date

Британия қироли укаси Эндрюни расман унвонлардан маҳрум қилди

Британия қироли укаси Эндрюни расман унвонлардан маҳрум қилди

Буюк Британия қиролининг укаси, шаҳзода Эндрю барча расмий унвонларидан маҳрум этилди ва энди у Виндзор қасридаги қироллик резиденциясини ҳам тарк этади. Бу ҳақда 30 октябрь куни Букинҳэм саройи расман маълумот берди.

Баёнотда таъкидланишича, шаҳзода Эндрюга Royal Lodge номли резиденция бўйича ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида расмий хабарнома юборилган. Унинг ўрнига энди Эндрю Норфолк графлигида жойлашган Сандринҳэм мулкига кўчиб ўтади. Маълум қилинишича, унинг яшаш харажатларини шахсан қирол Чарлз III ўз маблағларидан қоплайди.

Бу қарор шаҳзода Эндрюнинг номини узоқ йиллардан бери соя остида қолдирган можаро — америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан боғлиқ жинсий айбловлар фонида қабул қилинди. Эслатиб ўтамиз, Эпштейн 2019 йилда қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилган ҳолда топилган ва унга вояга етмаганлар савдоси билан шуғулланганлик айблови қўйилган эди.

Букинҳэм саройи билдиришича, шаҳзода Эндрю айбловларни рад этишда давом этмоқда, бироқ қирол Чарлз III унинг барча расмий унвонларидан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилган.
“Бу чоралар зарур, деб ҳисобланди. Қирол ҳар қандай зўравонлик қурбонлари ва жабрдийдалар билан бирдам эканини қатъий таъкидлайди”, — дейилади сарой баёнотида.

Эндрюнинг номига бўлган танқидлар яна авж олди, чунки яқинда марҳум Виржиния Жуффре ҳақидаги хотиралар нашр этилиш арафасида у Эпштейн орқали шаҳзода билан 17 ёшида жинсий алоқада бўлганини даъво қилган парчалар жамоатчиликка маълум қилинди.

Сарой маълумотига кўра, энди шаҳзода расман “Эндрю Маунтбеттен-Виндзор” номи билан юритилади. Бу унга нисбатан расмий “шаҳзода” унвонининг тугатилганини англатади.

Эслатиб ўтамиз, Эндрю бу йил октябрь ойида Йорк ҳерцоги унвонидан ҳам воз кечганини эълон қилган эди. Унга нисбатан чоралар 2022 йилдаёқ бошланган бўлиб, ўшанда у бир қатор ҳарбий ва фахрий унвонларидан маҳрум этилган ҳамда қироллик вазифаларидан четлатилган эди.

Шу билан бирга, унвондан маҳрум этиш уни тахт ворислиги рўйхатидан чиқармайди. Эндрю ҳозир ҳам Британия монархияси мерос тартибида саккизинчи ўринда қолмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, қирол Чарлзнинг бу қатъий қадами монархия обрўсини сақлаш ва жамоатчилик ишончини тиклаш учун муҳим сиёсий ва ахлоқий сигнал сифатида қабул қилинмоқда. Буюк Британия жамоатчилиги эса ҳодисани “қироллик нуфузини тиклаш йўлидаги қадам” сифатида баҳоламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британия қироли укаси Эндрюни расман унвонлардан маҳрум қилди