
Фото: Reuters
Бир ҳафта олдин ҳам, исёнчилар Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятидан режимга қарши юришини бошлаганида Башар Асаднинг қулашини тасаввур қилиб бўлмасди. BBC шарҳловчилари кейинги кунлар ва ҳафталарда Сурия ва умуман минтақадаги вазиятдан нимани кутиш мумкинлигини таҳлил қилишди.
Россия ва Эрон ўз муаммолари туфайли Асадни ташлаб қўйишди
Ҳюго Бачега, BBC’нинг Сурия-Туркия чегарасидаги мухбири
Ҳозирда Сурия учун бурилиш палласи. Асад 2000 йилда, мамлакатни 29 йил давомида темир мушт билан бошқарган отаси Ҳафизнинг ўлимидан кейин ҳокимиятга келганди.
Кичик Асад қаттиқ назорат остидаги ва репрессив сиёсий тузилмани мерос қилиб олди, унда мухолифатга ўрин йўқ эди.
Гарчи дастлаб Башар Асад бошқача ҳукмдор — нисбатан очиқ ва у қадар шафқатсиз бўлмаган бўлиши мумкинлигига умид билдирилганди. Аммо бу умидлар тезда сароб бўлиб чиқди.
Асад хотираларда 2011 йилда ўз режимига қарши намойишларни шафқатсиз ботирган шахс сифатида қолади, бу мамлакатда бир ярим миллиондан ортиқ киши ҳалок бўлишига ва олти миллион киши қочқинларга айланишига сабаб бўлган фуқаролик урушини бошлаб берганди.
Асад Россия ва Эрон кўмагида исённи бостирди ҳамда ҳокимиятини сақлаб қолди. Москва кучли авиациясини ишга солди, Теҳрон Сурияга ҳарбий маслаҳатчиларини юборди, унинг таъсиридаги «Ҳизбуллоҳ» эса яхши тайёргарликка эга қўшини билан ҳарбий ҳаракатларда иштирок этди.
Аммо бу сафар бундай қўллаб-қувватлов бўлмади. Иттифоқчилари ўз муаммолари туфайли Асадни ташлаб қўйишди. Уларнинг ёрдамисиз Сурия қўшини «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» етакчилигидаги исёнчиларни тўхтатишни уддалай олмади, қаердадир буни шунчаки истамади.
Ноябр ойи охирида исёнчилар мамлакатдаги энг йирик иккинчи шаҳар Ҳалабни деярли қаршиликсиз эгаллашди. Кейин Ҳама ҳам уларнинг назоратига ўтди, бир неча кун ўтиб муҳим марказ — Ҳомсга исёнчилар қўшини кириб келди. Шу тариқа, Дамашқ яккаланиб қолди ва бир неча соат ўтиб мухолифатчилар пойтахтни ҳам эгаллашди.
Асадлар оиласининг эллик йилдан ошиқ вақт давом этган бошқаруви даври якунланиши минтақадаги кучлар мувозанатини ҳам ўзгартиради.
Эроннинг таъсирига яна бир кучли зарба берилди. Чунки Сурия Асад даврида эронликлар ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида ушбу гуруҳга қурол ва ўқ-дори етказиб беришда муҳим рол ўйнаган.
«Ҳизбуллоҳ»нинг ўзи Исроил билан урушда ҳолдан тойган ва унинг келажаги туман ичида қолган. Эрон томонидан қўлланувчи яна бир гуруҳ — Ямандаги ҳусийчилар — бир неча бор авиазарбаларга дучор бўлди.
Бу гуруҳларнинг бари, шунингдек, Ироқдаги айирмачилар ҳамда Ғазодаги Ҳамас Теҳрон «қаршилик ўқи» деб атаган умумийликни англатарди, аммо энди унга жиддий зарар етди.
Эрон экзистенциал деб қараладиган Исроилдагилар минтақанинг янги картинасидан хурсанд бўлишади.
Кўпчилик бу юриш Туркиянинг ёрдамисиз амалга ошмасди, деб ҳисобламоқда. Туркия чиндан ҳам Суриядаги айрим гуруҳларни қўллаб-қувватласада, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» билан алоқаси борлигини рад этади.
Сўнгги вақтларда Ражаб Тоййиб Эрдўған Асад можарога суриялик қочқинлар уйига қайтишига имкон берадиган дипломатик ечим топишга қаратилган музокараларга киришишини истаганди. Чунки улардан уч миллиондан ортиғи Туркия ҳудудида бўлиб турибди, бу эса маҳаллий аҳоли учун жуда нозик масала.
Аммо Асад бундай музокаралардан бош тортиб келганди. Сурияда кўпчилик Асад кетганидан хурсанд.
