12:10 / 20.10.2024
16

Ойда навигация ва алоқа тизими яратилади

Ойда навигация ва алоқа тизими яратилади
Фото: ESA-ATG
Европа космик агентлиги Ойда алоқа ва навигацияни таъминлаш мақсадида сунъий йўлдошлар тизимини яратишга қаратилган “Ой нури” дастури бошланганини эълон қилди. 2030 йилгача Ой орбитасига бешта сунъий йўлдошни жойлаштириш режалаштирилмоқда. Улар Ой миссияларида, жумладан, Artemis каби Европа ва Америка лойиҳаларида ишлайди.

Орбитал инфратузилма

“Ой нури” тизими алоқа учун битта, навигация учун тўртта сунъий йўлдошни ўз ичига олади. Бу қурилмалар Ойнинг жанубий қутбига — келажакда кўплаб космик дастурлар жамланадиган ҳудудни қамраб олиш мақсадида махсус танланган орбиталарга жойлаштирилади. Ер билан алоқа учта ер усти станцияси орқали таъминланади, бу эса 400 минг километргача бўлган масофага маълумотларни узатиш имконини беради.

Лойиҳанинг дастлабки қадамлари

Лойиҳанинг биринчи босқичи 2026 йилда Lunar Pathfinder ретрансляторини ишга туширишдан иборат бўлади. Британиянинг Surrey Satellite Technology компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу сунъий йўлдош тизимни синовдан ўтказади ва келгусидаги қурилмалар учун намуна вазифасини бажаради. Moonlight операцион тизими 2030 йилга келиб тўлиқ ишга туширилиши керак, дастлабки хизматлар эса 2028 йилга келиб тақдим этилиши режалаштирилган.

Тизимнинг келажакдаги миссиялар учун аҳамияти ва коинотдаги рақобат

Европа космик агентлиги маълумотларига кўра, яқин 20 йил ичида Ойда 400 дан ортиқ давлат ва хусусий миссияларни амалга ошириш режалаштирилган. “Ой нури” тизими ушбу миссияларга аниқ навигация маълумотларини ҳамда Ер билан ишончли алоқани тақдим этади, бу эса Ой юзасида ишлаш хавфсизлиги ва самарадорлигини оширади. Бундан ташқари, стандарт инфратузилмадан фойдаланиш айрим лойиҳаларни арзонлаштиради.

Агентлик Ой учун алоқа тизимини яратиш устида ишлаётган ягона ташкилот эмас. Хитой аввалроқ 30 та аппарат ва учта ер усти станциясидан иборат сунъий йўлдош тармоғини яратиш бўйича ўз режасини тақдим этганди. Бундан ташқари, Хитой аллақачон Ой орбитасига Queqiao-2 ретранслятор сунъий йўлдошини чиқарган. Ушбу аппаратдан “Чанъе-6” миссиясида Ойнинг орқа томонидан тупроқ намуналарини олиб келишда фойдаланилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ойда навигация ва алоқа тизими яратилади