21:39 / 19.11.2024
0

Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?

Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
Жо Байден ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига (ҳозирча фақат Курск вилояти) ҳужум қилишга рухсат берди. Storm Shadow, SCALP ва Taurus ракеталари бўйича эса Британия, Франция ва Германиядан ҳозирча янгилик бўлмади. Хўш, асосий донорнинг “яшил чироқ”ни ёқиши қандай оқибатлар яратади, Москванинг жавоби қанақа бўлиши мумкин?

“Геосиёсат” дастурида ушбу мавзу сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шуҳрат Расул билан жонли эфирда муҳокама қилинди.

— Жо Байден ўз ваколат муддатининг сўнгги кунларида бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлди?

Камолиддин Раббимов
: Бу масаланинг сиёсий, геосиёсий ва ҳуқуқий жиҳатлари мавжуд. Яқинда АҚШда сайлов жараёнлари бўлиб ўтди ва Доналд Трамп ҳокимият тепасига келди, бироқ унинг айни пайтдаги ҳуқуқий мақоми – амалдаги президент эмас, балки сайланган президент. Келаси йилнинг 20 январ кунидан бошлаб Трамп тўлақонли президентлик ваколатига эга бўлади, унга қадар эса Байденнинг ваколатлари заррача камаймайди. Байден мавжуд вазиятдан фойдаланиб, Украинага охирги кенг кўламли ёрдамларни беришга ҳаракат қиляпти.

Агар Камала Ҳаррис сайловда ғолиб чиққанида, партиявий узвийлик давом этаётган бўларди, яъни Байден сайланган президент Ҳаррисни ноқулай вазиятга қўймаслик учун эҳтимол бу қарорни қабул қилмаган бўларди. Жо Байден ва Украина ўзаро боғлиқ, гарчи урушни Россия бошлаган бўлса-да, Украинага кўрсатиладиган ёрдам кўлами динамикасини унинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ белгилаб беради. Айни пайтда Доналд Трамп ўз жамоасини шакллантиряпти ва эътибор бериб қаралса, жамоа аъзолари иккита асосий жиҳатга эга: биринчидан, уларнинг деярли барчаси Украинани ёмон кўради; иккинчидан, уларнинг аксарияти исроилпараст. Трамп тўплаётган жамоа аъзоларининг Украина борасидаги қарашлари аллақачон шаклланиб бўлган, улар бу мамлакатга шубҳа билан қарайди ва кўрсатилаётган ёрдам чекланиши тарафдори. Ҳатто Илон Маск ҳам доимий равишда Украинани танқид остига олиб келган, шунингдек, Байденнинг мазкур қароридан кейин, у Twitter'даги расмий саҳифасида либераллар урушни яхши кўриши ҳақида танқидий пост қолдирди.

Байден Россиянинг ички ҳудудларига ҳужум қилишга рухсат беришдан иккита мақсадни кўзлаган: биринчиси, Украинага имкон қадар каттароқ ёрдам бериш ва маълум бир тарихий натижаларга эришиш. Иккинчиси, Доналд Трампни ноқулай аҳволга қўйиб, уни жазолаш. АҚШда шундай анъана борки, амалдаги ҳукмрон партия сайловда мағлубиятга учраса, ўзидан кейинги ҳукумат учун катта муаммоларни юзага келтиришга ҳаракат қилади.

Шуҳрат Расул: АҚШда республикачилар ва демократлар ўртасида бир-бирига муаммоларни “мерос қолдириш” анъанаси борасида кўплаб тарихий мисоллар бор. Улардан бири айнан Трампнинг Байденга қолдирган меросидир, яъни у президентлик ваколатининг сўнгги даврида Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарор қабул қилган ва шундай кейин Кобул аэропортидаги можаролар юз берган, Байден “Толибон”дан қарор ижросини таъминлаш учун қўшимча 20 кунлик муддат сўраган, аммо бу ҳам улар учун етарли бўлмаган, ҳатто АҚШ махсус кучларининг бир қисми қўшимча муддат тугаганидан кейин ҳам Афғонистон ҳудудида қолиб кетган эди.

Украинага кўрсатилаётган ёрдам масаласига келадиган бўлсак, Байден ракеталар борасидаги қарордан ташқари, иттифоқчисига 9 млрд доллар миқдорида пул ажратган ва бу маблағ 20 январгача етказиб берилиши керак. Агар бу ёрдам манзилга етиб борса, Украина 2025 йилда маблағ масаласида катта муаммоларга учрамайди, чунки 2024 йилда АҚШ бу давлатга умумий 6 млрд доллар ёрдам кўрсатган. Байден бу орқали Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни максимал даражада кескинлаштириш ҳамда бу кескинликни Трамп маъмуриятига мерос қолдиришни кўзлаган.