Аммо буёғига нима бўлади? «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» илдизлари «Ал-Қоида»га бориб тақалади, гуруҳ ўтмишда анча шафқатсиз ҳаракатларни амалга оширган.
Сўнгги йилларда бу гуруҳ ўзини миллатчилар ташкилоти сифатида тақдим этишга уринмоқда ва уларнинг сўнгги баёнотлари дипломатик ва муросасоз янграмоқда.
Аммо бу кўпчиликни хотиржам қила олмайди, чунки ҲТШ режим ағдарилганидан кейин нима қилмоқчи экани аниқ эмас.
Шу билан бир вақтда, кескин ўзгаришлар Суриядаги ҳокимиятда хавфли бўшлиқ юзага келтириши мумкин, бу охир-оқибат хаос ва янада кўпроқ зўравонликларга элтади.
Асад «араб баҳори»нинг сўнгги диктатори эди
BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Фрэнк Гарднер
Ливияда Муаммар Қаззофий, Тунисда Бен Али, Яманда Али Абдулла Солиҳ, Мисрда Ҳусни Муборак, энди эса Сурияда Башар Асад ҳам.
Яқин Шарқда 2011 йилда «араб баҳори» намойишларига чиққанлар «диктатор» деб атаган ҳукмдорларнинг барчаси бугунга келиб ўтмишда қолди ва «араб баҳори»нинг эмас, АҚШ босқини қурбони бўлган ироқлик Саддам Ҳусайн билан биргаликда фақат тарих дарсликларида ўрганилади.
Намойишчиларга қарши чиққанлардан биргина Баҳрайн қироли Ҳамад омон қолди, чунки у бошқалар каби «инқилобий республика»да эмас, Форс кўрфазидаги монархияда ҳукмдорлик қилган.
Яна шунинг учунки, у ён берган ва халқаро ҳуқуқшунослар томонидан таклиф этилган айрим ислоҳотларга рози бўлган. «Мен Сурия йўлидан боришим мумкин эди, — деганди у 2011 йилда, — аммо бунинг ўрнига мен уларнинг талабларига қулоқ тутдим».
Аммо у бу талабларни фақат қисман бажарган. Баҳрайн ҳали ҳам идеал демократиядан узоқда, аммо бу Башар Асаднинг Суриясидан анча бахтлироқ жой.
Ўзини ИШИД деб атаган гуруҳ беш йиллик «террор ҳукмронлиги» даврида газета сарлавҳаларини банд этган, аммо сурияликлар орасидаги қурбонларнинг кўпроқ қисми амалдаги ҳукумат ҳаракатлари туфайли бўлган.
Башар Асаднинг яхши тикилган костюмлари, афишалар ва Сурия «парламенти»нинг қарсак чалаётган вакиллари ортида ерости қамоқхоналарига сингиб кетган қон излари бор.
Исёнчилар Сурияда барқарорлик ўрнатишга қодирми?
Жереми Боуэн, BBC халқаро бўлими муҳаррири
Ҳозир минтақа сейсмик ўзгаришлар палласида. Башар Асадгача Сурияни унинг отаси бошқарган, унинг оиласи эса мамлакатга ўз хусусий бизнесидек қараган. Энди уларга Сурияда ўрин йўқ.
Сурия минтақа марказида стратегик муҳим ўрин эгаллагани туфайли у ерда бўлаётган воқеалар унинг барча қўшниларига — натижада бутун дунёга таъсир қилади.
Энди савол туғилади: суриялик исёнчилар оқиллик кўрсата оладими? Улар барқарорликни таъминлашга ҳаракат қила оладими?
Улар диний ва этник озчиликлардан қасос олмасликни ваъда қилишган, аммо аввалига бу ваъдалар бажарилишини кутиш керак.
Акс ҳолда воқеалар ривожи 2011 йил Ливияда Қаззофий ва 2003 йилда Ироқда Саддам Ҳусайн ағдарилганидан кейин рўй берган сценарийда давом этиши мумкин: қийноқлар, қон тўкилиши ва фуқаролик урушлари йиллари.
Сурияда буларнинг барчаси рўй бериб бўлган. Сурияликлар энди ҳаёти яхшиланишини хоҳлайди.
Кўп йиллар ўтиб диктатура тугади ва энди нима бўлишини олдиндан айтишнинг иложи йўқ: одамлар қасос олишни исташи ёки бошқа гуруҳлар ҳокимиятни эгаллашни истаб қолиши мумкин — чинакамига беқарорлик даври яқинлашмоқда.
