23:13 / 18.11.2024
8

Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?

Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
ATACMS кассетали ва оддий жанговар каллаклар билан жиҳозланиши мумкин, бир неча модификациядан энг узоққа уча оладиганлари 300 км масофага зарба бера олади.
Фото: White Sands Missile Range

Байденнинг бу қарори ҳақида дастлаб якшанба куни The New York Times ва The Washington Post газеталари хабар қилди, кейинроқ бу информацияни ўз каналлари орқали CNN ва CBS телеканаллари олишган.

Газеталарнинг аноним манбалари Россиянинг Курск областига шимолий кореялик аскарлар жўнатилганига жавобан Байден шундай қарорга келганини ҳикоя қилишган.

«Мулозимлардан бири бу қадам Пхенянни янги қўшин жўнатишдан қисман тийишга қаратилганини айтди. Шимолий Корея етакчиси Ким Жонг Ин дастлабки ҳарбий қисмларнинг жўнатилиши қимматга тушувчи хато бўлишини англаши керак, деди мулозим», — деб ёзган Washington Post.

ATACMS (Army Tactical Missile System) — бу тактик баллистик ракета бўлиб, уларни HIMARS қурилмаларидан ҳам учириш мумкин. Унинг турли модификациялари турлича парвоз масофасига эга ва энг олис учиш масофаси 190 мил, яъни 306 км.

Шу пайтгача Вашингтон ўз ракеталари билан Россия ҳудуди ичкарисига зарба беришга рухсат бермаётганини эскалация кучайиши мумкинлиги билан тушунтириб келаётганди. CNN шарҳловчиси тушунтириши, Россия АҚШ ва НАТОнинг бошқа давлатлари ҳудудида қўпорувчилик уюштириш билан жавоб беришидан хавотирланиб келишган.

Америка газеталари ҳамсуҳбатлари сўзларига кўра, бу хавотир ҳамон сақланмоқда. Улардан бирининг сўзларига кўра, айнан шу сабабли Байденнинг рухсати билан учириладиган ракеталар оқибатлари «ўта конкрет ва чекланган» бўлади.

«Мен бу рухсат ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади, деб ўйламайман», — деган BBCʼга аноним қолишни истаган Киевда яшовчи ғарблик дипломат.

«Бу ўртага тикилган даволарни янада ошириш ва Украинага ҳарбий кўмакни намойиш этишга қаратилган рамзий қарор. Бу Россия учун урушнинг тушовини қимматлаштириши мумкин», — деган дипломат.

Экспертлар нима фикрда?

Карнеги фондининг ҳарбий эксперти Майкл Кофман Washington Post мухбирига айтишича, ATACMS ракеталарини ишлатишга рухсат украинларга август ойида эгалланган Курсак областининг бир қисмини ишончлироқ мудофаа қилиш имконини беради.

BBC’нинг АҚШдаги мухбирлари хабарига кўра, Жо Байден маъмурияти Украинага ўзи эгаллаб турган келгусидаги музокараларда кучли кўзир сифатида ишлатилиши мумкин бўлган Россия ҳудудининг бир қисмини ушлаб туришга ёрдам беришини маълум қилган.

Украина президенти Володимир Зеленский кеча кечқурун шундай деган: «Бугун медиа оламидаги жуда кўпчилик биз зарур ҳаракатлар олиб боришга рухсат олганимиз ҳақида ёзмоқда. Лекин зарбалар сўз билан берилмайди. Бундай нарсалар анонс қилинмайди. Ҳамма гапни ракеталарни ўзлари айтади. Албатта».

АҚШнинг НАТО қошидаги собиқ доимий вакили ва Доналд Трампнинг биринчи маъмурияти чоғида Украина бўйича махсус вакил бўлиб ишлаган Курт Волкер BBCʼга шундай деган: «Украинага Америка қуролларидан фойдаланиш масофасини чеклаб, АҚШ Украинага ўз-ўзини мудофаа қилишни асосланмаган тарзда биртомонлама чеклаб қўйган эди».

Волкерга кўра, ATACMS’дан фойдаланишни чеклаш бўйича «Россияни «провокация» қилишдан чўчиб, мутлақо эркин тарзда» қарор қабул қилинган. «Бироқ, сиёсатни ўзгартириш ҳақида омма олдида бундай эълон билан чиқиш хато. Бу Россияни Украинанинг эҳтимолли зарбаларидан Россияни аввалдан хабардор қилади», — деган у.