— Доналд Трамп президентлик ваколатига расман киришганидан кейин Байденнинг ракеталар борасидаги қарорини ўзгартирадими?

Камолиддин Раббимов
: Доналд Трамп ўз ваъдаларига содиқ қолган ҳолда ўз ваколат муддатида сўзининг устидан чиқишга имкон қадар ҳаракат қилади. Масалан, биринчи 4 йиллик муддатида Шимолий Корея билан ярашишни ваъда қилган эди ва унгача бутун дунёда бу давлатга қарши ҳатто Россия ва Хитой ҳам амал қиладиган мисли кўрилмаган санкциялар бор эди. Трамп АҚШ президентлиги тарихида КХДР раҳбари билан учрашиб, музокаралар олиб борган илк етакчига айланди. Натижада КХДР изоляциядан чиқди, бироқ келишувлар амалга ошмади, бунинг натижасида Шимолий Кореянинг иқтисодий муаммолари анча енгиллашди, чунки Хитой ҳам, Россия ҳам санкцияларга амал қилгани йўқ. Бу эса КХДРнинг Россияга қурол-яроғ ва инсон ресурсларини етказиб беришига олиб келди.

Бу – Трампнинг Америка манфаатлари учун энг катта “провал”ларидан бири бўлиб қолди. Энди Трамп икки давлатга ҳам босим ўтказиши аниқ, масалан, Украинага келишувга рози бўлмаса, ёрдамдан маҳрум қилишини, Россияга эса келишув бўлмаса, Украинага ёрдамни кучайтиришини айтади. Путиннинг урушдан кўзлаган асосий мақсади бу – Украина устидан геосиёсий назорат ўрнатиш, бироқ у ҳали ўз мақсадига эриша олганича йўқ. Украинада эса Россиянинг шартларига рози бўлган сиёсатчининг келажаги хавф остида қолади.

Трамп аввалига урушни тўхтатиш йўлида уларга босим қилишга ҳаракат қилади, аммо натижага эришолмаса, уларни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Трамп узоқ масофали ракеталарни қайта ишга тушириши эҳтимоли бор, чунки у тизимли сиёсатчи эмас, унинг атрофида кимлар бўлиши, унга қандай таклифлар киритиши ҳамда сўнгги қарори қандай бўлишини нафақат бошқалар, ҳатто унинг ўзи ҳам билмайди. Ўйлашимча, Байден ракета ҳужумларига рухсат бераётгани ҳақида Германияда маълумот бўлган ва Олаф Шольц Путинга телефон қилган вақтида айнан шу ҳақда унга маълум қилиб, ярашишни таклиф қилган, бироқ Путин бу таклифни рад этган.

Маълумотларга кўра, Германия Украинага 4 минг дона сўнгги авлод (мини Taurus) дронларини етказиб беришга қарор қилган ва бу қуроллар Россия учун жуда катта талафотлар олиб келади. Ўз навбатида, Россия ҳам АҚШ томонига яширин сигналлар беришга ҳаракат қилади, бу оламшумул баёнотлар билан бўлмаса-да, ядровий сафарбарликни янги даражага кўтариш ёки бошқачароқ кўринишда бўлиши мумкин.

The Economist нашрида эълон қилинган мақолада 3-жаҳон уруши бошланиши тахмин қилинган. Бу аслида психологик уруш, бунда ким кўпроқ қўрқита олиши жуда муҳим, чунки Байден шу вақтга қадар қўрққанидан ракета ҳужумларига рухсат бермаётганди. Мавжуд вазиятдан кейин Россиянинг жавоби ва ундан кейинги натижалар қандай бўлишини вақт кўрсатади.

Шуҳрат Расул: Бунда Трампнинг ваъдалари ва бу бўйича ҳаракатлари нима билан тугаши номаълум, чунки унинг ҳар икки давлат раҳбарлари билан муносабатлари яхши эканини айтаётганига қарамай, улар Трампнинг таклифини рад этиши эҳтимоли баланд, чунки Украинанинг ортида Европа турибди. Ҳатто Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон Шимолий Кореянинг урушга қўшилганига жавоб сифатида Британия ҳам Украинага ёрдам сифатида қўшин киритиши кераклигини айтмоқда. Агар Трампнинг ҳаракатлари натижа бермаса, масъулиятни Европага юклаган ҳолда четдан кузатиб туриши мумкин.

— Узоқ масофали ракеталар уруш тақдирига қандай таъсир қилади?

Шуҳрат Расул
: АҚШ ва Европа томонидан Украинага тақдим этилаётган ракеталар номлари билан фарқланса-да, аслида синфий жиҳатдан бир хил қанотли ракеталар ҳисобланади. АҚШнинг ATACMS ракеталарининг 80, 125, 306 ва 480 километрга учадиган модификациялари мавжуд, ҳозир украиналикларга берилаётгани – 306 километрга траектория билан оддий ёқилғи ёрдамида учадиган қанотли ракета. Мазкур турдаги ракеталар АҚШда унчалик кўп эмас, уларнинг сони тахминан 4 мингта. Энг кўп ракета 480 километр масофага учадиган модификацияси ҳисобланади, бироқ АҚШ бу ракетани Украинага ваъда қилмаган.

New York Times газетаси юқори лавозимли амалдорларга таяниб икки хил тахминни илгари сурган, яъни ҳужумларни фақат Курск вилоятига амалга ошириш учун ёки бутун бошли 300 километр радиусли ҳудудларга амалга оширишга рухсат берилган бўлиши мумкин. Шунингдек, Storm Shadow ва SCALP ракеталари бўйича сўров юборилган, аммо бу борада якуний қарор қабул қилинмаган. Бу ракеталар 650 километргача учиши ва Россия ҳарбий инфраструктурасига жиддий муаммолар юзага келтириши мумкин, чунки ҳар бир ҳужум орқали битта ҳарбий заводни вайрон қилиш мумкин.

Камолиддин Раббимов: Агар ростдан 300 километр радиусли ҳудудларга ҳужум қилинса, нефт базалари, Қрим кўприги ва Қрим инфраструктураси тўлиқ издан чиқади. Шунингдек, шу ҳудудда жойлашган Жанубий ҳарбий округ инфраструктурасини ҳам вайрон қилиш мумкин. Бундан ташқари, бу ракеталар соатига 1000-1500 километрга учиши мумкин ва уларни ҳозирги Россия технологиялари уриб тушира олмайди. Шу сабабли россиялик экспертлар бу ракеталар Ғарб технологиялари асосида бошқарилиши, бу эса уларнинг урушда бевосита иштирокини англатиши, шу туфайли Россияда Ғарб ва НАТОга муносиб жавоб қайтариш учун ҳуқуқий асос мавжуд бўлишини айтиб, таҳдид қилишга ўтишган.

— GPS'ли ракеталардан фойдаланиш Ғарб ва Россиянинг юзма-юз тўқнашуви сифатида баҳоланадими?

Камолиддин Раббимов
: Мавжуд вазиятни тўғри баҳолаш керак, масалан, Россия Украинанинг Киев ва бошқа шаҳарларини тўлиқ вайрон қилиб, энергетика тизимини издан чиқарди. Лекин Россиянинг ўзи бу хилдаги ҳужумларга атом бомбаси ёрдамида жавоб қайтаришини айтмоқда, яъни Россиянинг: “Мен Украинани истаганча вайрон қилишим мумкин, аммо унинг ўзини ҳимоя қилиш учун берган зарбаларига ядровий тарзда жавоб бераман”, деган маънодаги баёноти ниҳоятда нотўғри.

Шуҳрат Расул: Россия ҳозирда Украина ва Ғарбга икки хил муносабатни намойиш қиляпти, масалан, Украина Россияга Ғарб тақдим этиши мумкин бўлган ракеталарга тенг қуроллар билан аллақачон уруш олиб боряпти, аммо Россия унга ядровий қурол зарбаси билан таҳдид қилгани йўқ. Ғарб қуроллари билан ҳужум қилса, айнан Ғарбга атом бомбасини ташлаш таҳдиди билан чиқяпти. Бунга асосий сабаб Россия Украинани ядровий уруш билан қўрқита олмайди, чунки у бу босқичдан ўтиб бўлган, Ғарбни эса ҳозирча нисбатан қўрқитиш мумкин.

— Россиянинг жавоби Украинага қарши бўладими ёки тўғридан тўғри Ғарбга?

Камолиддин Раббимов
: Россиянинг Украинага қарши фойдаланмаган ягона қуроли – бу атом бомбаси, қолган барча ресурсларидан фойдаланиб бўлди. Унинг Шимолий Кореядан ёрдам сўраши Россиядаги ресурслар етишмовчилигидан дарак беради. Шунингдек, мамлакат иқтисодий томонлама ҳам жиддий муаммоларни бошдан кечирмоқда, буни ҳарбийларга кўрсатилаётган моддий ёрдамнинг қисқартирилганидан сезиш мумкин. Россия табиий ресурсларни сотиш орқали нисбатан иқтисодиётини ушлаб турибди.

Урушга сафарбар қилинаётган ресурслар ўрнига тинч аҳолини сафарбар қилиш мумкин, аммо бунда Москва тобутларга тўлиб кетади, бу вазият охири жуда катта намойишларга олиб келади. Демократик давлатларда деярли ҳар куни намойиш бўлади ва воқеалар намойиш билан чекланади, диктатура ҳукмрон давлатларда эса йиллар давомида йиғилган муаммолар натижасида қилинган намойишлар ижтимоий портлашни юзага келтиради ва бунда ҳукумат намойишни ҳеч қандай йўл билан бостиролмайди. Буни шахсан Путиннинг ўзи ҳам жуда яхши тушунади.

Шуҳрат Расул: Россиялик генерал, тадқиқотчи Константин Сивков томонларнинг ядровий потенциали ҳақида тўлиқ маълумот берган. Унга кўра, АҚШ, Россия ва Европа ўзининг тўлиқ ядровий потенциалидан фойдаланган ҳолда ресурслар тугагунига қадар жанг қилган тақдирда ҳам сайёра яшаб қолади, аммо айнан шу давлат ва халқлар йўқ бўлиб кетади. Уларнинг умумий ядровий потенциали 9800 зарядга тенг ва бу зарядлар охиригача ишлатилган тақдирда ҳам зарар Қозоғистон шимолигача етиб келади холос. Шу хулосалардан келиб чиқсак, Россия ҳеч қандай ядровий урушни режалаштирмаган.

— Ракеталардан фойдаланишга чекланган доирада рухсат берилиши уруш жараёнига қандай таъсир қилади?

Шуҳрат Расул
: Уруш бошланган вақтда Рамштейндаги йиғилишда эълон қилинган АҚШ режасида Россияни иқтисодий томонлама толиқтириш ҳамда уни собиқ иттифоқ давлатларига ортиқ тажовуз қилолмайдиган даражага тушириш кўзда тутилган эди. Ҳозирча бу режани амалга ошириш давом этяпти. Лекин Украинанинг ғалабаси Ғарб учун ютуқ бўлмаслиги мумкин, агар Доналд Трамп ўз ишини бошлаганидан кейин урушни сулҳ бўлмаса-да, музлатишга эришса, шунингдек, босиб олинган ҳудудлар Россия назоратида қолган тақдирда ҳам Ғарб ўз олдига қўйган мақсадига эришган бўлади, чунки улар ҳозир Россияни ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий томонлама толиқтиришга эришди.

Энди Россия ўзининг ҳарбий салоҳиятини тиклаши учун энг камида 10 йил давомида ҳарбий саноат комплексларини узлуксиз ишлатиши зарур. Бу эса нафақат Ғарб, балки Россия босиб олиши мумкин бўлган барча МДҲ давлатлари учун ҳам катта ғалаба бўлади.

Камолиддин Раббимов: Бундан ташқари, Путин бошлаган бу уруш православ ва славян дунёсини парчалаб юборди. Уруш айнан шу нуқтада тўхтаган тақдирда ҳам украиналиклар ва россияликлар ўртасидаги зиддият камида ўн йилликларга, эҳтимол асрларга ҳам чўзилиши мумкин. Яъни Россия ўзининг тарихан энг яқин биродарига ташланди, у Ғарбга интилаётган украиналикларни ўз таъсир доирасида сақлаб қолиш учун муносиб таклифлар бериш ўрнига уларга ҳужум қилди ва натижада ўзининг империализм ғояси келажагини хавф остида қолдирди. Бу тенденция Путин ҳокимиятдан кетгунга қадар давом этади, албатта, лекин ундан кейин янгича ғояларга эга гуруҳ маъмурият бошқарувига келганида бу ўз акс-садосини беради.

— Кремлнинг кейинги қадамлари қандай бўлади?

Шуҳрат Расул
: Биринчи қадам, тактик ядро таҳдиди бўлиши аниқ, бу борадаги баёнотлар тез орада янграйди, чунки украиналиклар зарбани бир ҳафтадан кечиктирмаслигини маълум қилди. Кейинги жараёнлар қандай кечиши аниқ, яъни барибир ҳеч қандай ядровий уруш бўлмайди.

Камолиддин Раббимов: Путин совуққон сиёсатчи, қийин вазиятда доим ўйлаб реакция билдиради, Курскка бостириб кирилганда ҳам бир неча кун сукут сақлаган, яъни у ўзига нисбатан кучли босим бўлганида қадамини ўйлаб босади, эҳтимол у бутун бошли Россия ўрнига Курск вилоятини бой беришни маъқул деб топар.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?