date

Трампнинг ядровий синовлари Нобел орзусини хавф остида қолдирди

Трампнинг ядровий синовлари Нобел орзусини хавф остида қолдирди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг ядровий синовларни қайта бошлаш ҳақидаги баёноти дунё жамоатчилиги орасида жиддий баҳсларга сабаб бўлди. Бу ҳаракат нафақат халқаро хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоланмоқда, балки унинг тинчлик бўйича Нобел мукофотини қўлга киритишга бўлган ниятига ҳам путур етказиши мумкин, деб ёзади The Washington Post.

Нашрнинг маълумотича, Трамп Пентагонга Россия ва Хитой билан “тенг шароитда” ядровий қурол синовларини бошлаш ҳақида топшириқ берган. Бу қарор, таҳлилчилар фикрича, унинг Хитой раҳбари Си Жинпинг билан бўладиган савдо музокаралари олдидан ҳарбий қудратни намойиш этишга уриниши бўлган. Шу билан бирга, бу ҳаракат АҚШнинг кўп йиллик ядровий сиёсатини кескин ўзгартириши ва глобал мувозанатга таъсир қилиши эҳтимолини кучайтиради.

Мақолада таъкидланишича, ядровий синовларни қайта бошлаш ғояси АҚШнинг тинчлик йўлидаги имижига жиддий соя солади. Қурол-яроғ назорати бўйича экспертлар ҳам Трампнинг баёнотини хавфли ва асоссиз деб баҳолашди.

Қурол-яроғ назорати ассоциацияси ижрочи директори Дэрил Кимбаллнинг сўзларига кўра, АҚШ ядровий портлаш синовларини қайта бошлаш учун ҳеч қандай техник ёки ҳарбий эҳтиёжга эга эмас. “Бу қарор сиёсий намойишдан бошқа нарса эмас. Миллий ядровий хавфсизлик бошқармаси бу ишни амалга оширишга ҳозир эмас — бундай синовларни қайта бошлаш учун камида 36 ой талаб қилинади”, деди у.

Унинг айтишича, агентлик ходимларининг катта қисми ҳозир “шатдаун” сабабли ҳақ тўланмайдиган таътилда бўлгани учун бу ғоя амалга ошиши реал эмас.

Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси тадқиқотчиси Тун Чжао эса бу баёнот Пекинни ҳам ядровий дастурни жадаллаштиришга ундаши мумкинлигини таъкидлади. “Агар Вашингтон янги технологиялар устида иш бошласа, Пекин ҳам бу йўлдан юриши эҳтимоли катта”, деди у.

Трамп 30 октябрь куни ядровий синовларни тез орада бошлашини маълум қилган. Унинг фикрича, АҚШ бошқа ядровий давлатлар каби ўз арсеналини текшириб бориш ҳуқуқига эга. Бу эса халқаро майдонда янги қуролланиш пойгаси хавфини кучайтиради.

Бу баёнотга жавобан Кремль ҳам расмий муносабат билдирди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков таъкидлашича, Россияда ўтказилган “Буревестник” ва “Посейдон” ракеталари синовлари ядровий портлашларни ўз ичига олмаган ва халқаро шартномаларни бузмаган. “Умид қиламизки, бу маълумот президент Трампга тўғри етказилган”, деди у.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Трампнинг ядровий синовлар ҳақидаги баёноти унинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Нобел тинчлик мукофотига даъвогарлик қилаётган сиёсатчи учун бу қарор нафақат дипломатик нуқтаи назардан, балки ички сиёсий майдонда ҳам зиддиятли қадам бўлиб кўрилаётир.

Шу тариқа, Вашингтондаги ядровий сиёсат атрофидаги тортишувлар янада кучаймоқда. Кўплаб экспертлар АҚШ ядровий синовларни қайта бошласа, бу нафақат глобал барқарорликни, балки дунёдаги тинчликни ҳам жиддий хавф остига қўйиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг ядровий синовлари Нобел орзусини хавф остида қолдирди