Донбасс жанубидаги жанглар якунига етмоқда. Россия қўшини ой бошида Кураховони ўз назоратига олганди, яқин кунлар ичида Украина қуролли кучларининг яна бир муҳим «қалъаси» — Велика Новосилкани эгаллаб олишни кўзлаган. Аммо аммо бу амалиёт якунланмасидан регионда янги катта жанг бошланади — Донбасснинг марказий қисми учун.
У бутун урушнинг кулминациясига айланиши мумкин. Шу вақтга қадар Донецк области маркази ва шимолида (шунингдек, Харкив ва Луҳанск областларининг унга туташ ҳудудларида) РФ қуролли кучлари ҳаракатлари мувофиқлаштирилган гуруҳлар орқали ҳужум уюштирмаганди. Энди бу амалиётлар Словянск ва Краматорск агломерациясини 2025 йил охирига қадар эгаллаб олиш мақсадидаги катта юришга бирлаштирилиши мумкин.
Велика Новосилка
Россия қўшини Велика Новосилкани қуршовга олиш жараёнини якунлаган — бу муҳим район маркази ва Украина қуролли кучлари «қалъаси» бўлиб, ундаги гарнизон Донецк, Днипропетровск ва Запорижжя областлари туташган ҳудудни ҳимоя қилиш учун жойлаштирилган. Январ ойи ўрталарида РФ қуролли кучларининг посёлкага жануби-ғарбдан яқинлашган гуруҳи Нескучне ва Времевка қишлоқларини эгаллади. Бу эса Украина қуролли кучларининг Велика Новосилкани «катта ер»дан (Украинанинг асосий ҳудуди) ажратиб турувчи Мокрие Яли дарёси орқали кечувлар ўрнатиш имкониятини йўққа чиқарди.
Район маркази бир неча ой олдинроқ шимолда Украина қуролли кучларининг асосий гуруҳидан ажратиб қўйилган: украинларнинг қарши ҳужумларини қайтарган РФ қуролли кучлари дарё бўйидаги Новий Комар қишлоғига чиқишган. Украина қуролли кучлари Велика Новосилкада қанча куч қолдиргани охиригача аниқ эмас, аммо, улар катта эҳтимол билан россияликлар штурмига бардош беролмайди. РФ қуролли кучлари бир неча ҳафталик тин олишдан сўнг район марказининг шарқий чеккаларига киришга муваффақ бўлган.
Катта эҳтимол билан, Велика Новосилкадаги кичик гарнизон посёлкани тарк этишга улгуради. Аммо украин ҳарбийлари чекинишда катта йўқотишларга учраши мумкин, айниқса техникалар ва оғир қуролларни қолдириб кетишга тўғри келади: Украина қуролли кучларининг 2003 йилда ушбу ҳудудда амалга оширган юриши вақтида — об-ҳаво нисбатан қулай бўлган ёз ойларида — Мокрие Ялини кечиб ўтишга уриниш чоғида танклар ва бошқа техникалар чўкиб кетганди.
Велика Новосилка эгалланиши Россиянинг «Шарқ» гуруҳига украин қўшинини олдинроқ «Марказ» гуруҳи томонидан эгалланган Курахово шаҳри чеккаларидан ғарбга чекинишга мажбур қилиб, Донецк — Запорижжя трассасига кенг фронтда юриш қилишга имкон беради.
Курахово
Украина қўшини 31 декабр куни Кураховодаги умидсиз позицияларини ташлаб чиққанидан кейин ҳам енгил тортгани йўқ: мазкур ҳудуддаги гуруҳ ҳамон қуршов хавфи остида қолмоқда.
Кураховодан ғарбдаги мудофаа чизиқлари энди Волчя (шимолда) ва Сухие Яли (жанубда) дарёлари бўйлаб ўтмоқда. Муаммо шундаки, Кураховодан 12 километр масофада Сухие Яли Волчяга қуйилади. Россиянинг икки гуруҳи эса айнан қуйилиш жойидаги Андреевка ва Константинопол қишлоқлари томон интилмоқда.
Шимолда Волчя бўйлаб юриш қилаётган РФ қўшини аллақачон Шевченко ва Петропавловка қишлоқларини эгаллаб, Андреевка чеккаларига етиб келган. Жанубдаги гуруҳ эса Сухие Ялини шу номдаги қишлоқ ҳудудида кечиб ўтган, шунингдек Константинополга жуда яқинлашиб келган. Кураховодан чиққан рус қўшини эса украинларнинг Дачное қишлоғи ҳудудидаги позицияларини штурм қилмоқда.
Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари Донецк — Запорижжя трассаси бўйлаб янада ғарбга кетишига тўғри келади. Шу билан бирга, уларга шимолдан ва жанубдан (Велика Новосилка томондан) зарба берилиши хавфи сақланиб қолади. Украина қўшини қачон ва қаерда барқарор мудофаани тиклаши ва қуршов хавфидан қутулиши аён эмас.
