17:02 / 08.01.2025
113

Трамп Қўшма Штатларнинг Канада қўшиб олинган харитасини кўрсатди (фото)

Трамп Қўшма Штатларнинг Канада қўшиб олинган харитасини кўрсатди (фото)
Иллюстратив фото: ГРОК
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Канадани ўз ичига олган Қўшма Штатлар харитасини кўрсатди. Сиёсатчи харитани ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғига жойлади.

Трамп 5 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонгач, Канадага таҳдид қилишни бошлади. Сиёсатчи дастлаб Мексика ва Канада товарларига 25 фоизлик, Хитойникига эса 10 фоизлик бож жорий этишини айтганди. Бу ноқонуний мигрантлар оқими ва гиёҳванд моддалар контрабандаси билан боғлиқ.

Трамп тегишли баёнотни Канада бош вазири Жастин Тюдо билан суҳбатда ҳам билдирганди. У агар тегишли чора кўрилмаса, Канада АҚШнинг 51-штати, Трюдо эса унинг губернатори бўлишини таъкидлаган. Шунингдек, Канада Қўшма Штатларга қўшиб олинган тақдирда, мамлакатдаги солиқлар 60 фоиздан кўпроққа пасайишини билдирган.

Агар Канада бизнинг 51-штатимизга айланса, уларнинг солиқлари 60 фоиздан кўпроққа камаяди, бизнеслари дарҳол икки баробар ўсади ва улар дунёдаги бошқа ҳеч қайси давлатда бўлмаган ҳарбий ҳимояга эга бўлади, деб ёзган Трамп Truth Social тармоғида.
6 январь куни Канада бош вазири Жастин Трюдо либераллар партияси раҳбари лавозимидан кетишини эълон қилди. Трамп эса бунга ҳам муносабат билдирмай қолмади. У Трюдонинг баёнотидан сўнг Канадага яна бир бор 51-штат сифатида АҚШ таркибига киришни таклиф қилди.

Фото: Трамп Канадани ўз ичига олган АҚШ харитаси / Truth Social
7 январь куни Канада ҳукумати Трампнинг таклифига қатъиян рад жавобини берди.

"Сайланган президент Трампнинг фикрлари Канадани кучли мамлакат қиладиган нарсаларни мутлақо тушунмаслигини кўрсатмоқда. Иқтисодиётимиз бақувват. Халқимиз матонатли. Биз ҳеч қачон таҳдидлар олдида орқага чекинмаймиз", деди Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли.

Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳам мамлакат ҳеч қачон АҚШнинг 51-штатига айланмаслигини таъкидлади.

"Канаданинг Қўшма Штатларнинг бир қисми бўлиш эҳтимоли йўқ. Ҳар икки мамлакатдаги ишчилар ва маҳаллий жамоалар савдо ва хавфсизлик соҳасида бир-бирларининг энг йирик ҳамкорлари эканликларидан фойда кўрмоқда", деди истеъфосини эълон қилган Жастин Трюдо.

Трамп Панама каналини ҳам АҚШ назоратига қайтармоқчи

АҚШнинг сайланган президенти Панамадан Америка ҳарбий ва савдо кемаларининг Панама канали орқали ўтиши учун транзит тўловларини пасайтиришни талаб қилган. Акс ҳолда сиёсатчи Панама каналини АҚШга қайтаришини айтган. Панада президенти Хосе Рауль Мулино канал Панамага тегишли ва мамлакат тарихининг бир қисми эканини таъкидлаган. Сиёсатчи мамлакат мустақиллиги билан суверенитет музокара мавзуси бўлиши мумкин эмаслигини айтган.

"Панама каналининг ҳар бир метри Панамага тегишли ва шундай бўлади. Мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллиги муҳокама мавзуси бўлиши мумкин эмас", деган Мулино.

Трамп Панама ҳукумати билан канални АҚШ назоратига қайтаришни муҳокама қилаётганини айтган. Панама Ташқи ишлар вазирлиги эса унинг сўзларини рад этган.

