date

Наманганда ноқонуний дори ишлаб чиқариш фош этилди

Наманганда ноқонуний дори ишлаб чиқариш фош этилди
Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабарига кўра, Наманган шаҳрида ноқонуний дори воситалари ишлаб чиқарувчи яширин цех фаолияти тўхтатилди. Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокурор ҳузуридаги департамент ва божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган махсус тезкор тадбир давомида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарадиган корхона цехи текширилди.

Бироқ, жиноятчилар қўшимчалар ўрнига сохта дори воситалари ишлаб чиқарган. Цехни тинтув қилиш жараёнида жами 138 031 қутти 9 хил дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар аниқланиб, уларнинг умумий қиймати 1,2 миллиард сўмни ташкил қилгани маълум бўлди.

Шунингдек, 1,8 миллиард сўмлик прекурсорлар, 3,4 миллиард сўмлик турли флаконлар, қопқоқлар, қутилар ва ёрлиқлар, 5,6 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар аниқланган. Тергов давомида жиноятчилар биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш учун лицензия олгани, аммо аслида 9 хил дори воситаларини тайёрлагани аниқланди.

Хусусан, улар “Пиковит” ўрнига “Пивовит”, “Канефрон” ўрнига “Канасерон”, “Эспумизан” ўрнига “Эспуметик” ва “Нистатин” ўрнига “Неститам” номлари остида сохта дори воситаларини ишлаб чиқаришган. Тергов натижасида ушбу сохта дори воситалари Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда сотилгани аниқланган.

Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наманганда ноқонуний дори ишлаб чиқариш фош этилди