date

Қорақалпоғистонда хазина топилдими?

Қорақалпоғистонда хазина топилдими?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманидаги “Ақчакўл” туристик-рекреацион ҳудудидан гўёки хазина топилгани ҳақидаги хабарлар тез тарқалди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик бу воқеага қизиқиш билан муносабат билдирган бўлса, баъзилар “қимматбахо тангалар” ҳақида гапирди.

Бироқ Маданий мерос агентлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот бериб, хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди.

Агентлик маълумотига кўра, воқеа ҳақидаги хабарлар тарқалганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармаси мутахассислари жойига чиқиб текширув ўтказган. Ўрганишлар давомида соҳил ҳудудидан ҳеч қандай археологик топилма ёки маданий қийматга эга буюм аниқланмаган.

Тармоқларда тарқалган тасвирлардаги тангалар эса хазина эмас, балки бугунги кунда муомалада бўлган 2018 ва 2022 йилларда чиқарилган 200, 500 ва 1000 сўмлик тангалар экани маълум бўлган.

Ўрганиш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Маданий мерос бошқармаси, Элликқалъа тумани ҳокимлиги ҳамда тегишли мутахассислар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган. Шу билан бирга, видеомурожаатда келтирилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳам аниқланган.

Агентлик фуқароларни текширилмаган маълумотларга ишонмасликка ва фақат расмий манбаларга таянишга чақирди. Шунингдек, маданий мерос объектларига нисбатан масъулиятли муносабатда бўлиш ҳамда уларни асраб-авайлаш муҳимлиги таъкидланди.

Қорақалпоғистондаги бу воқеа эса яна бир бор интернетдаги ҳар бир “сенсацияли” хабарни расмий манбалар орқали текшириш зарурлигини кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қорақалпоғистонда хазина топилдими?