Навбатда Гренландия ҳам турибди

Трамп Гренландияни сотиб олиш режаларини биринчи муддати давомида ҳам гапирганди, аммо рад жавобини олганди. Сайловда ғалаба қозонгач, Вашингтон Гренландияни назорат қилиши кераклигини яна таъкидлаган. Бунга жавобан Гренландия парламентининг “Халқ ҳамжамияти” партияси аъзоси Аая Шемниц Дональд Трампга орол сотилмаслигини эслатиб қўйган.

Биз сотилмаймиз. Гренландия халққа тегишли”, дейган орол бош вазири Муте Эгеде. Бироқ у Гренландия Даниядан мустақил бўлиш учун интилиши кераклигини айтган.

"Тарих ва бугунги шароит шуни кўрсатдики, Дания қироллиги билан ҳамкорлигимиз тўлиқ тенгликни таъминлай олмади. Энди мамлакатимиз навбатдаги қадамни ташлаш вақти келди. Дунёнинг бошқа мамлакатлари каби, биз ҳам ҳамкорлик йўлидаги тўсиқларни — мустамлакачиликнинг кишанлари деб аташимиз мумкин бўлган ғовларни — бартараф этиш ва олдинга интилиш учун ҳаракат қилишимиз лозим", деган Эгеде.

Трамп “бутун дунёда миллий хавфсизлик ва эркинликни таъминлаш учун” АҚШ Гренландияни эгаллаб олиши “мутлақо зарурлигини” билдирган. Мазкур таҳдидлар фонида Дания Гренландия мудофаасини кучайтириб, гербини ўзгартирди.

Қирол Фредерик Х Норвегия ва Швеция билан иттифоққа ишора қилган ва 500 йилдан ортиқ вақт давомида гербда бўлган учта тожни олиб ташлашни буюрди.

Гренландия ва Фарер ороллари рамзлари — оқ айиқ ва қўчқор — икки қисмга бўлиниб, иккинчи ва учинчи майдонларга кўчирилди, Дания ва Жанубий Ютландия рамзлари эса биринчи ва тўртинчи майдонларга ўтказилди.

Трампнинг ўғли ҳам отасининг ҳудудий таҳдидларини қўллаб-қувватламоқда. 25 декабрь куни 40 ёшли Эрик Трамп ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида отаси Амазонъдан Канада, Гренландия ва Панама каналини “сотиб олаётган” расмини жойлаштирганди.

1953 йилгача Гренландия ороли ўзининг миллий комиссари ва Гренландия ишлари бўйича кенгаш томонидан бошқарилганди. Бу бошқарув Копенгагендаги Гренландия ишлари бўйича маъмурият томонидан мувофиқлаштирилган. 1953 йилда Гренландия мустамлакачилик тизими тугатилиб, Гренландия янги Дания конституциясига биноан Даниянинг бир қисмига айланган ва Дания парламентида иккита ўрин эгаллаган.

1979 йилда ўтказилган референдумда Гренландияга маҳаллий бошқарув берилди. Гренландия ишлари бўйича кенгаш бекор қилиниб, унинг ўрнига янги парламент ташкил этилди. Ушбу парламент, ўз навбатида, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш учун ижроия органи бўлган ландстингни сайлайди. Бироқ, ташқи сиёсат, мудофаа, адлия ва молия каби соҳалар Дания томонидан бошқарилмоқда.

Гренландия майдони 2,166 миллион квадрат километр бўлган дунёдаги энг катта орол бўлиб, унинг деярли 80 фоизи муз билан қопланган. У Шимолий Американинг шимоли-шарқида жойлашган. Оролда 50 мингдан сал кўпроқ аҳоли яшайди, уларнинг аксарияти инуитлар (эскимослар).

Бу мустақил давлат эмас, балки Дания таркибидаги автоном ҳудуддир. Аҳоли пунктлари асосан жануби-ғарбий қирғоқ бўйлаб тўпланган. Гренландия пойтахти Нуук.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё