Оқ уйга қайтаётган Доналд Трамп аввалги президентлик муддатида ХХР билан савдо урушини бошлаган, Хитойни коронавирус пандемиясини келтириб чиқарганликда айблаганди. АҚШдаги Жоржия давлат университети тадқиқотчиси Аббос Бобохонов Kun.uz билан суҳбатда Вашингтон–Пекин муносабатлари истиқболи ва Тайван омили ҳақида сўз юритди.
— Трамп ва Байден маъмуриятининг Хитой бўйича сиёсатида қандай фарқли ёндашувлар бўлади?
— Трамп биринчи президентликка сайланган вақтида (2016-2020) Хитой борасидаги амалга ошира олмаган ишларини давом эттирмоқчи. У асосан кескин ва кутилмаган қарорлар билан сиёсат юритади, Байден администрацияси эса имкон қадар босиқроқ ва мўътадил муносабатларни шакллантиришга интилди. Масалан, Сан-Францискодаги Байден ва Жинпинг учрашувидан кейин алоқалар бироз яхшиланиб, мудофаа, хавфсизлик ва ташқи сиёсий фаолият соҳасида ўзаро учрашувлар амалга оширилди. Алоқалардаги мувозанат тиклана бошланган эди дейиш мумкин. Лекин кўплаб таҳлилчилар Трамп даврида муносабатлар кескинлашишини тахмин қилмоқда.
Трамп маъмурияти иккита масалани илгари суради: биринчиси, Хитойнинг технологик жиҳатдан ўсишига максимал даражада тўсқинлик қилиш; иккинчиси, Хитой маҳсулотларига нисбатан бож тарифларини ошириш.
— АҚШ учун Тайван геосиёсий сабабдан ташқари яна нима учун муҳим?
— Биринчидан, Тайван геосиёсий жиҳатдан қулай нуқтада жойлашган. Бу давлат Америка ўрнатган демократиянинг бир қисми сифатида қаралади. Иккинчидан, Тайван дунёдаги энг юқори технологияларга асосланган чиплар, платалар, технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Масалан, бутун дунёдаги янги чип технологияларининг 50 фоиздан зиёд қисмини (компютер чипларининг 90 фоизи) биргина TSMC компаниясининг ўзи ишлаб чиқаради. Тайван бутун дунёга янги чип технологияларининг 68 фоизини етказиб беради.
Учинчидан, Тайван шундай стратегик ҳудудда жойлашганки, Хитойдан бутун дунёга тарқалаётган маҳсулотларнинг асосий қисми Тайван денгиз йўллари орқали ўтади. Тайван масаласидаги муносабатларнинг кескинлашуви айнан мана шу савдо айланмасига катта таъсир қилади. Шундай экан, ҳар икки давлат ҳам бу ҳудуддаги вазиятни кескинлаштиришдан манфаатдор эмас.
— Тайвандаги чипларни АҚШда ишлаб чиқариш мумкинми?
— Икки йил олдин Ненси Пэлосининг Тайванга ташрифи фонида бу ҳудуддаги вазиятнинг кескинлашувига гувоҳ бўлганмиз. Бироқ бу кескинлашув Пэлоси айтган даражага етиб бормади. Агар бу жараённи чип масаласи бўйича солиштирадиган бўлсак, Трамп пайтида Америка Тайван билан чип ишлаб чиқарадиган фабрикаларни АҚШ ҳудудида қуриш бўйича ўзаро келишувга эришган эди. Бу келишув ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эди. Чунки Тайваннинг Хитой билан муносабатлари ҳисобга олинса, TSMC компаниясининг фақат ўз ҳудудида ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга таяниб қолиши жуда хавфли ҳисобланган.