Россия президенти Владимир Путин 12 сентябр кунги чиқишида Россия ичкарисига ракеталар билан зарба бериш НАТОнинг урушда тўғридан тўғри иштирокини англатишини айтган эди. Путиннинг мантиғига кўра, бундай ракеталар сунъий йўлдошлар орқали бошқарилади, Украинада ўзининг бундай қурилмалари йўқ, ракеталар НАТО давлатлари сунъий йўлдошлари орқали нишонга йўналтирилади.

Кўплаб ҳарбий шарҳловчилар Россия ичкарисига ракета зарбалари беришга рухсат уруш боришини ўзгартира олмаса ҳам, Украинага мудофаани ушлаб туришга кўмаклашиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.

CNN шарҳловчиси фикрича, АҚШ Украинага шунчаки урушни буткул ўзгартириши мумкин бўлган миқдорда ракета бермайди. Барак Обама даврида мудофаа вазирлигида АҚШнинг Россия ва Украина билан муносабатларига масъул бўлган Эвелин Фаркас ҳам шундай фикрда.

«Албатта, бош масала украинларда қанча ракета бўлиши. Биз Пентагон Украинага кўп ракета етказиб бера олмаслигидан огоҳлантирганини ҳам эшитдик», — деган Фаркас.

ATACMS барча дардларга даво бўла олмаслигини Украина хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази раҳбари Сергий Кузан ҳам таъкидлаган. «Бу урушнинг боришини ўзгартира олмайди, лекин фикримча, кўп жиҳатдан кучларимизни тенглаштиради», — деган у.

Кузаннинг фикрича, Байденнинг рухсати Курск областининг эгалланган қисмида тобора кутилаётган Россия ва КХДР қўшинларининг катта қарши ҳужумини қайтаради.

Европа ва Кремлнинг реакцияси

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Жозеп Боррел ЕИ аъзолари ҳам Украинага Россиянинг ичкарасига узоқ масофага уча олувчи қуроллар билан зарба беришга рухсат беришидан умид қилаётганини билдирди.

«Мен бир неча марта Украина биз етказиб бераётган қуроллардан тўлақонли фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак, деб таъкидлаб келганман. Улар нафақат камон ўқларини тўхтатиши, камончиларни ҳам нишонга ола билиши зарур», — деган Боррел ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан Брюсселдаги учрашув олдидан.

«Мен ҳамон бу ишга қўл уриш керак, деб ҳисоблайман. Аминманки, биз буни яна бир бора муҳокама қиламиз. Умид қиламанки, аъзо давлатлар бунга кўнишади», — дея қўшимча қилган Боррел.

Кремл ўз навбатида Байденнинг ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба беришга рухсатини «сифат жиҳатидан янги вазият» деб атаган.

«Агар шундай қарор шакллантирилган бўлса ва Киев режимига етказилган бўлса, бу Америка Қўшма Штатларининг бу можарога тортилиши нуқтайи назаридан тарангликнинг сифат жиҳатидан янги тугуни ва сифат жиҳатидан янги вазият», — деган Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга.

Песковнинг эслатишича, сентябр ойида Путин бу мавзу бўйича баёнот берган ва жавоб чоралари тўғрисида огоҳлантирган.

«Бу ракета тизимларига парвоз вазифаларини фақат НАТО ҳарбийлари кирита олиши мумкин, — деган эди Путин. — Украиналик ҳарбийлар буни қила олишмайди». «Агар бу қарор қабул қилинса, Европа ва НАТО давлатлари ҳамда АҚШнинг Украинадаги урушда тўғридан тўғри иштирокидан бошқа нарсани англатмайди, — деган эди Россия президенти. — Бу НАТО, АҚШ ва Европа давлатлари Россия билан уруш олиб бораётганини англатади».

Путин бунга жавоб реакцияси айнан қандай бўлишини айтмаган, ўз огоҳлантиришини қуйидагича шакллантирган эди: «Бизга яратилаётган таҳдидлардан келиб чиқиб, тегишли қарорларни қабул қиламиз».

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?