15:10 / 18.12.2024
135

Олимлар Марсда сув топиш эҳтимолини баҳолади

Олимлар Марсда сув топиш эҳтимолини баҳолади
Марс сиртида ёки ҳатто унча чуқур бўлмаган жойларда суюқ ҳолатдаги сувни топиш эҳтимоли ниҳоятда паст. Қизил сайёрада сув оқимлари ҳаракатининг эҳтимолий белгилари ҳақида фанга маълум барча маълумотларни умумлаштирган олимлар шундай хулосага келди. Бу ҳақда Proceedings of the National Academy of Sciences журнали хабар бермоқда.

Планетологлар узоқ ўтмишда Марс денгизлар, дарёлар, кўллар ва ёмғирли булутлардан иборат тўлақонли гидросферага эга бўлганига деярли шубҳа қилмайди. Сув манбалари нима сабабдан йўқолиб кетгани баҳсли масала. Фаразлардан бирига кўра, сувнинг катта қисми коинотга буғланиб кетган бўлса, бошқа фаразда “ерга ютилгани”, яъни сув молекулалари қаттиқ жинсларнинг кристалл структурасига сингиб кетгани айтилади, бу жараён гидратация дейилади.

Аммо гап шундаки, ҳозирги кунда Марсдан олинган суратларда жуда шубҳали белгилар кузатилмоқда. Масалан, жанубий яримшардаги Киммерия ери марказидаги айрим қияликларда сирли чизиқлар пайдо бўлмоқда. Бу чизиқлар йилнинг илиқ фаслида пайдо бўлиб, совуқ фаслда йўқолади. Бу эса Марсдаги ёз мавсумида ушбу ҳудудларда қандайдир жилғалар оқиши ҳақидаги фикрларни келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, Қизил сайёранинг шимолий қутби яқинидаги “Марс Арктикаси”да сувнинг эҳтимолий белгилари аниқланди. Уларни ўша ерда ишлаётган “Феникс” зонди ўз таянч устунларини тасвирга олаётганда пайқаган: устунларда музлаган сув томчиларига жуда ўхшаш кичик оқ думалоқлар пайдо бўлган.

Ҳозирга қадар бундай ҳолат назарий жиҳатдан мумкин деб ҳисобланади: Марсдаги қаттиқ совуққа қарамасдан, агар жуда ўткир ва концентрланган тузли эритмадан иборат бўлса, сайёрада сув мавжуд бўлиши мумкин. Туз сувда антифриз вазифасини бажариб, музлаш даражасини пасайтиради. Марсда бундай тузли эритма бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади. Эритмаларнинг тегишли концентрациясида сув минус 75 даража Целсийга қадар суюқ ҳолатда қолиши мумкин. Айтганча, Марсдаги ўртача ҳарорат Цельсий бўйича минус 50 даражани ташкил этади. Демак, ҳақиқатан ҳам нисбатан илиқроқ вақт оралиғида бундай эритма ҳосил бўлиши мумкин.

Бироқ Марсдаги жуда паст атмосфера босими жараёнга тўсқинлик қилади: сув фақат етарли босим остидагина суюқ ҳолатда бўла олади, аксинча муз қиздирилганда тўғридан тўғри газ ҳолатига ўтади. Шу сабабли, Марсда сув бор-йўқлиги ҳақидаги баҳслар давом этмоқда.

Олимлар Марс юзасида суюқ намакобларнинг мавжудлигини мутлақо инкор этиб бўлмаса-да, бу имконият чегарасининг энг сўнгги нуқтасида туради, яъни амалда деярли имконсиз, деган хулосага келди. Сайёрашуносларнинг таъкидлашича, Марсда ғалати мавсумий чизиқларнинг пайдо бўлишини қум ва чанг оқимларининг ҳаракати билан ҳам тушунтириш мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар Марсда сув топиш эҳтимолини баҳолади