Америкада чип ишлаб чиқарувчи фабрикалар қурилиши ҳали ҳам давом этяпти, аммо бу борада айрим муаммолар бор. Чунки Трамп вақтида бошланган жараёнлар демократлар даврига келиб тўхтаб қолди. Бунга сабаб Трамп компанияга катта қулайликлар тақдим қилмоқчи бўлган. Масалан, TSMC компанияси 20 миллиард доллар инвестиция киритиб, шу ерда завод қурмоқчи бўлса, Трамп маъмурияти буни қўллаш мақсадида 6 миллиард доллар бериши керак эди. Бу жараёнлар Байден маъмурияти даврида тўхтаб қолган.
Охирги маълумотларга кўра, биринчи фабрикани ишга тушириш бир йилга кечиктирилган. Ўйлашимча, Трамп яна ҳокимиятга келса, завод ишга туширилади. Иккинчи фабриканинг келажаги умуман мавҳум, унга инвестициядан бошқа сабаблар ҳам бор: биринчиси, мутахассислар етишмовчилиги; иккинчиси, қайси турдаги чипларни ишлаб чиқариш. Шунинг учун ҳозир иккала томон ўртасида универсал завод қуриш масаласи муҳокама қилиняпти.
Тайван чипларига бўлган талаб АҚШнинг ўзида ҳам жуда юқори. Мутахассислар фикрича, ишга туширилиши кутилаётган мазкур икки завод йил давомида ишлаб чиқарган чиплар биргина Apple компанияси эҳтиёжларини ҳам қондира олмаслиги мумкин. АҚШнинг мазкур келишуви айнан Хитойнинг энг юқори технологик чипларга эга бўлиш жараёнини секинлаштиришга қаратилган, деб ўйлайман.
— АҚШ қанча вақтда чип ишлаб чиқариш салоҳияти бўйича Тайван даражасига етиши мумкин?
— Тайван бу салоҳиятга эришиши учун ўнлаб йиллар сарфлаган ва бу имкониятларни бошқа ҳудудларда яратиш ҳам шунча вақтга чўзилади.
Бироқ Тайван компанияси раҳбарияти бу ишга қаттиқ киришган, чунки мамлакатдаги вазият кескинлашиб, савдо йўллари ёпилса, нафақат чипни ишлаб чиқариш, балки уларни етказиб бериш ҳам катта муаммога айланади. Пандемия даврида кўплаб компаниялар айнан чип етишмаслиги сабабли муаммолар ичида қолган эди. Албатта, Жанубий Корея, Нидерландия каби мамлакатлар ҳам бу маҳсулотни ишлаб чиқаради, аммо уларнинг салоҳияти Тайван даражасида эмас.
— АҚШ ва Хитой зиддиятининг юқори чўққисида ҳарбий тўқнашувлар бўлиши мумкинми?
— Америкадаги мутахассисларнинг фикрича, Трамп даврида вазият энг кескин нуқтага бориши мумкин, лекин ҳарбий амалиёт бўлмайди. Чунки уруш ҳаракатлари ҳар икки мамлакатнинг манфаатларига зид ҳисобланади.
Уруш бўлмаслигига энг асосий сабаблардан яна бири – бу Хитой армиясининг урушлар борасидаги тажрибасизлиги. Улар 45 йилдан бери катта урушларда қатнашмаган. Хитой охирги марта 1979 йилда Ветнамдаги урушда иштирок этган.
— АҚШ ва Хитой қайси масалаларда ўзаро якдил позицияларга эга?
— Албатта, улар умумий позицияга эга бўлган масалалар бор ва улардан энг асосийси – бу дунё бўйлаб ядро қуролини ривожлантирмаслик ҳамда тарқатмаслик. Иккинчи масала эса атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масаласидир, бу ерда ҳам иккита давлатнинг позициялари бир хил.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
“Диабет — ҳаёт тарзи” мавзусида илмий-амалий конференсия бўлиб ўтди
Трамп ғалабасидан кейин Қўшма Штатларни бутунлай тарк этишни режалаштираётган Голливуд юлдузлари