Исроил Сурияда нима истаётганини аниқлаб олиши керак
Жон Доннисон, BBC’нинг Қуддусдаги мухбири
Исроил бўлаётган воқеалардан хавотирда. У аллақачон Сурия билан чегарадаги оккупация қилинган Жўлан тепаликларига қўшимча кучлар юборди.
Бизга маълум бўлишича, Исроил қўшини Жўлан тепаликларининг нариги томонидаги буфер зонага қараб ҳаракатланган ва ўтган кун давомида мазкур буфер зонага қараб келган айрим исёнчиларга зарбалар йўллаган.
Шу тариқа, исроилликлар уларга чекинишни таклиф қилмоқда.
Исроил Сурия билан чегарадошлиги фактининг ўзи исроилликларда ташвиш уйғотади ва Сурияда бор бўлган кимёвий қуроллар айримлари «Ал-Қоида»га алоқадор бўлган исёнчи гуруҳлар қўлига тушиши хавфи бор.
2011 йилда Сурияда қўзғалон бошланганида Исроил барқарорлик бўлишини истаганди. У Башар Асад ҳокимиятда қолиши тарафдори бўлганди. Ва шунга қарамай, бу вақтда Асадни «Ҳизбуллоҳ» ҳам қўллади, «Ҳизбуллоҳ» ва унинг ҳомийси Эрон эса — Исроилнинг икки асосий душмани.
Энди Исроил Сурияда нимага эришмоқчи эканини ўзи учун ҳал қилиб олиши керак бўлади.
Россиянинг Сурия ҳудудидаги базаларига нима бўлади?
Иля Абишев, BBC ҳарбий шарҳловчиси
Россиянинг Суриядаги бўлинмалари нафақат Тартусдаги ҳарбий-денгиз базасида ва Ҳмеймимдаги авиабазада, балки кўплаб бошқа жойларда бор — мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги курдлар назорати остидаги ҳудудларда, Дайр-аз-Зорда, Палмирада, Дамашқ жанубида. Улар стратегик объектларга хизмат кўрсатади ва нисбатан кам сонли.
Исёнчилар Ҳалабни эгаллаб, Ҳама, Ҳомс ва Дамашқ томон юра бошлагач, Россия қўмондонлиги Ҳмеймим ва Тартус йўналишидаги ҳарбий объектларни қўриқловчи ва уларга хизмат кўрсатувчи контингентни олиб чиқишга киришди. Аммо вазият тезлик билан ривожланди ва ҳозирча барча россиялик ҳарбийлар олиб кетилгани — аниқ эмас.
Қолаверса, Россиянинг Ҳмеймим ва Тартусдаги ҳарбий базаларини ҳам энди хавфсиз жойлар деб бўлмайди. Шанба куни исёнчилар Россия аэродромидан 30 км масофадаги тоғ тизмасига етиб келганди, бу эса уларнинг артиллерияси ва дронлари ўшандаёқ аэродромга ҳужум қилиш имкониятига эга бўлганини англатади.

Россиянинг Тартусдаги базасида турган сувости кемалари (архив фото)
Бир неча кун олдин ҳам исёнчилар колонналари бўйлаб зарбалар йўллаган Россия авиациясига нима бўлади?
Сунъий йўлдош тасвирларига қараганда, декабр бошида Россия кемалари ва катерлари Тартусдаги базани тарк этган. Аммо худди шу вақтда олинган бошқа кадрларда Россиянинг Ҳмеймимдаги авиабазага жойлаштирилган самолётлари ҳали жойида турганини кўриш мумкин.
«Базани эвакуация қилиш амалда имконсиз, — дея ёзди жума куни россиялик ҳарбий эксперт ва блогер, Fighterbomber канали муаллифи. — Энг яхши ҳолатда шахсий таркибнинг катта қисми ва ҳужжатларни эвакуация қилиб, соз ҳолатдаги самолётларни миниб кетиш мумкин».
Якшанба куни эса Fighterbomber авиабазадаги ходимлар техникаларни олиб кетишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзди: «Ихтиёримизда фақат битта аэродром қолган экан, тахмин қилиш мумкинки, техникалар Россияга олиб кетилади. Ёки Африкага ҳам бўлиши мумкин».
Блогер айни вақтда Россиянинг Тартус ва Ҳмеймимдаги базаларида ваҳима йўқлигини қайд этган. Унинг фикрича, бу Россия ва Туркия ўртасида келишув мавжудлигини англатади.
Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған 3 декабр кунги телефон мулоқотида Суриядаги вазиятни муҳокама қилганди.
Ҳозирда юзага келган вазиятда кўп нарса Туркиянинг позициясига боғлиқ. Ва катта эҳтимол билан, Анқара Россия қўшини Сурияни тўсқинликка учрамай тарк этишидан манфаатдор. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар