National Geographic Хивани 2026 йилдаги энг яхши саёҳат йўналишларидан бири сифатида эълон қилди.
Дунёдаги энг нуфузли нашрлардан бири — National Geographic 2026 йил учун энг қизиқарли ва саёҳатчилар учун илҳомбахш манзиллар рўйхатини тақдим этди. Унда Осиё, Европа ва Америка қитъаларидаги турли йўналишлар орасида Ўзбекистоннинг қадимий Хива шаҳри ҳам бор.
Нашр муҳаррирлари ва тадқиқотчилари таъкидлашича, Самарқанд ва Бухоро аллақачон жаҳон саёҳатчиларининг эътиборида бўлса, Хива уларга нисбатан сокинроқ, гўё вақт тўхтаб қолгандек тасаввур уйғотувчи муҳитни таклиф этади. Мақолада айтилишича, Хива сайёҳга “ўтмиш билан суҳбатда бўлган” ҳисни бағишлайди.
Таъкидланишича, яқинда Тошкентдан Хивагача тезюрар поезд йўлга қўйилади, бу эса саёҳат масофасини икки баравар қисқартиради. Шунингдек, шаҳарнинг таъмирланган саройлари, масжид ва миноралари, Ичан қалъаси — ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатида экани ҳам қайд этилган.
National Geographic Хивага борувчи сайёҳларга маҳаллий маданият билан яқиндан танишишни, лазги рақси, қовун сайли ва баҳодирлар ўйинларидек фестивалларни кўришни тавсия этди. Журнал фикрича, айнан ана шу анъанавий фазилатлар Хивани замонавий дунёдаги “жонли ҳаёт кечаётган музей шаҳар”га айлантиради.
Шу билан бирга, 2026 йил учун тавсия этилган бошқа манзиллар орасида Канаданинг Квебек провинцияси, Хитойнинг Пекин шаҳри, Доминика ороллари, Марокашнинг Работ шаҳри, Британиянинг Ҳалл шаҳри, АҚШдаги Бэдлендс миллий парки, Филиппиннинг Манила шаҳри, Туркиянинг Қора денгиз қирғоқлари, Руанданинг Акагера миллий парки ва Япониянинг Ямагата префектураси бор.
Бундай нуфузли рўйхатда Хиванинг пайдо бўлиши нафақат Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг ўсиб бораётганидан, балки мамлакат маданияти ва тарихига бўлган халқаро қизиқишнинг кучайганидан далолат беради. Экспертлар таъкидлашича, бу танлов Хивани 2026 йилда жаҳон сайёҳларининг янги “мажбурий ташриф манзили”га айлантириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!