эйнштейнни оммабоп маданиятдаги “афсонавий қаҳрамон” деб таърифлайди. У кичик бир кўриниш бериш орқали филмнинг чеккасига яширинган, унинг шахсияти шляпаси учиб кетганда ва оппоқ сочларнинг ўша машҳур ҳилпирашида намоён бўлади.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Эйнштейн бу лойиҳадан масофа сақлаган ва атом энергиясининг яратилишида унинг иштироки “жуда билвосита” бўлганини таъкидлаган. Алберт кашф қилган E=mc2 тенгламаси ядровий реакция вақтида ажралиб чиқадиган энергияни тушунтириб, унинг даҳшатли қўлланишига йўл очган бўлса-да, филмда бу тенгламанинг атом бомбасини ихтиро қилишдаги роли ҳаддан ташқари бўрттириб кўрсатилган бўлиши мумкин, дейди у.

Агар кимдир фитначи бўлса, у Эйнштейннинг собиқ шогирди Лео Сзилард эди. Қалам билан ёзилган “Оригинали юборилмади!” деган ёзуви бўлган хат 1964 йил, Сзиларднинг вафотигача унинг қўлида қолади. Германияда туғилган Эйнштейн ҳам, Венгрияда туғилган Сзилард ҳам нацизм кучайиши ортидан АҚШга қочиб кетган яҳудийлар эди. Улар Германия таҳдидини ҳаммадан кўра яхшироқ тушунган.

Аслида мактуб ёзиш Сзиларднинг ғояси бўлган. У Эйнштейнни ушбу хатга муаллифлик қилиш ва унга имзо қўйишга кўндиради, чунки Эйнштейн катта обрўга эга эди. У 1921 йилда Нобел мукофотини қўлга киритиб, замонавий илм-фаннинг тимсолига айланганди, дейди Кларнет. “Унингдек таъсир кучи ҳеч кимда йўқ эди. Бошқа одамлар ҳам Рузвелтни бир неча ой олдинроқ нималар бўлаётгани ҳақида огоҳлантиришга ҳаракат қилишган, лекин сиз тўсатдан Албертнинг хати билан келяпсиз. Нимадир қилиш кераклигини айнан Эйнштейн айтишининг таъсири бошқача бўлади”, дея қўшимча қилади Кларнет.

1945 йил 16 июлда Ню-Мексико чўлида “гаджет” деб номланувчи бомба прототипи муваффақиятли портлатилади. Бу ҳам ғалаба, ҳам ҳаяжон билан кутиб олинади. Шу куни АҚШ президенти Гарри Трумен ўз кундалигига шундай деб ёзган эди: “Биз дунё тарихидаги энг даҳшатли бомбани кашф қилдик”.

Америкаликлар Япониянинг Ҳирошима ва Нагасаки портларига даҳшатли куч билан ҳужум қилиш урушнинг тугашини тезлаштиради, деб ўйлай бошлашади. Сзилард бомба синовларидан бир кун ўтиб, Японияга қарши бундай кескин чораларни кўришдан олдин таслим бўлишга таклиф қилишга чорловчи петиция бошлаган бўлса-да, у ўз вақтида расмийларга етиб бормайди.

6 август куни Ҳирошимада “Little Boy”, 9 август куни Нагасакида “Fat Man” деб номланувчи атом бомбалар портлатилади. Натижада қарийб 200 минг киши ҳалок бўлган ёки яраланган, яна кўп йиллар давомида радиациянинг ножўя таъсири туфайли ўлимлар қайд этилган. Айни пайтгача бу ядро қуроли тўғридан тўғри қўлланган ягона ҳолатлардир.

Эйнштейн 1939 йилги мактубидан афсусда эди. 1946 йилда у ядровий уруш хавфини эълон қилиш ва дунёга тинчлик йўлини таклиф қилиш учун Атом олимларининг фавқулодда қўмитасига асос солади.

Эйнштейн умрининг қолган қисмини ядровий қуролсизланиш кампаниясига бағишлайди. 1954 йилда Нобел мукофоти совриндори, кимёгар Линус Паулинг билан суҳбатда у Рузвелтга ёзган хатини “ҳаётимдаги катта хато” деб таърифлаганди.

Атом бомбаси уруш манзарасини тубдан ўзгартирган. Қуролланиш пойгаси кучайган. Ҳозирда тўққизта давлат ядровий қуролга эга бўлгани сабаб, биз ҳис қилаётган хавф-хатарлар бевосита ўша мактуб билан боғлиқ. “Бу ҳозир ҳам жуда долзарб масала. Бу инсоният устидаги кўланка”, – дейди Кларнет.

Манҳеттен лойиҳаси ҳақида

1930 йилларда Германияда Ҳитлер ҳукуматга келиб, яҳудий миллатидагиларни сиқувга олиш бошланади. Таъқибдан қочиб, кўпчилик яҳудийлар Америкадан бошпана сўраб келишга мажбур бўлган. Улар орасида отаси яҳудий бўлган Алберт Эйнштейн ҳам бор эди. Кимёдаги сўнгги тадқиқотлар асосида бомба ишлаб чиқиш дастурини илгари сурган Лео Силард ҳам муҳожирлар сафида эди.

Германиянинг режасидан хабардор икки олим немислар атом бомбаси пойгасида ғолиб бўлишни мақсад қилгани ҳақида Рузвелтни огоҳлантиришга қарор қилади. 1939 йил 2 августда президентга мактуб ёзилади. Хатни Рузвелтнинг норасмий маслаҳатчиси ва Wall Street Journal иқтисодчиси Александр Сакс 11 октябрда олиб киради. Унда Германия урандан фойдаланиб, занжирли реакциялар бўйича тадқиқот ўтказаётгани ҳақида ёзилганди. Тажриба шуни кўрсатадики, бу занжирли реакция билан катта қувват олиш ва бу орқали ақл бовар қилмайдиган даражадаги кучли бомба ихтиро қилиш мумкин эди.

Ядровий қуролни ихтиро қилиш учун етарли маблағни топиш ҳақида ўйлаган Рузвелт дастлаб бирор қарорга келолмайди. Орадан 8 кун ўтиб, 19 октябрда Эйнштейнга жавоб хати ёзади ва уранни ўрганиш учун қўмита тузганини маълум қилади. Шу тариқа 1939 йилда АҚШ, Британия ва Канада ҳамкорлигида “Манҳеттен лойиҳаси” бошланади. Узоқ тадқиқотлардан кейин, 1945 йил 16 июлда Ню Мехико штатида Аламогордо яқинидаги чўлда биринчи атом бомбаси муваффақиятли синовдан ўтказилади.

1947 йилда Америкада ҳар кун чиқадиган Newsweek журналида “Ҳаммасига у айбдор” мақоласи эълон қилинади. Унда атом бомбаларини яратишда АҚШга илҳом бергани учун Эйнштейн айбдор қилинганди. Олим эса бунга жавобан мактуб учун жуда афсусдалигини билдиради.

Немислар атом бомбасини ишлаб чиқа олмаслигини билганимда, бармоғимни ҳам қимирлатмаган бўлардим”, дейди у.

Фашистлар Эйнштейн ва унинг сафдошлари қўрққан ядровий қуролни охиригача яратолмайди, чунки уларга ақл кучи етишмасди: ўша пайтда кўплаб олимлар фашистлар босиб олган ҳудудлардан қочиб кетишганди, мамлакатда биринчи даражали ядровий олимлар сафи жуда сийраклашиб қолганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эйнштейннинг атом бомбаси кашф этилишига сабаб бўлган мактуби ҳақида: “Ҳаётимдаги катта хато”