17:37 / 09.01.2025
46

Канада, Дания ва Панамадагилар Трампнинг ҳудудий даъволари бўйича қандай фикрда?

Канада, Дания ва Панамадагилар Трампнинг ҳудудий даъволари бўйича қандай фикрда?
Икки ҳафтадан кейин яна АҚШ президенти лавозимига киришадиган Доналд Трамп сўнгги кунларда бирданига бир неча давлатнинг ерларига кўз олайтирди: у Канадага АҚШнинг 51-штати бўлишни таклиф қилди, Даниядан Гренландияни сотишни талаб қилди (биринчи марта эмас), Панама расмийлари билан эса Панама канали тақдирини муҳокама қилаётганини айтди.

Унинг айрим даъволари биринчи марта янграётгани йўқ — шунга қарамай, бу сафар Трампнинг сўзларига анча кескин оҳангларда реакция билдирилди.

АҚШнинг сайланган президенти Украинадаги уруш мавзусида ҳам гапирди ва бу сўзлар амалдаги президент Жо Байден ҳамда Евроиттифоқ раҳбарлари айтаётган гаплардан тубдан фарқ қилади.

Канада: «Имкони йўқ»

6 январ куни, инаугурациясига ҳали икки ҳафта вақт борлигида, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғида, ўзининг фикрича, кўплаб канадаликлар уларнинг мамлакати Американинг 51-штати бўлишини исташи ҳақида ёзди. «Қўшма Штатлар энди Канада барқарор туриши учун керак бўлган улкан савдо дефицитлари ва субсидияларга тоқат қилмайди. Жастин Трюдо буни англади ва истеъфога чиқди», — дея ёзган у.

Трампнинг бу пости канадаликлар бош вазири ўз лавозимини тарк этишини маълум қилиши ортидан пайдо бўлди.

Шундан кейин у Флоридадаги матбуот анжуманида ҳам Канада мавзусида гапирди.

«Канада ва АҚШ — ҳақиқатан ҳам бундан нимадир чиқарди. Сиз бу сунъий чизилган чегарадан халос бўласиз ва бу қандай кўринишини кузатасиз. Бу миллий хавфсизлик учун ҳам анча яхши бўларди. Унутманг, биз амалда Канадани ҳимоя қиламиз. Лекин муаммо мана шунда. У ерда дўстларим жуда кўп, Канада халқини яхши кўраман, улар ажойиб одамлар. Лекин биз уларни ҳимоя қилиш учун йилига юзлаб миллиардлаб маблағ сарфлаймиз. Биз Канадага ғамхўрлик қилиш учун йилига юзлаб миллиард сарфлаймиз. Савдо дефицити туфайли биз йўқотяпмиз… Улар [АҚШ] штатига айланиши керак».

Трамп Канадага қарши ҳарбий куч ишлатишга тайёрми, деган саволга шундай жавоб берди: «Йўқ, иқтисодий куч».

Трамп Канададан кирадиган маҳсулотлар учун 25 фоизлик тарифлар жорий қилмоқчилиги ва давлат раҳбари лавозимига киришган илк кунидаёқ шундай фармонини имзолашини билдирган.

8 январ куни Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Канада АҚШ таркибида акс эттирилган иккита харитани эълон қилди.

Ҳозирча Канада бош вазири бўлиб турган Трюдо Канада АҚШнинг бир қисмига айланиши имконияти «дўзахда қор ёғиши» имконияти билан тенглиги (оригинали: not a snowball's chance in hell)ни айтиб, икки мамлакат аввалдан савдо ҳамда ўзаро хавфсизликни таъминлаш соҳасида энг катта ҳамкорлар ҳисобланишини қўшимча қилган.

Канада ТИВ раҳбари Мелани Жоли X ижтимоий тармоғида Трамп «Канадани нима кучли давлат қилиши ҳақида тушунчага эга эмаслиги»ни намойиш этгани ҳақида ёзди.

«Бизнинг иқтисодиётимиз кучли. Одамларимиз кучли. Биз ҳеч қачон таҳдид қаршисида чекинмаймиз», — деган у.

Трюдонинг пости остида энг кескин жавобни Трампнинг яқин иттифоқчиси, унинг янги маъмуриятида ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари лавозимини эгаллайдиган Илон Маск қолдирган. «Қизча, сен энди Канада губернатори эмассан, шунинг учун нима дейишингнинг аҳамияти йўқ», — дея ёзган у. Аввалроқ Трамп ҳам Трюдони Канада «губернатори» деб атаганди, бу лавозим АҚШда штат раҳбарини ифодалаш учун қўлланади.

Дания: Гренландия «сотилмайди»

Трампнинг яна бир ҳудудий даъвоси — дунёдаги энг йирик орол Гренландия Дания таркибидаги автономия ҳисобланади. Рождество арафасида Трамп Гренландия устидан эгалик қилиш — АҚШ учун «мутлақ зарурат»лигини айтганди.

«Гренландия — бизники. Биз сотилмаганмиз ва ҳеч қачон сотилмаймиз. Биз озодлик учун узоқ давом этган курашимизни бой бермаслигимиз лозим», — дея унга жавоб қайтарганди Гренландия бош вазири Муте Эгеде.

Гренландия автономиясини ўз таркибига олувчи Дания Трампнинг баёнотидан кейин орол мудофааси харажатларини сезиларли даражада оширганди.

Дания бош вазири Метте Фредериксен 8 январ куни АҚШ Даниянинг автоном ҳудуди бўлган Гренландия устидан назорат ўрнатиш учун ҳарбий ёки иқтисодий куч ишлатиши мумкинлигига шубҳа билдирди.

«Биз шу даражагача етиб борамиз, деб ўйлаш менинг тасаввуримга сиғмайди», — деди у Даниянинг TV 2 телеканалига берган интервьсида.

Дания ҳукумати раҳбари АҚШ билан савдо урушини хоҳламаслигини таъкидлади. «Менимча, биз бир-биримиз билан мулоқот қилишда давом этишимиз ва буни тўғри бажаришимиз керак», — деди у.

АҚШнинг Гренландияга қизиқиши ортиб бораётгани яхши, лекин бу орол аҳолисини ҳурмат қилиш билан амалга оширилиши керак, дея қўшимча қилган у.

Дания қироли Фредерик ўзининг янги йил табригида Дания қироллиги «Гренландиягача» бирлашган эканини айтган ва шундай қўшимча қилганди: «Биз бирга бўлишимиз тақдирга ёзилган».

Бундан ташқари, 6 январ куни у қироллик гербини Гренландия ва Фарер оролларининг гералдик рамзлари — айиқ ва қўчқорни — йирикроқ ва кўринарли қилиб ўзгартиришга буйруқ берди.

Трампнинг баёноти фонида унинг ўғли, кичик Доналд Трамп Гренландияга ташриф буюрди. 7 январ куни у отасининг шахсий самолётида Гренландия пойтахти Нуук шаҳрига учиб келди. Кичик Трамп унинг сафари шахсий характерда экани ва автономия расмийлари билан учрашмоқчи эмаслигини айтди.

Аммо шу куни унинг отаси АҚШ Гренландия ва Панама канали устидан назоратни қўлга киритиши истагини яна бир бор баён қилиб, бунда ҳарбий йўлдан фойдаланиши мумкинлигини ҳам истисно этмади.

«Мен фақат бир гап айтишим мумкин: бизга улар иқтисодий хавфсизлик учун керак, — деди катта Трамп Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида ўтказилган матбуот анжуманида. — Мен [ҳарбий ёки иқтисодий ҳаракатлар қилмаслик] мажбуриятини зиммамга ололмайман. Нимадир қилишга тўғри келиб қолиши ҳам мумкин».

Трампнинг янги таҳдидларига Даниядан ташқаридаги сиёсатчилар ҳам муносабат билдирмоқда. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро АҚШ Гренландияга бостириб киришига ишонмаслиги, аммо Евроиттифоқдагилардан ҳеч ким ўзини бу тахлит қўрқитишга йўл қўймаслигини айтди.

«Европа иттифоқи ўз суверен чегараларига кимдир ҳужум қилишига йўл қўймаслиги аниқ — буни қайси давлат қилмоқчи эканидан қатъи назар, — деган Барро французларнинг Inter радиоси эфирида. — Бу мутлақо аён ва заррача шубҳа туғилмаслиги лозим».

«Агар саволни бошқача қўядиган бўлсак — айтайлик, „Биз фақат энг кучли ва мослашувчанлар омон қолиши мумкин бўлган даврга қайтдикми?“ — у ҳолда мен шундай дейман: „Ҳа, қайтдик“».

Евроиттифоқ ташқи дипломатия бошқармаси вакили Анита Ҳиппер Брюсселдаги брифингда журналистнинг Трамп ҳақидаги саволига жавобан Евроиттифоқ мамлакатлари суверенитетини ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлади.

«Бу дипломатик қадриятлардан бири ва биз ўз фаолиятимизда доимо таянадиган асосий тамойил», — дея эслатиб ўтган Ҳиппер.

Бу Трамп Гренландияга эга чиқиш нияти ҳақида илк бор гапириши эмас. Бунга қадар у 2019 йилда ҳам оролни сотиб олиш таклифи билан чиққанди. Гренландиянинг ўша вақтдаги бош вазири Ким Килсен ҳам Гренландия «сотилмаслиги»ни айтган, Дания бош вазири Метте Фредериксен Трампнинг таклифини «абсурд» деб атаганди. Бунга жавобан АҚШ президенти уни «разил» деб атаган ва Копенҳагенга ташрифини бекор қилганди.

Гренландия Шимолий Америкадан Европага энг яқин йўлда жойлашган, бу уни АҚШ учун стратегик аҳамиятли қилади. Шунингдек, бу ерда нефт ва бошқа фойдали қазилмаларнинг йирик захиралари ҳамда Американинг «Пайтуфик» номли йирик космик маркази жойлашган.

Қўшма Штатлар Гренландияни сотиб олиши бўйича таклиф ҳам янгилик эмас. Бу ғоя биринчи бўлим мамлакатнинг 17-президенти Эндрю Жонсон томонидан 1860-йилларда билдирилганди.

Панама: «Каналнинг ҳар бир метри Панамага тегишли»

Трампнинг учинчи ҳудудий даъвоси — дунёдаги энг муҳим сув артерияларидан бири, Тинч океанидаги Панама бўғозини Атлантика океанидаги Кариб денгизи билан боғловчи Панама канали устидан назорат ўрнатиш билан боғлиқдир. 1999 йилга қадар уни АҚШ назорат қилган, аммо ҳозирда Панама давлатига тегишли ҳисобланади.

21 декабр куни Трамп Панамани каналдан фойдаланганлик учун «бемаъни» даражада юқори тарифлар жорий этишда айблади ва уни АҚШ назоратига қайтариш билан таҳдид қилди. Унинг сўзларига кўра, канал Америка иқтисодиёти ва миллий хавфсизлиги учун ўта муҳим рол ўйнайди ва у «нотўғри қўлларга тушиб қолмаслиги керак». Кейинроқ Трамп бунда Хитойни назарда тутганини билдирди.

Бунга жавобан Панама президенти Хосе Раул Мулино «Панама каналининг ҳар бир квадрат метри Панамага тегишли экани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолажаги»ни билдирди. У канал бевосита ҳам, билвосита ҳам Хитой томонидан назорат қилинмаслигини айтиб, Панама ва АҚШнинг янги маъмурияти ўртасида яхши ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар бўлишига умид билдирди.

Трамп эса бу билан тўхтамади: кўп ўтмай у ижтимоий тармоққа АҚШнинг сунъий интеллект орқали чизилган байроғи суратини жойлаб, қуйидаги ёзувни илова қилди: «Хуш келибсиз Қўшма Штатлар каналига».

7 январ куни эса Трамп гўёки канал тақдирини Панама расмийлари билан муҳокама қилаётганини айтди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги бунга жавобан Панама ҳукумати АҚШнинг янги маъмурияти билан ҳеч қандай алоқада эмаслигини билдирди. Республика ташқи ишлар вазири Хавиер Мартинес-Ача Васкес канал суверенитети муҳокама қилинмаслиги ва «мамлакат кураши тарихининг бир қисми» эканини таъкидлади.

Трамп Флоридадаги матбуот анжуманида Панама ҳақида ҳам тўхталди.

«Панама канали — шармандалик. Панама каналига нима бўлди? [АҚШ собиқ президенти] Жимми Картер уни уларга 1 долларга берди. Даҳшатли қарор. Бу мамлакатимиз тарихида қурилган энг қимматбаҳо иншоот эди… Биз уни 1 долларга бердик, лекин битим шундан иборат эдики, улар биз билан адолатли муносабатда бўлиши керак эди. Улар биз билан адолатсиз муносабатда бўлишмоқда. Улар бошқа мамлакатларнинг кемаларига қараганда бизнинг кемаларимиздан кўпроқ ҳақ олади. Улар бизни аҳмоқ деб ҳисоблашгани учун устимиздан кулишяпти, лекин биз ортиқ аҳмоқ эмасмиз.

Панама канали мамлакатимиз учун жуда муҳимдир. Уни Хитой бошқаради. Хитой. Биз Панама каналини Хитойга бермадик, балки Панамага бердик. Ва улар буни суиистеъмол қилди. Улар бу совғани суиистеъмол қилди. Дарвоқе, уни совға қилиш умуман ярамайди. Менинг фикримча, Панама каналини беришгани учун Жимми Картер сайловда ютқазган
».

Трамп: Украина НАТОга қўшилмаслиги «тошга ўйилганди»

АҚШнинг ҳудудий даъволаридан ташқари, Трамп Украинадаги уруш мавзусида ҳам гапирган. У Россиянинг Украина НАТОга қўшилиши борасидаги туйғуларини тушунишини айтди.

«Кўп йиллар олдин Россия, Путиндан анча олдин, НАТО ҳеч қачон Украина ишларига аралашолмайди, деб айтган эди. Улар буни айтишган. Бу худди тошга ўйиб ёзилгандек эди. Қайсидир паллада Байден Киев блокка қўшилиш имкониятига эга бўлиши кераклигини айтди. [НАТОдан] кимдир Россиянинг остонасида тураркан, мен уларнинг бу бўйича ҳис-туйғуларини тушуна оламан», — деди Трамп. Унинг фикрича, агар у президент бўлганида, уруш ҳам бошланмасди.

У инаугурациядан кейин Владимир Путин билан учрашиш ниятида экани ва сулҳга ярим йилда ёки ундан ҳам камроқ вақт ичида эришиш мумкинлигини айтди. Урушнинг 24 соат ичида якунлаш тўғрисидаги ваъдасини эса ёдга олмади.

Украина расмий шахслари ҳозирча бу баёнотга муносабат билдирмади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё