23:58 / 02.02.2025
1

Нега Илон Маск «Европага асил буюклигини қайтариш»га аҳд қилди?

Нега Илон Маск «Европага асил буюклигини қайтариш»га аҳд қилди?
Гап бу ерда унинг омма олдидаги чиқишларида нацистлардек қўл кўтариб Доналд Трампни қўллашидагина эмас. Маск Европадаги воқеалар бўйича қанақа даврийлик ва қизиққонлик билан чиқиш қилаётганида.

Кейинги ўн йилликда Европа етакчилари демократик жараёнларни Россиядан келаётган популистик партияларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий тармоқларда ёлғон ахборот тарқатиш ва сайловларга аралашиш каби гибрид таҳдидлардан қандай ҳимоя қилиш масаласини муҳокама қилиб келди, таҳдидларга қарши курашиш йўлларини излашди.

Бироқ, Илон Маск худди шу услубларни MEGA — Make Europe Great Again («Европага буюклигини қайтариш») шиори остида ишлатишни бошлаганда, Европа муайян чигалликка тушиб қолди. У бу тамойилни Трампнинг машҳур MAGA (Make America Great Again) кампаниясидан олиб, ўзининг Европа учун стратегиясига татбиқ этди.

Сўнгги йилларда Маск Америка сиёсатидаги энг нуфузли фигуралардан бирига айланди
BBC Илон Маск Британия ва Европа Иттифоқи давлатларида ҳокимият ўзгаришига нега интилаётгани ва европалик етакчилар бунга қандай жавоб қайтараётгани каби саволларга жавоб излади.

Германия ва Британия учун муқобил

Ўтган ҳафтанинг шанба куни Илон Маск Германиянинг мухолифатдаги нацистик ва ултраўнг саналувчи «Германия учун муқобил» (ГуМ) партиясининг сайловолди митингида видеомурожаат орқали иштирок этди. Унинг етакчилари ҳокимиятга келган тақдирда, нафaқат ноқонуний муҳожирларни, балки баъзи қонуний резидентларни ва ҳатто чет элдан келган немисларни ҳам депортация қилишни ваъда қилмоқда.

Галле шаҳрида катта экран орқали нутқ сўзлаган Маск ушбу партияга овоз беришга чақирди. У немислар ўз миллий маданияти ва қадриятларини ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлаб, уларни «мултимаданият йўлида йўқолиш» га йўл қўймасликка даъват этди.

Маск немис ултрўнгларини фаол қўллаши Германиядаги сайлов кампаниясидаги асосий можаро бўлиб турибди
«Болалар ўз ота-боболарининг гуноҳлари учун айбдорлик ҳис қилмаслиги керак, бобокалонлари ва момокалонлар ҳақида-ку умуман гапирмаса ҳам бўлади», — деди Маск. Бу сўзлар немис халқининг нацизм жиноятлари учун масъулияти ҳақидаги баҳсларга ишора қилгани туфайли нафақат либерал танқидчиларни, балки унинг баъзи тарафдорларини ҳам ташвишга солди. Америкалик республикачи сенатор ва Доналд Трампнинг яқин сафдошларидан бири Линдси Грэҳэм ҳам CNN орқали чиқиш қилиб, Маскнинг бу сўзларини хавфли деб атади. Унинг таъкидлашича, айниқса, Освенцим концлагери озод қилинганининг 80 йиллиги арафасида тарихни қайтадан ёзишга уриниш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Хўш, Жанубий Африкада туғилган америкалик миллиардер нега тўсатдан Европа билан қизиқиб қолди? Ҳолбуки у узоқ вақт давомида ўзини сиёсатдан узоқ тутган. Яқин-яқингача у демократларни қўллаб-қувватлаб келган: 2016 йилги сайловларда Ҳиллари Клинтонга, 2020 йилда эса Жо Байденга овоз берган.

Бироқ сўнгги бир йил ичида Маск Силикон водийсидаги энг сиёсий фаол тадбиркорга айланди. У Доналд Трампнинг сайловолди кампаниясига чорак миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаб, унинг яқин сафдошларидан бирига айланди. Шунинг ортидан у Европага ҳам эътибор қаратди ва бу ерда ҳам ўнг популистлар, миграцияга қарши бўлган сиёсатчилар ҳамда сўл либерал мафкураларга қарши чиқувчилар ҳокимиятга келишини истамоқда.

Маск Европанинг кўплаб давлатларида ўз идеалини кўради. Охирги ўн йилликда ўнгчи ва популистик партиялар кўпроқ сайловчилар ишончини қозониб, миллий ва маҳаллий сайловларда ғалаба қозонмоқда. Айрим етакчилар аллақачон у билан дўстлашиб улгурди. Масалан, Италия бош вазири Жоржа Мелони Маскни «даҳо» деб атаган.

Бироқ Европанинг энг йирик икки иқтисодиёти — Германия ва Британия ҳали ҳам умумий трендга тўлиқ бўйсунишдан бош тортмоқда. Бу эса Илон Маскни жиддий жаҳллантирмоқда. Охирги ойда бу зиддият янги босқичга чиқди. Йил бошида Маск 23 февралда Германияда ўтадиган муддатдан аввалги парламент сайловларида сайловчиларни «Германия учун муқобил» (ГуМ) партиясига овоз беришга чақирди. Ушбу партия канцлер Ангела Меркелнинг узоқ йиллик ҳокимиятига қарши реакция сифатида шаклланган бўлиб, унда статус-квога қарши турли кучлар, жумладан, ултраўнгчилар ва ҳатто неонацистлар жамланган.

Маск бу таърифларни рад этиб, ушбу партияни соғлом фикр партияси деб атади. Унинг фикрича, партия ноқонуний миграцияни тўхтатиш, бизнес ривожига ёрдам бериш ва Меркел даврида қабул қилинган атом электр станцияларига қўйилган тақиқни бекор қилиб, арзон ҳамда тоза энергия манбаларини яратишни мақсад қилган.

«ГуМни ултраўнгчи деб аташ мутлақо нотўғри. Партия етакчиси Алис Вайдел шриланкалик ҳамжинси билан бирга яшайди. Бу Ҳитлерга ўхшайди деб ўйлайсизми? Илтимос, жиддий бўлайлик», — деб ёзган Маск Die Welt газетасидаги колонкасида.

Январ ойи ўрталарида у Алис Вайдел билан ўзига тегишли X платформасида жонли эфир ўтказди. Эфир давомида улар ўзаро ҳамфикрлик мавзуларини урғулаган ҳолда, муаммоли масалаларни четлаб ўтишга ҳаракат қилишди. Миллиардер Германиядаги статус-квога қарши курашаётганини таъкидлар экан, Tesla’нинг Берлин яқинидаги заводини қуришда учраган мураккаб бюрократик жараёнлар ҳақида гапирди.

Аммо Маск ҳам, Вайдел ҳам айнан ГуМ ушбу завод қурилишига қарши чиққанига тўхталмади.

Америкалик миллиардернинг Германиядаги сайловларга аралашуви немис сиёсатчиларини ларзага солди. Турли партия вакиллари қаттиқ норозилик билдириб, бунга «демократик жараёнларга изнсиз ташқи аралашув» деб баҳо беришди.

Алис Вайдел «Германия учун муқобил» партиясининг янги, мўътадил кучларини ифода этади
Британияда лейбористлар ҳукумати ва шахсан бош вазир Кир Стармерга қарши мунтазам ҳужумларига қарамай, Маскнинг маҳаллий сиёсатга аралашувига бошида фалсафий ёндашилган эди. Бироқ, сўнгги бир ой ичида Маск Британия ҳукуматини унга жавоб қайтаришга мажбур қилди. Гап шундаки, у X ижтимоий тармоғида кенг кўламли кампания орқали мамлакатдаги энг долзарб мавзуга айланишга эришди — Англия шимолидаги кам таъминланган ва ижтимоий жиҳатдан ночор оилалардан чиққан минглаб қизларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган этник жиноий гуруҳлар мавжудлиги ошкор бўлган эски можарони қайта кўтарди.

Фактларни бузиб кўрсатиб ва нотўғри талқин қилиб, Маск Стармерни бу қўшмачи зўравонларга ёрдам беришда айблади ҳамда ички ишлар вазири ўринбосари Жесс Филипсни «жинсий тажовуз орқали геноциднинг ҳимоячиси» деб атади. Бу айбловни у Филипснинг мазкур можаро юзасидан янги миллий текширув ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватламагани билан асослади – чунки бундай текширув аввалроқ ўтказилган эди.

Британияда ҳам кўплаб кишилар Маскнинг мамлакат ички ишларига аралашувидан норози бўлди, аммо у кўтарган мавзу газеталарнинг биринчи саҳифаларидан тушмади. Натижада, ҳукумат бешта шаҳарда алоҳида суриштирув ўтказишга қарор қилди. Шунингдек, ўтмишдаги жиноят ишларини қайта кўриб чиқиш бўйича умуммиллий аудит эълон қилинди. Унда жиноятчилар ва жабрдийдаларнинг этник таркиби ҳамда ушбу жиноятларнинг маданий сабаблари ўрганилади.

Инноваторликдан тарғиботчиликкача

Тадбиркорнинг можароли сиёсатчига айланиш жараёни коронавирус пандемияси даврида бошланган. Маск локдаун пайтида Tesla заводларини ёпмасликка ҳаракат қилган ва бу уни либерал мейнстрим билан тўқнаштирган. Кўп ўтмай, у бошқа бир вирус — «woke mind virus» («уйғоқ онг вируси»)га қарши уруш эълон қилди. У бу иборани сиёсий фаросатлилик, ижтимоий адолат, ирқчиликка қарши кураш ҳамда ЛГБТ ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ғояларини танқид қилишда қўллай бошлади.

2022 йил ёз ойида унинг ўғли Ксавйе Маск ўз жинсини ўзгартиради ва Вивиан Женна Уилсон деб номланади. Бу ўзгариш отаси билан муносабатларни узишга олиб келади. Уолтер Айзексоннинг фикрича, бу воқеа Маскнинг сўл либерал қарашларга қарши фаолиятини янада тезлаштирган.

Бир неча ой ўтиб, у Twitter’ни 44 миллиард долларга сотиб олди ва ўзига мослади, ҳозирда уни Х деб номламоқда. Бироқ, Маскнинг собиқ дўсти, нейробиолог ва блогер Сэм Ҳаррисга кўра, аслида ижтимоий тармоқ Маскни ўзгартирган.

Twitter’нинг собиқ топ-менежери Брюс Дейсли эса Financial Times нашрига шундай изоҳ берган: «Маск — ўз платформаси томонидан радикаллаштирилган биринчи технологик лидер».

Маскнинг биографи Айзексон тадбиркор болаликда олган жароҳатларни қоплашга ҳаракат қилган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурмоқда — ва Twitter’ни сотиб олиш у учун бир вақтлар ўзини масхаралашган «қумлоқ»ни эгаллаб олишга ўхшайди. Аммо бошқа кузатувчилар Маскнинг сиёсатга кириб келишида ҳеч қандай ноёб жиҳат йўқ, деб ҳисоблайди.

«Компания раҳбарлари одатда маддоҳлар билан ўралган бўлади. Улар доимо ўзларининг даҳо эканини эшитиб юришади», — дейди BBC’га берган интервюсида британиялик колумнист Ник Коэн.

«Кўплаб бойлар уларда фақат бизнес қудрати эмас, балки сиёсий ҳокимият ҳам бўлиши керак, деб ўйлай бошлашади».

Аммо Маскнинг танқидчилари ҳам, унга хайрихоҳлар ҳам унинг сўнгги сиёсий аралашувларини Доналд Трамп билан иттифоқидан алоҳида ажратиб кўриб бўлмаслигини таъкидлашмоқда. Бу икки тадбиркор ва сиёсатчининг тандемигина эмас, икки мафкура уйғунлиги ҳамдир.

Британлик консерватив таҳлилчи Том Мактэйг фикрича, Маск трампизмни АҚШнинг йўқотилган буюклиги ҳақидаги мавҳум гап-сўзлардан ҳозирги дунё муаммоларига аниқ мафкуравий жавоб берадиган қарашга айлантирди.

Трампга хос аввалги Америкага бўлган носталгияга «маскизм» қўшилди — унда Марсни эгаллаб олиш ва чўчқалар миясига микрочип ўрнатиб «суперақлли онг» яратиш каби ғоялар мужассам.

Америкалик либерал тарихчи Тимоти Снайдер ҳам тадбиркорнинг Трамп билан иттифоқини Маскнинг сиёсий ҳаракатларини тушунтирувчи асосий омил деб ҳисоблайди. Бироқ, у Маск идеологиясини «технофашизм» деб атайди ва «Трамп-Маск режими»ни «Трампомасковия» (Trumpomuskovia) деб номлашни таклиф қилади.

Бошқа таҳлилчилар эса Маск қўллаб-қувватлаган турли мамлакатлардаги барча сиёсатчиларни бирлаштирадиган омил — исломга бўлган нафрат эканини таъкидлашмоқда. Шотландиянинг собиқ биринчи вазири Ҳамза Юсуф ўз мақоласида миллиардер исломофоб эканини тушунтирган.

Британияда ўнг сиёсатчилар орасида Маск айниқса Томми Робинсонга ҳурмат билан қарайди. Робинсон исломни фашизм ва нацизм билан тенглаштирган, деб таъкидлайди Юсуф.

Британиялик ўнг популист сиёсатчи Найжел Фараж (ўнгда) Маскнинг ёрдамига умид қилганди, аммо миллиардернинг ундан ҳафсаласи пир бўлди
Нидерландияда эса Маск Герт Вилдерсни қўллаб-қувватлайди. Вилдерс Қуръонни тақиқлаш ва масжидларни ёпишни талаб қилган. Германияда у «Германия учун муқобил» партиясини қўллаб-қувватлайди, бу партиянинг сайловолди дастурида «Исломга Германияда ўрин йўқ», деб номланган бўлим бор.

Шотландиялик сиёсатчи ва америкалик тадбиркор анча вақтдан бери интернетда ўзаро тортишиб келади. Маск Юсуфни «ирқчи исқирт» деб атаган, сабаби тарқалган видеоларидан бирида Юсуф Шотландиядаги ирқчилик ҳақида гапирган, аммо Маск унинг сўзларини «оқ танлиларнинг ҳаддан ташқари кўплиги» ҳақидаги арз сифатида талқин қилган.

Корпорацияларнинг дивизияси нечта?

Маскнинг сиёсий фаолиятини унинг бизнес манфаатларидан ажратиб бўлмайди. У қўллаб-қувватлаётган ўнгчи ва популист партиялар солиқларни камайтириш, назоратни бекор қилиш ва давлатнинг бизнес ишларига аралашмаслигини ваъда қилмоқда. Аммо у қарши чиққан сиёсатчилар – Британия, Германия раҳбарлари ва Европа Иттифоқи бюрократияси – эса, аксинча, америкалик IT-гигантлар устидан ўз юрисдикцияларида назоратни кучайтириш ва солиқ ҳамда жарималарни ошириш ниятида.

Европа Иттифоқининг «Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни» (DSA), жумладан, дезинформацияга қарши курашнинг етарли даражада олиб борилмаётгани учун АҚШ технология гигантларига миллиардлаб евро жарима солиши мумкин. Бироқ, фейк хабарлар билан курашиш – ижтимоий тармоқ эгалари учун молиявий жиҳатдан бефойда. Чунки бу катта маблағ талаб қилувчи фактчекерлар ишга олинишини талаб қилади. Шу билан бирга, контент ҳаққонийлиги ижтимоий тармоқларнинг бизнес моделига таъсир қилмайди — улар учун муҳими фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқда кўпроқ вақт ўтказиши. Бу мақсад йўлида фейк янгиликлар ҳам ҳаққоний янгиликлардан асло фарқ қилмайди.

Financial Times таҳлилида қайд этилишича, Facebook ўзининг фактчекерлар билан ҳамкорлигини тўхтатиш ҳақида эълон қилганида, Марк Цукерберг «Президент Трамп билан биргаликда бутун дунё бўйлаб ҳукуматлар ҳаракатларига қарши курашиш» режасини маълум қилган. 2024 йил ноябрида Meta компанияси Европа Иттифоқининг рақобат қоидаларини бузгани учун 800 млрд евро жаримага тортилган эди.

Маск билан боғлиқ вазиятда эса кўплаб экспертлар Бразилия ҳукумати унга қандай сабоқ берганини таъкидлашади. Маск маҳаллий регулятор талабларини инкор этишга уринган, лекин ҳукумат босими остида бу талабларга бўйсунишга мажбур бўлган.

Бироқ X Маскнинг асосий бизнеси эмас; у ўз капиталини асосан Tesla электромобиллари ва SpaceX космик корпорацияси орқали орттирган. Дўстона сиёсатчиларнинг ҳокимият тепасига келиши бу борада ҳам фойдали омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзини Маскнинг дўсти деб атайдиган Италия бош вазири Жоржа Мелони Италия ҳукумати, дипломатлари ва мудофаа идоралари учун хавфсиз алоқа тизимини таъминлаш борасида Starlink билан музокаралар ўтказаётганини ошкор қилди. Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, ушбу шартнома қиймати 1,5 млрд доллардан ошиши мумкин.

Бир йил муқаддам Маск ўзига тегишли ижтимоий тармоқда антисемит назарияни қўллаб-қувватлаганди — кейин эса узр сўради ва нацистларнинг Аушвиц концлагерини зиёрат қилди
Давлат корпорациядан устунми?

Замновий сиёсатшуносларнинг асосий хатоларидан бири – ҳокимият корпорацияларда, давлат эса уларга бўйсунади, деган фикрга ишониш, дейди BBC’га берган интервюсида сиёсий шарҳловчи Ник Коэн.

«Алалоқибат, ҳокимият давлатга тегишли. Томас Гоббс айтганидек, давлат ҳамон Левиафан», – деб таъкидлайди Коэн ХVII асрдаги инглиз файласуфининг давлат кучини Инжилдаги Левиафан махлуқи билан таққослашини эслатиб.

Коэн Россиянинг энг янги тарихи билан бунинг исботи, дейди Ник Коэн. 2000 йилда ҳокимият тепасига келган Путинни олигархлар назорат қилишни ўйлаган. Оқибатда, улар нафақат бойликлари, балки жонлари ҳам унинг қўлида эканини англашган. Коэнга кўра, Маскнинг Бразилия ҳукумати олдида таслим бўлиши ҳам давлат кучининг яна бир далили.

Бироқ ҳозир Маск томонда АҚШ давлатининг вазни турибди. Президентлик сайловлари жараёнида вице-президентликка номзод Жей Ди Вэнс Европага босим ўтказиб, НАТОни молиялаштиришни тўхтатиш таҳдиди билан Маскнинг бизнес лойиҳаларига қарши санкцияларни бекор қилишни талаб қилди.

Бу орада Брюссел Маскнинг аралашувига қарши қатъий чоралар кўришини маълум қилди. X ижтимоий тармоғида ёлғон маълумот ва тақиқланган контент жойлаштирилиши бўйича тергов ҳали ҳам давом этмоқда.

Британияда эса 2025 йил мартда Интернет хавфсизлиги ҳақидаги янги қонун кучга кириши керак. Уни бузган технологик компаниялар ва ижтимоий тармоқлар катта жарималар ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ник Коэннинг фикрича, ушбу қонунни қўллаш Британия ҳукуматининг Маскнинг тролл қилишларига қарши жавоб бўлиши керак.

«Биз демократияда яшаймиз ва агар қонун парламент томонидан қабул қилинган бўлса, у бажарилиши лозим. Бу АҚШ ҳукуматининг қарши жавоб чораларига сабаб бўлиши эса бошқа масала» — дейди колумнист.

Айрим шарҳловчилар Маскнинг Европа сиёсатига таъсир ўтказиш имкониятларини ҳаддан зиёд юқори баҳолаб юборишдан сақланишни тавсия қилади. Унинг ғоялари учун асосий платформа – X, аммо Британияда у машҳурлик бўйича олтинчи ижтимоий тармоқ ҳисобланади ва унинг аудиторияси сўнгги йилларда камаймоқда. Германияда X қамрови ундан ҳам кам ва у ерда тил тўсиғи ҳам мавжуд — немисларнинг ҳаммаси ҳам инглиз тилидаги янгиликларни ўқимайди, гарчи инглиз тилида гаплашсалар ҳам.

Бундан ташқари, АҚШда Маскга бўлган муносабат Трампникидан деярли фарқ қилмайди: америкаликларнинг ярмидан кўпроғи салбий, ундан камроғи эса ижобий муносабатда. Европада эса у унчалик машҳур бўлмаган шахс сифатида қолмоқда: яқинда ўтказилган ижтимоий сўровга кўра, Британияда Маскга нисбатан 44 фоиз одамлар салбий қарашда, сўралганларнинг фақат 26 фоизи ижобий фикр билдирган. Шунингдек, немисларнинг 73 фоизи Маскнинг Германия сиёсатига аралашувини нотўғри, деб ҳисоблашини айтган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг