17:37 / 23.10.2024
52

Аргентинада солиқ хизмати тугатилди

Аргентинада солиқ хизмати тугатилди
Фото: AFP
Аргентина ҳукумати мамлакатда солиқ хизмати – Давлат даромадлари бўйича федерал идора (AFIP) тугатилиб, унинг ўрнига “соддалаштирилган” Даромадлар ва божхона агентлиги ташкил этилишини эълон қилди.

Янги агентлик солиқ йиғиш ва божхона мониторинги соҳасидаги функцияларнигина сақлаб қолади. Штат бирликлари сони учдан бир қисмга камайтирилади.

Аргентина президенти маъмуриятига кўра, AFIP'ни тугатиш “аргентиналикларнинг иқтисодий ва тижорий эркинлигига тўсиқ бўлиб келаётган кераксиз бюрократияни йўқ қилиш учун” керак.

Президент матбуот котиби Мануэл Адорнининг изоҳлашича, AFIP узоқ йиллар давомида сиёсий ташкилот сифатида фаолият юритган ва кўплаб аргентиналикларни “ахлоқсиз равишда таъқиб қилиш” билан шуғулланган.

Ҳар бир аргентиналикка тегишли бўлган нарса фақат уники, бошқа ҳеч кимга тегишли эмас. Ҳеч бир идорага аргентиналикка ўз мулки билан нима қилиш кераклигини айтиш ҳуқуқи берилмаслиги керак”, – деган Адорни.

3000 дан ортиқ AFIP ходимлари аввалги ҳукумат томонидан “ноқонуний ёллангани” учун ишдан бўшатилади. Бу эса йилига 6,4 миллиард песо (тахминан 6,5 млн доллар)ни тежаш имконини беради.

2023 йил декабрдан Аргентина президенти сифатида Хавьер Милей иш бошлаганди. У сайловчиларга давлатнинг фуқаролар ҳаётига аралашувини минимал даражага келтиришга ваъда берган.

Сайловолди кампанияси давомида Милей қуйидаги таклифларни илгари сурганди:

- Марказий банкни тугатиш ва миллий валюта песо ўрнига АҚШ долларидан фойдаланишни бошлаш;
- давлат хизматчилари сонини камайтириб, шу йўл билан бюджет харажатларини жиддий қисқартириш;
- меҳнат ва кўчмас мулк бозорини тартибга солувчи бир қатор қонунларни бекор қилиш;
- барча давлат компанияларини акциядорлик жамиятларига айлантириш;
- энергия, сув ва транспорт учун субсидияларни қисқартириш.

Аввалроқ, мамлакат миллий валютаси – песонинг расмий курси 50 фоиздан ортиқроққа девалвация қилинганди. Шунингдек, Аргентина разведка хизмати тарқатиб юборилиб, янги орган ташкил қилинганди.

Милей ва унинг иқтисодий қарашлари

Иқтисодчи сифатида социалистлар билан яқин ҳамкорлик қилишига қарамай, Милей мамлакатдаги муаммоларнинг асосий сабабчиси айнан шу мафкура деб ҳисоблайди. “Эҳтиёжлар чексиз, лекин ресурслар чекланган”, дейди у.

Милей ресурслар танқислиги муаммосини эркин бозор тамойиллари ёрдамида ҳал қилиш мумкинлигига ишонади.

Шунингдек, у ҳам ўзи тез-тез таққосланадиган Доналд Трамп сингари мамлакат сиёсий элитасини янгиламоқчи. 2018 йилдаёқ иқтисодий таҳлилларида: “Сўнгги юз йил ичида сиёсатчилар Аргентинани боши берк кўчага тиқиб қўйди. Сиз кекса одамлар билан янги Аргентинани ярата олмайсиз”, деган эди.

Милейнинг фикрича, Аргентинани қутқариш учун энг биринчи чора миллий валюта песодан воз кечиш ва АҚШ долларига ўтиш керак. У ҳукмрон сиёсатчилар Марказий банкдан пул чоп этадиган машина сифатида фойдаланиб келганини айтади ва банкни ёпиб, юқори инфляцияга чек қўйиш мумкин деб ҳисоблайди.

Милей 2000 йиллар бошларида миллий валютадан воз кечиб долларга ўтган Эквадор ва Салвадорни мисол қилиб келтиради. Уларнинг бу иши муваффақият келтирган ва ҳозир ҳар икки мамлакатда инфляция анча паст.

Бундан ташқари, сиёсатчи давлатнинг иқтисодиёт ва одамлар ҳаётидаги роли қанчалик кичик бўлса, шунча яхши, деб ҳисоблайди. Шу сабабли Милей ўз сайловолди тарғиботларида турли вазирликлар ва давлат хизматчилари сонини қисқартиришни ваъда қилган.

Милей биринчи навбатда Хотин-қизлар ишлари вазирлигини тугатмоқчилигини айтганди. “Агар қонун олдида тенглик бўлмаса, вазирлик тузиш эмас, ўша қонунни ўзгартириш керак”, деганди Милей.

Унинг фикрича, хотин-қизлар учун алоҳида вазирликнинг ташкил этилиши аёлларни обрўсизлантиради ва уларнинг аҳволини ҳеч қандай яхшиламайди.

Милей инсон ўз аъзоларини тасарруф этиш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблайди, лекин шу билан бирга у Аргентинада 2020 йилда қонунийлаштирилган абортга қарши чиқади.

Дунёнинг бир қатор таниқли иқтисодчилари Милейнинг иқтисодий ислоҳотлари оддий ечим сифатида жозибадор кўринса-да, янада катта ҳалокатларни олиб келиши мумкин деб ҳисоблашади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Аргентинада солиқ хизмати тугатилди