Кўп нарса Россия қўмондонлиги Жанубий ҳарбий округнинг 8-умумқўшин армиясидан қаерда фойдаланишига боғлиқ, бу армия ўтган йил охирида Кураховога жануби-шарқдан ҳужум қилганди. Иккита кучли ва тажрибали мотоўқчилар дивизиясидан таркиб топган армия Вуҳледар ва Кураховога ҳужум қилиш учун «Шарқ» қўшинлар гуруҳига бириктирилганди. Энди бу вазифалар бажарилган, демак унга янги вазифалар берилиши керак. Армия «Шарқ» қўшинлар гуруҳи таркибида қолиши ва ундаги бошқа бўлинмалар билан биргаликда Донецк — Запорижжя трассаси бўйлаб Жанубий ҳарбий округнинг Запорижжя областида ҳаракатланаётган 58-армияси билан учрашгунича юриш қилиши мумкин. Шунингдек, 8-армиянинг дивизияси РФ қуролли кучларининг шусиз ҳам кучли бўлган «Марказ» гуруҳи билан шимолга — Покровскдан Часив Ярга қадар бўлган фронт чизиғи бўйлаб ҳужумга ўтиши ҳам мумкин. Бундай амалиётдан мақсад — Краматорск — Словянск агломерациясига чиқиш бўлади.
Покровск
РФ қуролли кучлари декабр ойида Украина қуролли кучлари бор эътиборини Курахово ҳамда Покровск жанубидаги ҳудудлар мудофаасига қаратганидан фойдаланиб, ушбу икки шаҳар оралиғидан зарба берди.
Украина қўшини ушбу юришни қарши ҳужумлар билан тўхтатишга уринди, аммо бунга улгурмади. Россия бўлинмалари Соленая дарёсини кечиб ўтиб, Покровск ғарбий чеккасидаги саноат зоналарига яқинлашди.
Ҳозирда Покровск 7–12 километр масофадаги Котлино ва Удачное посёлкалари атрофидаги кон комплекслари ва кокскимё корхоналар учун жанглар кетмоқда. Саноат бинолари ва конлар терриконлари мудофаа марралари учун қулайлигига қарамай, РФ қуролли кучлари ҳозирги уруш учун нисбатан тез суръатларда мақсад сари ҳаракатланмоқда — улар Покровскни Украинанинг марказий қисми билан боғловчи Е50 Днипр (шаҳри) — Донецк трассасига чиқиш учун ҳаракатланмоқда.
Шу билан бирга, РФ қуролли кучлари Соленая бўйлаб янада ғарбга юрмоқда. Бу эса украинлар мудофаасини узайтирмоқда. Агар Россия армияси трассага Котлино ва Удачное орқали чиқа олмаса, буни бошқа жойда қилишга ҳам уриниб кўриши мумкин.
РФ қуролли кучларининг бошқа бир гуруҳи ярим йиллик ҳаракатсизликдан кейин фаоллашиб, Воздвиженка қишлоғини эгаллаган ва Покровскдан шарқда Е50 трассасига чиққан.
Рус қўшини шаҳардан ғарбда ҳам Днипрога олиб борувчи йўлни тўсиб қўя олса, Покровск мудофааси кескин ёмонлашади. Шундан кейин тўғридан тўғри Покровск — Мирноград (урушга қадар аҳолиси сони қўшни посёлкалар билан қўшиб ҳисоблаганда — 150 мингдан ортиқ бўлган) агломерацияси учун жанг бошланади.
Ўртага кўп нарса тикилган: Покровск эгалланиши РФ қуролли кучларига ҳам Днипро томон, ҳам Донецк области шимолий ҳудудларига йўл очади.
Торецк ва Часив Яр
Россиянинг кўп ойлар давомида Торецк ва Часив Ярни штурм қилиб турган қўшинлари янги йилга келиб вазифани бажаришга яқинлашди. Бу шаҳарлар атрофидаги жанглар Донецк области жанубидаги юришдан буткул фарқланади. РФ қуролли кучлари тепаликларда жойлашган Часив Ярдан укаин бўлинмаларини сиқиб чиқариш учун бир йилдан ортиқ вақт давомида ҳаракат қилмоқда. Торецк агломерацияси учун кўча жанглари эса 2024 йил ёзида бошланганди. Бу шаҳарларда олдинги силжиш ҳафтасига бир неча юз метрдан ошмаган.
Торецкдаги жанглар шаҳарнинг конлар ва уларнинг терриконлари жойлашган шимолий ва шарқий чеккаларида кечмоқда. Аҳоли яшаш кварталлари эса аллақачон РФ қуролли кучлари қўлига ўтган. Украина қуролли кучларининг қаршилик ўчоқлари — темирйўл ва унинг ёқасида, шаҳар ғарбида жойлашган саноат зонаси бўлиб қолмоқда.
Часив Ярда РФ қуролли кучлари Огнеупорний комбинати ҳудудини эгаллаган — бу Украина қуролли кучларининг шаҳардаги асосий истеҳкоми эди. Бунга Россия қўшини украинларнинг комбинатга таъминот йўлини кесиб қўйиб, шаҳарга шимолдан бостириб кириш орқали эришилди. Энди жанглар бир вақтлар Часив Яр маркази бўлган харобаларда кечмоқда.
Катта эҳтимол билан, яқин ойлар ичида Россиянинг Торецк ва Часив Ярга ҳужум қилаётган гуруҳлари бир вақтнинг ўзида йирик Константиновка шаҳрига яқинлашади — бу Краматорск — Словянск агломерациясининг энг жанубида жойлашган аҳоли яшаш пунктидир.
Украина қуролли кучларининг бу йўналишдаги муаммолари кўп жиҳатдан бу ердаги қўшинларнинг бир қисми фронтнинг бошқа участкалари, жумладан, Курск областига олиб кетилгани туфайли бўлди.
Купянск ва Лиман йўналишлари
РФ қуролли кучлари Краматорск ва Словянскка шимолдан яқинлаштириши керак бўлган амалиётни давом эттирмоқда. Аммо ҳозирги илгарилаш суръатлари бу вазифани 2025 йилда бажариш учун умид бермайди.
Россия қўшини Украина қуролли кучларини ҳудудни шимолдан жанубга қараб кесиб ўтувчи Оскол дарёси ортига чекинтиришга уринмоқда. Кузда улар Купянскдан жанубда дарё бўйига етиб келганди, аммо ўтган вақт ичида бу муваффақиятини ривожлантира олмади.
Купянскнинг шарқий соҳилдаги қисмини зирҳли техникалар билан эгаллаш учун уринишлар ҳам муваффақиятсизликка учраган.
Энди рус қўшини Осколга жанубдаги Терн ва Макийивкадан шимолдаги Бороваяга қадар бўлган кенг фронт бўйлаб етиб келишга уринмоқда.
Бундан ташқари, РФ қуролли кучлари Осколни кейин дарёнинг ғарбий соҳили бўйлаб жанубга юриш учун Купянскдан шимолда ҳам кечиб ўтган. Украина қуролли кучлари бир неча ҳафтадан буён ушбу плацдармни бартараф эта олмаяпти, аммо унинг кенгайтирилишига ҳам йўл қўймаяпти.
Украина қуролли кучларининг бу йўналишдаги муаммолари ҳам бу ердаги энг жанговар бўлинмалар фронтнинг бошқа участкаларига олиб кетилгани билан боғлиқ.
Курск области
Украина қуролли кучлари кузги муваффақиятсизлик ва чекинишдан кейин Суджа райони маркази атрофида мустаҳкам ҳимоя чизиғи яратишга муваффақ бўлган. Куз давомида ва қишнинг илк ойларида фронт чизиғи тахминан икки баробарга қисқарди. Ва энди украин қўшинининг бу ҳудуддаги тиғиз жойлашуви (тўқнашув чизиғининг ўртача бир километрини бир баталён ҳимоя қилмоқда ва бу баталёнларнинг кўпчилиги — Украина қуролли кучларидаги энг жанговар тузилмалар сирасига киради) бутун фронтдаги энг юқориси бўлиб турибди.
Россия гуруҳи ҳам асосан ҳаво десант қўшинлари ва денгиз пиёдаларининг энг яхши бўлинмаларидан таркиб топган. Аммо Донбасс жанубидаги вазиятдан фарқли ўлароқ улар бу фронтда сон жиҳатдан рақибдан катта устунликка эга эмас.
Россия юришининг дастлабки ойидан кейин Украина қуролли кучлари мудофаасида бир неча ўта муҳим пунктлар борлиги ойдинлашди: плацдарм шимолидаги мудофаа қурилган Малая Локня; унинг жануби-ғарбий қисмида, Украина билан чегарадаги Свердликово; Суджанинг жанубий чеккалари.
РФ қуролли кучлари учала пунктни ҳам эгаллашга уринмоқда. Айниқса Малая Локня атрофида оғир жанглар кечмоқда, бу ерда позициялар кўп марта қўлдан қўлга ўтмоқда. Суджадан жанубда Россия қўшини Украина қуролли кучларининг Махновкадаги қарши ҳужумлари билан тўхтатилган.
РФ қуролли кучлари Свердликовога янги йўналишдан ҳужум бошлаган — бу сафар Курск областининг Украина билан чегараси бўйлаб ҳаракат қилинмоқда. Россия қўшини Курск областидаги Николаево-Даринони қайтариб олган ва Украинанинг Суми области билан чегарани кесиб ўтган.
Россия қўшини Суджага яқинлашгани сари украинлар қаршилиги фақат кучайиб бормоқда. Аммо бутун фронт бўйлаб Украина қуролли кучларига жанговар кучлар етишмаётгани инобатга олинса, кичик ҳудудда икки томоннинг энг яхши тузилмалари иштирокидаги қирғинбарот Кремл учун кўпроқ фойдали бўлади.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар