16:56 / 27.01.2025
491

Трамп нефт нархини тушириб Россияни оташкесимга мажбурламоқчи

Трамп нефт нархини тушириб Россияни оташкесимга мажбурламоқчи
АҚШ президенти Давос форумидаги нутқида Саудия шаҳзодасидан нефт нархини туширишни сўраганини айтди. Хўш, саудларнинг бу борадаги сиёсати қандай бўлади? Бу мавзу Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар баҳсига сабаб бўлди.

Ойбек Сирожов: Доналд Трамп ўзининг баёнотлари билан кўплаб давлатлар, жумладан, Канада, Хитой, Мексика, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатларга босим ўтказмоқда. Унинг навбатдаги баёнотини эса Саудия Арабистонига босим деб баҳолаш мумкин.

Ўйлашимча, Трамп бу босимлар орқали савдолашиш имкониятини яратишга уринмоқда. Унинг бу ҳаракатлари маълум даражагача натижа бериши, яъни Саудия бу борада Трампга нисбатан ён бериши, БРИКС билан ҳамкорликни имкон даражасида чеклаши ва воқеалар ривожини кузатиши мумкин. Саудиянинг Трамп даврида АҚШга 600 млрд доллар инвестиция киритиш қарори бу фикрни тасдиқлаши эҳтимоли мавжуд.

Бектош Бердиев: Трампнинг бундай тарзда Саудия шаҳзодасига мурожаат йўллашига етарлича асос бор, чунки совет иттифоқи Афғонистонга кириб келганида Саудия Арабистони АҚШ босими остида нефт нархини туширган ва бу СССРнинг иқтисодиётига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатган. Форс кўрфазида нефт қазиб олиш ҳажмини 2-3 баробар ошириши мумкин бўлган давлатлар бор ва агар улар буни уддалашса, дунё бозорида нефт нархи тушади. Бироқ мен Саудия Россия иқтисодиётини заифлаштириш учун бу йўлдан бормоқчи эмас деб ўйлайман. Чунки бу Саудия иқтисодиётига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин.

Европа ёки Америка саудияликларга инвестициялар борасида ваъдалар бериши мумкин. Аммо ҳозир Саудия уларнинг нефт соҳасидаги инвестицияларига қарам эмас. Шунинг учун бу сафар Саудия Арабистони АҚШнинг мазкур таклифини рад қилиши мумкин.

Шуҳрат Расулов: Нефт қазиб чиқарувчи давлатларнинг ОПЕК ташкилоти бор ва Россия унга тўлақонли аъзо эмас. Ташкилотнинг 2014 йилдан кейинги даврдаги сиёсати нефт қазиб олишни камайтириш орқали маҳсулот нархини юқорироқ даражада ушлаб туришга қаратилган эди. Лекин ташкилот охирги 11 йил давомида бозорни ўрганиб шуни тушундики, маълум ҳудудларга нефт экспортини чеклаш сиёсати ўзини оқламайди, чунки у чекинган бозорларни ОПЕК'ка аъзо бўлмаган давлатлар тўлдирмоқда.

Саудия Арабистони нефт соҳаси учун ваъда қилаётган инвестициянинг 80 фоизи АҚШ конларига йўналтирилади, чунки Трамп Америка ҳудудидаги барча йирик нефт конларини ишга солишини айтган ва бунинг учун катта миқдорда маблағ йўналтирилиши керак. Бунда АҚШга Саудия компанияси бориб нефт қазиб олади ва у Саудия номидан сотилади, эҳтимол АҚШ савдога улушдор сифатида қўшилиши мумкин.

Кейинги йил шу пайтларда нефт бозоридаги вазият тамоман бошқача бўлади: нарх Россия учун ҳалокатли даражада тушиб кетади. Саудия ва АҚШ ўртасидаги келишувга кўра, саудияликлар нефт бозорида маҳсулот нархини шу тариқа тушириш ва ҳажмни эгаллаш орқали зарарни қоплашга ҳаракат қилади. Бу борада бир неча ой олдин Саудия ҳукумати қарор қабул қилиб бўлган, Трамп сайловда ютган пайтиёқ келишув юз берган. Трамп нефтни қазийман, қазийман, қазийман деган шиор билан ҳокимиятга келди.

Бектош Бердиев: Саудия Арабистони нефт нархини ҳалокатли даражада тушириб юборишига ишониш жуда қийин. Чунки бу мамлакатнинг фундаментал манфаатларига зид ҳисобланади. Улар нефт бозорини ишлаб чиқариш ҳажми билан эгаллагани билан, бу барибир давлат йилни бюджетда катта камомад билан якунлашига олиб келади. Ҳар йили ғазнасига нефт экспорти орқали 100 млрддан ортиқ пул ғамлайдиган давлат бундай қалтис ишга қўл уришига сира ишонмайман.

Шуҳрат Расулов: Нефт арзон бўлади. Нефтнинг ҳукми ўқилган, бу фақат Саудия Арабистони ва АҚШ ўртасидаги келишувларга боғлиқ эмас. Инсон янги технологик занжирларга ўтяпти.

Бектош Бердиев: Трампнинг мақсади дунёни нефтга тўлдириб ташлаш эмас. У Хитойнинг электромобиллар бозорини синдириш учун, нима учун биз электромобилларга ўтириб қолишимиз керак, ўзимизнинг нефтдан фойдаланайлик деган ташаббусни илгари суряпти. Саудия Арабистонига дунёни арзон нефтга тўлдириб ташлаш нимага керак?

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг