19:45 / 25.12.2024
21

Россиядаги КХДР аскарлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?

Россиядаги КХДР аскарлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
KCNA / KNS / AFP / Scanpix / LETA
Шимолий Корея армиясида ўтган йилларни ёдга оларкан, Ҳан Ул аввало доимий ва кишини ҳолдан тойдирувчи очлик ҳиссини эслайди. Ҳарбий хизматнинг дастлабки ойида у 10 килограммга озиб кетганди: аскарлар асосан жўхори ва чириган карам билан овқатланишган.

Уч ойлик тайёргарликдан сўнг, Ҳан Улнинг айтишича, у хизмат қилган баталённинг деярли барча аскарлари шу даражада ҳолсизланганки, уларни вазн олиш учун махсус реабилитация марказига юборишга тўғри келган.

Кейинчалик, Жанубий Корея чегарасини қўриқлашга юборилганларида, жўхори ўрнига гуруч бера бошлашган. Аммо гуручнинг катта қисми аскарларга етиб келгунга қадар таъминот бўлинмалари томонидан талон-торож қилинган ва қолган-қутган қисми қум билан аралаштирилган.

Шунга қарамай, Ҳан Улнинг айтишича, унинг бўлинмаси бошқаларга қараганда яхшироқ овқатлантирилган, чунки шимолий кореялик қўмондонлар чегарада дезертирликнинг олдини олиш учун шундай тактикани қўллаган. Аммо бу тактика ҳам Ҳан Улни тўхтатиб қололмаган.

2012 йилда у ўта хавфли иш — Шимолий ва Жанубий Кореяни ажратиб турадиган демилитаризацияланган ҳудуд орқали қочишга қарор қилади.

Унинг хизмат тажрибаси ҳақидаги кечмишлари, шунингдек, шимолдан қочиб ўтган бошқа аскарларнинг ҳикоялари Россиянинг Украина билан уруши фронтига юборилган минглаб шимолий кореялик аскарлар қандай ҳолатда эканини тушуниш имконини беради.

2012 йилда қочган вақтида Ҳан Ул демилитаризацияланган ҳудудни қўриқлайдиган чегара қўшинларида хизмат қилган.
Тахминларга кўра, Пёнгянг (Пхенян) Россияга 11 мингга яқин аскар юборган, улар Россия қўшинларига август ойида Украина томонидан ҳужумда эгалланган Курск области ҳудудларини қайтариб олишда ёрдам бериш учун жалб қилинган.

Сеул, Вашингтон ва Киев бу ҳафта Курск областидаги жангларда «салмоқли миқдорда» шимолий кореялик аскарлар қатнашганини маълум қилди. Жанубий Корея раҳбарияти маълумотига кўра, уларнинг «юздан ортиғи» ҳалок бўлган ёки яраланган (бу рақамлар бошқа манбалар томонидан тасдиқланмаган).

Шу билан бирга, BBCʼга интервю берган қочқинлар ва бошқа ҳарбий мутахассислар бу бўлинмаларга паст баҳо бериш хавфли эканини таъкидлашди.

Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Россияга юборилган шимолий кореялик аскарларнинг кўпчилиги элита ҳужум бўлинмалари таркибига киради. Улар «катта жанговар руҳ»га эга, шу билан бирга, «замонавий уруш реалликларини яхши тушунишмайди».

Штурмчи бўлинмаларга фақат энг баланд бўйли ва спортга мойил эркаклар танлаб олинади, — дейди Ли Ҳён Сон. У 2000-йиллар бошларида Шимолий Корея махсус бўлинмаларида машғулот ўтказган, 2014 йилда эса ўзи дезертирлик қилган.

Ли Ҳён Сон штурмчиларни жанговар санъат асослари, пичоқ отиш ва стол буюмлари ҳамда ошхона жиҳозларидан қурол тайёрлаш бўйича ўқитган.

Штурмчи бўлинмаларнинг машғулотлари оддий шимолий кореялик бўлинмаларга нисбатан анча интенсив бўлганига қарамай, ҳатто уларда ҳам аскарлар кўпинча етарлича қорин тўйдира олмагани туфайли тўлиқ қувватдан маҳрум бўлиш ҳолатлари кузатилган.

