16:38 / 01.01.2025
58

Экспертлар Оқтовдаги фожиа оқибатлари ҳақида нималар дейишди?

Экспертлар Оқтовдаги фожиа оқибатлари ҳақида нималар дейишди?
25 декабр куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга учган самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушди. 38 киши ҳалок бўлган. Euronews ва Reuters Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб берган маълумотларга кўра, самолёт ҳалокатига Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбаси сабаб бўлган. Грозний устида «Украина дронлари фаоллиги кузатилаётган» вақтда самолётга ракета отилган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.

28 декабр куни Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга телефон қилиб, «Россия осмонида рўй берган фожиали ҳодиса» учун узр сўради, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Илҳом Алиев эса ушбу ҳолатда Россиядан айбдорликни расман тан олишни, қурбонларнинг оилалари ҳамда Озарбойжон давлатига товон тўлашни талаб қилмоқда. Kun.uz ушбу халқаро вазият юзасидан маҳаллий ва хорижий экспертлар билан боғланиб, улардан изоҳ олди.

Шуҳрат Расул, сиёсий таҳлилчи:
«Матбуотда Россия томони «Ковёр» тизимига апелляция қилмоқда. Бу қанақа тизим? У жорий қилинган ҳудудда, яъни ҳарбий театрда, учаётган ҳар қандай объект ўзини идентификация қилмаса, протокол бўйича уриб туширилиши керак бўлади. Энди бу маънода улар ўзларини ҳарбий протоколни бажаргандек кўрсатмоқда. Лекин жуда катта эҳтимол билан бу ерда иккита вариант бор.

Биринчиси, «Панцир-С1» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини эксплуатация қилаётганларнинг тажрибасизлиги оқибатида бўлиши мумкин. Иккинчиси эса ушбу қуролда автоматик бошқарув, нишонга олиш тизимлари мавжуд. Мана шу автоматик бошқарув тизимлари ишга тушиб кетган бўлиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев бу қасддан амалга оширилмаганини айтди. Бу билан у Россия томонига вазиятдан юзини сақлаб қолган ҳолда чиқиш учун бир имконият берди. Лекин бу имкониятдан Россия томони нимагадир фойдаланишни хоҳламаяпти.

Россия томони президент Алиев айтгандек, уч кун давомида ҳар хил ёлғон аргументлар келтириб, қандайдир қушлар галаси ёки ичидаги кислород баллони портлаб кетиши каби умуман куракда турмайдиган, бемаъни баҳоналар билан вазиятни хаспўшлашга киришиб кетди. Бу ҳақли равишда Озарбойжон томони норозилигига сабаб бўлмоқда.

Россия томони Озарбойжон президенти айтган учта шартни тўлиқ бажариб бериши керак: биринчидан, айбини расман тан олиши ва кечирим сўраши керак; иккинчидан, бу ишни қилган ҳарбийлар жазоланиши, суд бўлиши керак; учинчидан, шу самолёт ичидаги ким бўлишидан қатъи назар, Россия фуқароси ёки Озарбойжон фуқароси, ўлганлар учун алоҳида, ўлмаганлар учун эса алоҳида компенсация тўланиши керак. Авиакомпанияга ҳам самолётни йўқ қилгани учун компенсацион тўловлар берилиши керак.

Мана шу ишлар қилинса, умуман олганда, Озарбойжоннинг Россияга бўлган эътирозлари тўхтаган бўларди. Ҳозирги кунда Россиянинг тушунарсиз, тўмтоқ, ақлсиз позицияси туфайли икки мамлакат ўртасидаги стратегик муносабатларга путур етмоқда. Боз устига, зиддиятга Қозоғистон томони ҳам шерикка айланиб, уларни ноқулай аҳволга солиб қўйди.

Самир Ҳумбатов, озарбойжонлик сиёсатшунос:
Ҳозирги ишнинг аслига қаралганда, Россия Озарбойжоннинг фуқаролик самолётини нега уриб туширганини аниқ бир формада баҳолай олмаймиз. Лекин бошқа томондан қараганимизда, Россия ва Украина уруши оқибатида Озарбойжон самолёти беихтиёр уриб туширилгани айтилмоқда. Аммо мен ҳеч бундай ўйламайман. Чунки замонавий ҳаво ҳужумдан мудофаа тизимлари бундай муаммолардан холи ва Россияда бундай тизим бор.

Ўйлайманки, Россиянинг Озарбойжон самолётига зарба берганидан сўнг ўз ерида жойлашган аэропортларга қўнишига рухсат бермаслиги бу мавзуда бир қанча саволлар келтириб чиқаряпти. Россиянинг буни қилиш билан биргаликда орқа планда босқин сиёсати борлигидан ҳам кўриниб турибди. Масалан, Россия-Украина уруши даврида бир қанча Ғарб давлатларининг Россияга муносабати ва бу даврда Озарбойжоннинг тарафсиз, нейтрал сиёсати сабаб ҳам бўлиши мумкин. Лекин буни фуқаролик самолётига қилгани мантиқли келмаяпти.

Охир-оқибат 30 дан ортиқ инсон вафот этиши ва қанчадан қанча инсонлар оғир жароҳат олиши, бу худди Россиянинг Малайзия самолётига қилгани сингари айни ишни қилгани билан тенгдир. Балки тарихда биринчи марта Россия президенти бўлиб Путин бошқа давлатдан узр сўраган бўлиши мумкин. Аммо бу узрни ҳам шунчаки тўғридан тўғри сўрагани йўқ. Узрни ҳам бир бошқа формада сўради. «Ҳа, тўғри, биз буни қилдик, узр ва эвазига жавобгарликни ўз бўйнимизга оламиз ва ким буни қилган бўлса, биз уларни жазолаймиз» деган шаклда узр сўралмади. Яъни самимий узр бўлмади.

Алиев нафақат Озарбойжон фуқаролари, балки ўша самолёт бортида бўлган Қозоғистон ва Россия фуқаролари учун ҳам изоҳ сўради ва улар учун ҳам товон тўланишини талаб қилди. Бу ҳолатда Россия «Биз катта давлатмиз, энди Озарбойжондан узр сўраймизми?» деб ўйлаши мумкин. Аммо Озарбойжон давлати ўз қарорини қабул қилди.

Яна бир мавзу эса Россиянинг бу ҳаракати ўз ҳаво ҳудудида Озарбойжон фуқаролик самолётини уриши, ундан сўнг эса ҳудудидаги яқин аэропортларга йўналтирмасдан тўғридан тўғри Қозоғистон тарафга йўналтириши бир қанча саволларни туғдирмоқда. Бундан мақсад – самолётнинг денгизга тушиши ва бу билан изини йўқотиш бўлиши мумкин эди.

Бортдаги капитанларимиз бу ҳолатнинг олдини олди, йўловчиларнинг ярмига яқинининг ҳаётини қутқаришга эришди. Ўйлайманки, бу ерда Россиянинг босқин сиёсати бор. Ушбу сиёсатни узоқ вақтдирки давом эттираётган эди ва ҳозир эса очиқдан очиқ қиляпти. Россиянинг ҳозирги ҳаракати фақатгина Озарбойжонга эмас, балки бутун туркий давлатларга қарши деб ўйлайман.

Чунки бу иш бугун Озарбойжонга қилиняпти, эртага Қозоғистонга, индинга Ўзбекистонга, кейин эса бошқа давлатларга босқинлик сиёсати уюштирилиши мумкин.

Ўйлайманки, президент Алиев сўзидан ортга қайтмайди. Озарбойжоннинг талаблари аниқ қилиб ўртага қўйилди ва Россия ушбу талабларни бажармаса, Озарбойжон ҳозирги кунда янгидан муносабатларни ўрнатмайди. Ва бу муаммо ҳал этилса ҳам, Озарбойжон Россия билан эски муносабатида қолади деб ўйламайман.

Миршоҳид Асланов, Прогрессив ислоҳотлар маркази директори:
Озарбойжон ҳаво кемаси Оқтов яқинида фожиали қулаши бу урушнинг тўғридан тўғри натижасидир. Жанговар ҳаракатлар тинч аҳолининг кундалик ҳаёти билан аралашиб кетди. Россиянинг кўплаб ҳудудлари ҳаво ҳужумига учрамоқда, бу эса фуқаровий хизматлар ва ҳарбийлар орасида келишилган ҳолда ишлашни оғирлаштирмоқда.

Доимий дронлар ҳужуми шароитида Озарбойжон самолёти уриб туширилиши қандайдир бахтсиз ҳодиса эмас, афсуски «кутилган натижа»дир. Халқимизда кўза кунда эмас, кунида синади, деган гап бор. Умуман олганда, бу можаро уруш зоналарида одатдагидек ҳаёт тарзини давом эттириш мумкин деган хаёлларни пучга чиқаради. Бу нафақат фуқаро авиациясига, балки барча бошқа соҳаларга ҳам тегишли. Россияда бизнес бўладими, ишлашга кетиш бўладими, савдо-сотиқ ёки инвестиция ва технология бўладими, барча соҳалар уруш қурбонига айланиб бўлди. Россияда ҳатто таълим ҳам уруш қурбонига айланди, чунки урушни оқлаш учун тарих ҳам қайта ёзилмоқда.

Россия сукут сақлаши ва самимий кечирим сўрамаслиги сабаби бир неча омил билан боғлиқ. Биринчидан, шов-шувли халқаро ҳодисада айбни тан олмасликка уриниш, бу – стратегик ҳаракат. Қилинган ишга иқрор бўлиш нафақат Россияга қолган ишончни ҳам сўндиради, балки аниқ ва жиддий дипломатик ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин, яъни катта товон ва компенсациялар, халқаро танқид ва қўшимча санкциялар, алоқалар бузилиши ва ҳоказо. Қолаверса, бу ҳудудларга кўплаб бошқа давлатларнинг ҳаво кемалари учади, шу жумладан, Ўзбекистон авиакомпаниялари учоқлари ҳам. Уриб туширишни тан олиш, қолганларнинг ҳам парвозлари тўхтатилишига олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, воқеани атайлаб ноаниқ тарзда ушлаб туриш орқали, ўйлайманки, улар ўз фуқаролари ва учинчи давлатлар томонидан норозиликларни камайтиришга ҳаракат қилади, ҳатто бу ҳаракат Озарбойжон билан алоқалар ёмонлашувига олиб келишини билса ҳам.

Президент Алиевнинг жавобгарлик, ошкоралик ва товон тўлаш талаблари тўлиқ асосли ва халқаро қонунчиликка тўғри келади. Ушбу талаблар бу каби ҳодисалар такрорланмаслигини таъминлаш тизимини яратишни тақозо этади. Бу эса нафақат Озарбойжон, балки Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим.

Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқадиган бўлсак, биринчидан, Москва айбини яширмасдан, ўз қилмишини тўлиқ тан олиши лозим. Шу кунгача йиғилган далиллар фалокат сабабларини аниқлашга имкон бериб турганда, уларни инкор этиш – Россияни масъулиятсиз ва ишончсиз давлат сифатида кўрсатади. Иккинчидан, ушбу фалокат сабабларини аниқлаб, масъулларни очиқ жазога тортиш лозим. Ўзбекистоннинг бир нечта ҳаво компаниялари Россияга парвозларини давом эттираётган шароитларда бу биз учун жуда муҳим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё