11
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиётини қандай тайёрлаган эди?
Фото: Reuters
Исроилнинг «Моссад» разведка хизматининг икки собиқ ходими Американинг CBS телекомпаниясига Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг пейжерлари ва рациялари портлатилиши билан боғлиқ амалиёт қандай тайёрлангани ва амалга оширилгани ҳақида сўзлаб беришди. Маълум бўлишича, гуруҳ аъзолари портловчи модда жойлаштирилган рацияларни ўн йил давомида кўтариб юришган.
Жорий йил 17 сентябр кунида минглаб пейжерлар портлаган бўлса-да, суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, бу амалиёт рациялардан бошланганди.
«Моссад» ходимларидан биринчиси, ўзини Майкл деб атаган шахс (уларнинг иккиси ҳам эфирга ниқоб тақиб, қоронғиликда ўтирган ҳолда, ўзгартирилган овоз ҳамда тўқима исм билан чиққан) «Моссад» кейинроқ «Ҳизбуллоҳ»га сотилган рацияларнинг батареясига портловчи зарядларни жойлаштирганини айтиб берган.
Бу 16 минг рацияни «Ҳизбуллоҳ»га сотиш учун «Моссад сохта фирма очган ва «Ҳизбуллоҳ»га „ яхши нарх“ таклиф қилган».
«Бизда келиб чиқишини ҳеч қанақасига аниқлаб бўлмайдиган хорижий компаниялар яратиш учун ажойиб имкониятлар спектри мавжуд, — деган Майкл. — Сохта компания ортида бошқа бир сохта компания туради […] Биз ўйлаб топилган дунёни яратамиз. Биз — жаҳон киностудиясимиз. Биз сценарийларни ёзамиз, биз — режиссёрлармиз, биз — продюсерлармиз, биз — етакчи актёрлармиз, ва бутун дунё — бизнинг саҳна».
Аммо рациялардан, Сюжет муаллифи CBS эфирида тушунтиришича, «Ҳизбуллоҳ» вакиллари фақат жанговар шароитларда фойдаланган, яъни исталган вақтда минглаб қурилмаларни эгалари билан биргаликда портлатишнинг имкони бўлмаган ва «Моссад» уларга миналаштирилган пейжерларни ҳам сотишга қарор қилган.
«Моссад»нинг ўзини Габриэл деб атаган бошқа бир собиқ ходими пейжерлар амалиёти 2022 йилда бошланганини айтади.
Пейжерга портловчи моддаларни ўрнатиш учун исроилликлар Тайваннинг Gold Apollo фирмасининг оригинал маҳсулотини катталаштириши талаб этилади.
«Мен директоримиз олдига кириб, унинг столига [пейжернинг янги модификациясини] қўйган кунимни унутмайман. У ғазаб отига минганди, — дейди Габриэл. — У айтди: ҳеч ким ҳеч қачон бундай катта девайсни сотиб олмайди! Уни чўнтакда олиб юриш ноқулай! У оғир! Бу бўлмайди! Кет ва бошқа вариант билан қайт».
Ливанда пейжерлар ва рациялар ёппасига портлашидан кейин ваҳима кўтарилганди: одамлар ҳар қандай маиший техникани ишлатишга чўчиб қолганди
Габриэлнинг сўзларига кўра, у икки ҳафта давомида директорни уларнинг янги пейжери «хунук бўлса ҳам, ўзига хос безаги борлиги»га ишонтиради. Якунда барибир кўндиради.
Исроилликлар ёнидаги одамларни эмас, фақат қуролланган жангчининг ўзини ярадор қилиш учун қанча грамм портловчи модда зарурлигини аниқлаб олиш мақсадида қўлқопига пейжер ўрнатилган манекенлар билан тест ўтказади.
«Террорчи кнопкани босганида, фақат унинг ўзи яраланади. Ҳатто рафиқаси ва болалари ёнида бўлса ҳам, улар жабрланмайди — фақат террорчининг ўзи», — дейди Габриэл.
«Атрофдагиларга зарар минимал даражада бўлишини кафолатлаш учун биз барчасини икки марта, уч марта, кўп марта текшириб кўрганмиз», — дея қўшимча қилган у.
«Моссад» ходимлари рингтонларни махсус синовдан ўтказиб, пейжер эгаси албатта хабарни текшириб кўриши учун етарли даражада хавотирли ва буни талаб қиладиган қўнғироқ оҳангларини танлашган.
Бундан ташқари, улар пейжердаги хабарга жавоб бериш учун унинг эгаси қанча вақт сарфлашини ҳисоблаб чиқишган —бу ўртача етти сония бўлган.
«Труман шоуси»
Кейин «Моссад» томонидан тузилган воситачи фирма видеороликлар ва бошқа барча воситалар орқали кенг кўламли реклама кампаниясини юритишган: улар «Ҳизбуллоҳ»ни бошқаларига қараганда каттароқ ҳажмда бўлса-да, ўз пейджерлари мустаҳкам ва сувдан ҳам, чангдан ҳам қўрқмаслигига ишонтиришган.
Габриэлнинг сўзларига кўра, реклама кампанияси жуда муваффақиятли чиққан: улар «Ҳизбуллоҳ»дан бошқа салоҳиятли харидорлардан ҳам сўровлар олишган.
«Биз, албатта, ҳеч кимга ҳеч нарса сотмадик. Биз уларни қиммат нархлар билан қайтардик», — деган Габриэл.
Пейжерларни айнан «Ҳизбуллоҳ»га сотиш учун «Моссад» томонидан Венгрияда тузилган сохта воситачи фирма «Ҳизбуллоҳ» олдиндан ҳамкорлик қилиб келган Gold Apollo компаниясининг сотувлар бўйича менежерини ёллаган. У гуруҳга эскилари ўрнига яхшиланган вариантни синаб кўриш учун янги пейжерларнинг илк партиясини текинга таклиф қилган.
«Барчаси „Труман шоуси“ филмидагидек эди, биз барчасини саҳна ортидан назорат қилардик. Уларнинг [«Ҳизбуллоҳ»нинг] назарида барчаси жойидадек, барчаси юз фоизга тозадек эди: бизнесменлар, маркетинг, муҳандислар, шоурум — барчаси», — дея ўзини мақтайди Габриэл. «Оригинал пейжерлар ишлаб чиқарувчиси, Тайваннинг Gold Apollo компаниясидагилар ҳам, албатта, ўз маҳсулотини «Моссад»га сотганидан бехабар эди».
2024 йил сентябрига келиб «Ҳизбуллоҳ»да аллақачон 5000 дона «мустаҳкам, сувга чидамли», бир неча грамм кучли портловчи моддалар билан оғирлаштирилган пейжерлар бор эди.
17 сентябр куни, «икс соат» келганида, «Моссад» уларга экранда «Сиз шифрланган хабар олдингиз» ёзуви билан кўринадиган хабарлар юборади. Шифрланган хабарни очиш учун бу пейжерларда бир вақтнинг ўзида икки кнопкани босиш талаб этиларди, яъни пейжер эгаси бунинг учун қурилмани икки қўлда ушлаб, катта эҳтимол билан юзига яқин келтириши керак бўларди.
Агар улар бундай қилмаса ҳам пейжер барибир портларди, дейди Габриэл.
«Мақсад «Ҳизбуллоҳ» террорчиларини ўлдиришда эмасди, — дея изоҳлайди Габриэл. — Агар у ўлса, шунчаки ўлади. Аммо агар у яраланса, уни шифохонага олиб бориш, даволаш, бунинг учун маблағ ва куч сарфлаш керак бўлади. Ва Ливанда яшовчи қўлсиз ва кўзсиз бу одамлар жонли эслатмага айланади: биз билан ҳазиллашманг! Улар — биз Яқин Шарқдаги барчадан кучлироқ эканимизнинг жонли далиллари бўлади».
«Хавфсизлик бошқаларнинг розилигидан муҳимроқ»
Пейжерлар портлаши, кейинги куни рациялар билан бу такрорланиши оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг ўнлаб аъзолари ҳалок бўлиб, минглаб киши яраланади.
Исроилнинг мухолифлари жабрланганлар орасида жангчи бўлмаганлар ҳам бўлганига эътибор қаратиб, исроилликларни тинч аҳолини ажратмасдан ҳужум қилишда айблаган.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк бу амалиёт халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиш ва ҳарбий жиноят деб ҳисобланишини айтган.
«Исроил дунёдаги ўз обрўси ҳақида ўйлаши керак эмасми?» — дея Габриэлдан сўрайди CBS бошловчиси.
«Албатта. Аммо бу ерда гап приоритетларда. Минглаб халқинг ўлдирилмаслиги учун уларни ҳимоя қилиш биринчи ўринда. Репутация — кейин», — дея жавоб қайтарган Габриэл. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия разведкачилари аскарларни қандай асирга олишди?
Путин учинчи жаҳон уруши ҳақидаги саволга қандай жавоб берди?
Гренландия Дональд Трампга орол сотилмаслигини эслатиб қўйди
Путин МДҲ давлатлари раҳбарлари билан учрашади
Эксперт: Россияга қарши санкциялардан Ўзбекистон ва Қирғизистон кўпроқ фойда кўрди
Германияда машинада одамларни босиб кетган эркак бунга изоҳ берди
Панама президенти Трампнинг таҳдидларига қандай жавоб қайтарди?
Қушлар учун ақлли қафас тақдим этилди: ўзи овқатлантириб, ўзи тозалайди