Интернетда тарқалган, Россияда тасвирга олингани айтилаётган видеода жуда ёш ва заиф аскарлар кўриниб турибди, дейди Ҳан Ул. Уларнинг ташқи кўриниши Пёнгянгнинг пропаганда видеоларида тасвирланган шимолий кореялик аскарларнинг норғул образи билан кескин контраст ташкил қилади (пропаганда видеоларда аскарлар қўллари билан муз бўлакларини парчалаши ва металл занжирларни узиб ташлаши кўрсатилади).

Ҳан Ул ўз хизмат вақти давомида бор-йўғи уч марта ўқ узгани, у ҳам бўлса биргина ўқ отиш машғулоти чоғида содир бўлганини айтади. Унинг жанговар тажрибаси фақат бир эпизод билан чегараланган: демилитаризацияланган зонага очликдан силласи қуриган ҳолда одимлаб келган деҳқонни учратган. Деҳқон ердан қандайдир егулик топишга ҳаракат қилган. Ҳан Ул ҳар қандай бузғунчига ўт очиш буйруғини инкор қилиб, огоҳлантириш билан чекланди ва унинг кетишига имкон беради.

2000-йиллар бошларида Ли Ҳён Сон Шимолий Корея махсус бўлинмалари инструктори бўлган.
Шимолий Кореянинг ўта ёпиқлиги ва мамлакатдан ташқарига чиқадиган маълумотларнинг умумий танқислигини ҳисобга олсак, Ҳан Ул дезертирлик қилганидан бери ўтган ўн йил мобайнида мамлакат армияси нечоғлик ўзгарганини аниқ айтиш қийин. Ким Чён Ин (Ким Чен Ин) мамлакатнинг шундоқ ҳам чекланган ресурсларининг катта қисмини мунтазам армияни модернизация қилишга эмас, балки ракета дастури ва ядро қуроли яратишга йўналтирганга ўхшайди.

2019 йилда дезертирлик қилган яна бир шимолий кореялик қочқин Рю Сон Ҳённинг айтишича, армиядаги дастлабки уч йил ҳатто махсус бўлинмаларга тушганлар учун ҳам жуда оғир кечади. Ҳозирда 28 ёшдаги Рю, етти йил давомида Шимолий Корея ҳаво кучларида ҳайдовчи сифатида хизмат қилган. Унинг сўзларига кўра, бу йиллар давомида хизмат шароитлари фақат ёмонлашган, ҳатто овқатланиш рационларидан ҳам гуруч секин-аста йўқолиб борган: «Аскарларга бир неча кунлик озиқ-овқат захираси билан тоғларга юборишади ва буни «омон қолиш курсининг бир қисми» деб тушунтиришади».

Ўқув машғулотлари Корея ярим оролининг тоғли ҳудудларида ўтказилишини ҳисобга олиб, суҳбатдошлар Курск яқинидаги текисликларда жойлашган окоплардаги шимолий кореялик аскарлар жанговар ҳаракатларга қанчалик мослаша олишини савол остига қўяди.

Рюнинг фикрича, штурмчи бўлинмалар асосан фронтдаги очиқ жанглар учун эмас, душман ҳудуди ичкарисига кириб, у ерда саросима келтириб чиқариш учун тайёрланган: «Уларнинг вазифаси душман захираларига кириб, тартибсизликлар ташкил қилишдан иборат».

Шу билан бирга, Рюнинг қўшимча қилишича, Ким Чён Иннинг махсус бўлинмаларни Россияга юборишдан бошқа иложи йўқ эди. Чунки мунтазам бўлинмаларнинг аскарлари ҳарбий хизматнинг катта қисмини асосан қурилиш ишлари, озиқ-овқат етиштириш ёки ўтин ёриш билан ўтказади.

Москвада Шимолий Корея обрўсини сақлаб қолиш учун ҳам Ким Чён Ин камида асосий жанговар тайёргарлик кўникмаларига эга бўлган аскарларни юборишига тўғри келди.

Рюнинг айтишича, омон қолиш машғулотлари доирасида аскарлар бир неча кунлик гуруч захираси билан тоғларга юборилади.
Бундан ташқари, тил тўсиқлари қўшимча муаммолар келтириб чиқаради. Яқинда Украина ҳарбий разведкаси маълум қилишича, коммуникация муаммолари сабаб шимолий кореялик аскарлар янглишиб, россияликлар баталёнига қарата ўт очган ва саккиз аскарни ўлдирган.

Бу ҳолат шимолий кореялик ҳарбийлар Украинада фақат «тўп еми» экани, Путиннинг Курск области окопларига янги одам топиш бўйича жон ҳолатдаги уринишларининг белгиси ўлароқ қабул қилиниши мумкин.

Аммо шимолий кореялик собиқ ҳарбийлар бу фикр нотўғри эканини таъкидлашади. Аскарлар режимга тўлиқ содиқлиги ва уларнинг юқори жанговар руҳияти кўплаб камчиликларини қоплаши мумкин.

«Штурмчи аскарларнинг кўпчилиги ишчилар ёки колхозчилар оилаларидан чиққан, партияга садоқатли ва буйруқларни сўзсиз бажарадиган шахслар», — дейди Ҳан Ул. Унинг отаси ва амакиваччаси ҳам махсус бўлинмада хизмат қилган.

Лининг айтишича, ҳар куни тонгги сиёсий машғулотлар, аслида, мафкура асосида ўтказиладиган «маънавий синов» бўлиб, аскарларни Россиядаги хизматга руҳий жиҳатдан тайёрлашга ёрдам беради. У вақт ўтиши билан шимолий кореялик аскарлар дала шароитига кўникиб, жанговар малакага эга бўлиши ва омон қолиш йўлларини топишига ишонади.

Шимолий Корея давлат нашрлари томонидан 2024 йил март ойида эълон қилинган фотосуратларда махсус кучлар жангчилари машғулотлари тасвирланган.
Гарчи шимолий кореялик ҳарбийлардан Россияга юборилиши ҳақида фикрлари сўралмаган бўлса-да, Рюнинг айтишича, уларнинг кўпчилиги ихтиёрий равишда ҳам борган бўлиши мумкин. Карьера қилишга интиладиганлар учун бу — хизматда кўтарилиш учун ажойиб имкониятдир.

Шимолий Корея армиясидаги оғир шарт-шароитларни инобатга олганда, кўпчилик биринчи марта хорижга чиқиш имконияти пайдо бўлганидан мамнун бўлиши мумкин.

«Менимча, уларда россиялик аскарларга қараганда жанговар руҳ юқорироқ», — дейди Рю ва ўзи ҳам шу каби миссияни қабул қилишдан бош тортмаслигини тан олади.

Жанубий Корея махсус бўлинмалари собиқ қўмондони Чун Ин-бум ҳам қочқинларнинг сўзларини қўллаб-қувватлайди: «Шимолий Корея ҳарбийлари озиқ-овқат ва тайёргарлик бўйича етишмовчиликларга қарамай, жанговар қобилиятга эга. Улар тезда янги шароитларга мослашади. Улардан воз кечиб бўлмайди».

Гарчи Россия ҳар куни мингдан ортиқ йўқотишга учраётганига (қурбонлар ва ярадорлар) қарамасдан, экспертлар ва расмийлар 11 минг нафар шимолий кореялик аскар узоқ муддатли позицион урушда жиддий ўзгариш қила олмаслиги, уларни урушга жўнатиш билан иш тугамаслигини айтишмоқда. Назарий жиҳатдан КХДР Москвага 60 минггача, ротация билан 100 минггача аскар юбориши мумкин.

Чун Ин-бумнинг фикрича, бундай ҳолатда тирик кучларнинг сони сифатга дўниши, алал оқибатда Пёнгянгнинг ёрдами самарали бўлиши мумкин.

Шимолий Кореянинг собиқ ҳарбийлари фикрича, Ким Чён Ин шахсий таркиб ичидаги катта йўқотишларга қўйиб бериши ҳам мумкин. Бу унинг режими барқарорлигига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди.

«Асосан юқори доираларга ҳеч қандай алоқаси ёки таъсири йўқ аскарлар, очиғини айтганда, осонликча қурбон қилиниши мумкин бўлганлар жўнатилмоқда», — дейди Ҳан Ул.

У ўзининг жанговар отрядида юқори нуфузли оилалардан ҳеч ким йўқлигини билганда шокка тушганини эслайди. «Шунда биз фақат сарфлаш учун мўлжалланган куч эканимизни англаб етдим», — дейди у.

Қурбон бўлган аскарларнинг оилаларидан жиддий қаршилик кутиш қийин, чунки уларнинг фарзандлари қаҳрамон сифатида ёдга олинади.

«Кўплаб оилалар армияда фарзандларини йўқотган», — дейди Ҳан Ул. Масалан, унинг учинчи амакиваччаси урушда ҳалок бўлган, унинг онаси эса ўғлининг қаҳрамонликка қўшган ҳиссаси учун ҳукуматдан миннатдорчилик хати олган.

Хўш, дезертирлар бўладими?

Шимолий Корея аскарлари ва уларнинг оилалари режимга мутлақо содиқлиги ҳамда расмий мафкурага юқори ишончи Украина ва Жанубий Кореянинг умидларини йўққа чиқариши мумкин. Улар шимолий кореяликлар ҳақиқий жангга киришганда дарҳол қочиб кетади, деб умид қилишганди. Киев ва Сеул фронтда психологик таъсир кўрсатувчи операциялар ўтказиш орқали кореяликларни таслим бўлишга кўндиришни ҳам муҳокама қилган.

Шу билан бирга, уларнинг мобил телефонлари йўқдек кўринади. Украина разведкаси маълумотига кўра, шимолий кореялик бўлинмалар билан учрашувдан олдин ҳатто россиялик аскарларнинг ҳам телефонлари йиғиб олинади. Шунинг учун шимолий кореялик аскарларнинг онги ва руҳиятига таъсир ўтказиш учун овоз кучайтиргичлар орқали ташвиқот материаллари тарқатиш ёки дронлар ёрдамида варақалар ташлаш режалаштирилган.

Рю ва Ҳан Ул бир пайтлар Жанубий Кореянинг Ким Чён Ин режимига қарши ташвиқотидан таъсирланиб, дезертирлик қилишга қарор қилган. Бироқ улар бу ташвиқот фронтдан узоқда қандай ишлашини шубҳа остига олади.

Уларнинг айтишича, аскарда қочишга бўлган хоҳиш пайдо бўлиши ва бу ишга журъат қилиш учун кўп вақт талаб қилинади.

Ҳан Улнинг тахминига кўра, офицерларга қочишга уринган ҳар қандай шахсни отиш буйруғи берилган. У ўзи демилитаризация қилинган ҳудуддан қочганида жанговар шериклари унга ўйланмасдан ўт очганини жуда яхши эслайди.

«Йигирмага яқин ўқ бошимдан бир метр баландликда учиб ўтувди», — деб эслайди у.

Шимолий Корея аскарларини асирга олиш ҳам қийин вазифа бўлиши мумкин. КХДРда асирликка тушиш, яъни душманга таслим бўлиш, ўлимдан ҳам қаттиқ хижолатли ҳолат ҳисобланади. Бунга йўл қўймаслик учун аскарларга ўзларини ўлдиришни ўргатишади.

Рю машҳур «Сўнгги ўқни асра» номли ҳарбий қўшиқни эслайди: «Сиздан ҳар доим ёнингизда икки ўқ сақлаш талаб қилинади: бири душман учун, иккинчиси — ўзингиз учун».

Шу билан бирга, махсус бўлинмаларнинг собиқ йўриқчиси Ли ёрдам беришга қатъий қарор қилган. У фронтга ихтиёрий равишда бориб, шимолий кореялик аскарлар билан шахсан суҳбатлашиш истагини билдирган.

«Бу уларнинг оммавий қочишига олиб келмайди, аммо уриниб кўриш керак. Жонли таниш овозлар: мен ва бошқа шимолий кореяликларнинг овозлари — уларга кучли руҳий таъсир ўтказиши мумкин», — дейди у.

Ҳан Ул уларнинг Шимолий Кореяга эсон-омон қайтиб келишларидан ҳам умид қилади. У Россияга ёрдам бериш учун юборилган аскарлар орасида ўзининг кўплаб қариндошлари бўлиши мумкинлигини билади.

«Мен фақат уларнинг соғ-омон уйга қайтишидан умид қиламан», — дейди у.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиядаги КХДР аскарлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?