15:07 / 09.02.2025
356

Украина генерали: «Залужний 2022 йилдаёқ Белгородга ҳужумни таклиф қилганди»

Украина генерали: «Залужний 2022 йилдаёқ Белгородга ҳужумни таклиф қилганди»
Виктор Назаров Украина нима учун Россия босқинига тайёр бўлмагани, уруш нима учун позицион тус олгани; Украинанинг 2022 йилги юриши муваффақияти ва 2023 йилги юриши муваффақиятсизлиги нима билан боғлиқлиги; Курск областидаги амалиёт нега керак бўлгани ва уни ким ўйлаб топгани ҳақидаги саволларга жавоб қайтарган.

Генерал Виктор Назаров 2019 йилда армиядан истеъфога чиққан бўлса-да, Украина ҚК Бош штаби раҳбарияти билан яқин ишлаган ва яқин яқингача Украинанинг ҳарбий-сиёсий ҳаёти марказида бўлган.

Айнан Назаров собиқ бош қўмондон Валерий Залужнийнинг асосий маслаҳатчиларидан бири бўлган.

2014 йилда Назаров Украина шарқидаги аксилтеррор операцияси штабини бошқарган ва Луҳанск аэропорти узра россияпараст жангарилар томонидан Украинанинг Ил-76 самолёти уриб туширилгани учун айбланган. Бу фожиада 49 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлган. У судланган ва хизматдаги лоқайдлиги учун айбли деб топилган. Бироқ украиналик қатор ҳарбийлар ва АҚШ армияси генерали Бен Ҳоджес каби халқаро экспертлар унинг ҳимоясига чиққан. 2021 йилда Украина Олий суди уни оқлаб, ишни ёпган.

Шундан сўнг Назаров Залужнийнинг бош маслаҳатчиси лавозимига тайинланган ва 2024 йил февралигача Украина Бош штабида ишлаган.

Катта уруш бошланиши ҳақида

BBC: 2022 йилдаги кенг кўламли уруш бошланганида сиз Залужнийнинг бош маслаҳатчиси эдингиз. Ўша пайтдаги вазиятни қандай баҳолагандингиз? Чиндан ҳам Украина ҳукумати уруш бўлмайди, деб ишонганмиди? Армия урушга тайёргарлик кўрганми?

Виктор Назаров
: Аввало, бир нарсага аниқлик киритиш керак. Мен ўша пайтда бош қўмондон маслаҳатчиси эдим, бу расмий лавозим эди. Кейин, 2022 йилда тузилмага ўзгартиш киритилганда, бош маслаҳатчи бўлдим.

Армия тайёргарлик кўрганми-йўқми, бу масалада бир неча муҳим жиҳатни қайд этиш керак.

Биринчидан, ҳаммамиз ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-стратегик вазиятларни тушунамиз, ўша АҚШ ва Ғарб ҳамкорлари Украинага кенг кўламли ҳарбий тажовуз эҳтимоли ҳақида олдиндан огоҳлантирганлари билан қўшиб.

Шахсий фикримга кўра, 2022 йил бошларида уруш хавфи ўртача даражада эди. Бироқ бир ой ичида хавф даражаси шиддат билан ошиб, «қизил» даражага етди.

Мен уруш хавфи жуда юқори эканини ҳис қилганман ва Бош штабнинг ҳужжатлар, режалар ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этганман. Менинг таклифларимдан баъзилари Залужний томонидан стратегик режаларга киритилган ва қуролли кучларнинг ҳаракатларини шакллантиришда қўлланган.

Генерал-майор Назаров узоқ вақт Украина ҚК бош штаби оператив бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари бўлган. АТО бошланганида у амалиётлар штабини бошқарган
Лекин Украина армияси қуролли агрессияни қайтаришга тўлиқ тайёр бўлиши учун бир неча муҳим шартлар бажарилиши керак эди.

Биринчи ва энг асосий шарт — Президент, яъни Олий Бош қўмондон томонидан қуролли кучларни қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиниши. Бу расмий ҳужжатларда қуролли кучлар ва бошқа мудофаа кучларини ишлатиш сифатида қайд этилади. Агар бундай қарор бўлмаса, армиянинг фаол ҳаракатлари қонун доирасидан ташқарига чиқади.

Қуролли кучлар қурол ишлатиши учун ҳуқуқий шароитлар яратилиши керак. Бундай ҳуқуқий шартлар учун асосий — ҳарбий ҳолат жорий этилиши эди.

Ҳарбий ҳолат жорий этилганида, тинч даврда фаолият юритадиган фуқаролик идоралари ва маҳаллий ҳокимиятлар ўрнига ҳарбий-фуқаролик маъмуриятлари ташкил этилади.

Бу алоҳида таҳлил талаб қиладиган масала, лекин душман ҳужуми бошланган пайтда бу қарорлар ҳали қабул қилинмаган эди. Яъни, уруш бошланганда қуролли кучлардан фойдаланиш тўғрисида расмий қарор йўқ эди, ҳарбий сафарбарлик тўғрисида қарор қабул қилинмаганди, ҳарбий ҳолат ҳам жорий этилмаган эди.

BBC: Демак, сизнингча, сиёсий раҳбарият, аниқроғи президент Володимир Зеленский ҳарбий ҳолатни 24 февралда эмас, унгача жорий қилиши керак эди, шундайми? (Зеленский ҳужум арафасида ҳарбий ҳолат фақат «кенг кўламли эскалация» ва «Украинага қарши йирик уруш» бошланганда жорий этилишини айтган, шунингдек, бундай сценарийга ишонмаслигини таъкидлаган — таҳр.)

В.Назаров
: Қаранг, қуролли кучлардан фойдаланиш ҳақидаги қарор бир ой ёки ҳатто икки ой олдин қабул қилиниши мумкин эди.

BBC: Қуролли кучлардан фойдаланиш, ҳарбий ҳолатни жорий этиш ва сафарбарлик ўтказиш таклифлари Зеленскийга олдиндан киритилган, у таклифларни рад этган, деб тушунсак бўладими?
В.Назаров
: Бу ҳақда аниқ гапира олмайман, чунки бундай йиғилишларда иштирок этмаганман.

BBC: Агар бу чоралар аввалроқ қабул қилинганида, Украина урушнинг илк кунларида Херсон областини қўлдан борй бермаган бўлармиди?
В.Назаров
: Менимча, агар мудофаа ҳаракатлари олдинроқ режалаштирилганида, Украина жанубда – Херсон ва Запорижжя областларида, шунингдек, шимолда – Киев ва Черниҳив областларида анча яхши позицияни сақлаб қолган бўлар эди. Яъни, душман урушнинг дастлабки кунларида Украина армияси бундай ҳужумга тайёр эмаслигидан фойдаланиб қўлга киритган муваффақиятига эга бўлмас эди.

Херсондаги мағлубият

BBC: Баъзи тахминларга кўра, Херсон областидаги мағлубият учун фақат ҳарбий раҳбарият жавобгар бўлиши мумкин. Масалан, Қрим йўлаги вақтида миналаштирилмаган ёки нотўғри мустаҳкамланган, дейишади. Сиз буни қандай баҳолайсиз? Россия армиясининг Қримдан ҳужум қилиши учун ким жавобгар?

В.Назаров
: Менинг фикримча, айбни фақат ҳарбийларга юклаш тўғри эмас. Бу ҳақиқий ҳолатни манипуляция қилиш ёки одамлар онгига таъсир ўтказишга уриниш.

Мудофаа — бу фақат ҳарбийлардан иборат жараён эмас. У сиёсий, дипломатик, иқтисодий, ахборот ва ҳатто илмий чоралар мажмуасини қамраб олади. Қўшинлар сони ва имкониятлар нуқтайи назаридан, армия бу вазифани бажаришга қодир эмасди.

2022 йил бошида Украина армияси таркибида 24 та қуролли бригада бор эди. Уларнинг ярми шарқий фронтда, Бирлашган кучлар операцияси таркибида фаолият юритаётган эди.

Қолган 12 та бригада эса бутун мамлакат ҳудудини ҳимоя қилиш учун «юпқа қатлам» каби, қизил чизиқ бўйлаб чўзиб тақсимланганди. Шу сабабли, Россия қўшинлари Беларус орқали Киев ва Черниҳив томонидан, шунингдек, жанубдаги Қрим йўналишидан ҳужум қилганида, армия бу ерларда ҳужумни қайтариш учун етарли кучга эга эмасди.

Чунки қўшинларни тўлиқ оператив жойлаштириш амалга оширилмаган, ҳарбий қисмлар ва бошқарув органларини ҳарбий ҳолат давридаги штатларга ўтказиш чоралари кўрилмаган. Жумладан, сафарбарлик тўғрисидаги қонунга кўра ҳам, унда сафарбарлик нима экани аниқ ёзилган. Бу давлат бошқарув органлари, маҳаллий ҳокимият органлари, ташкилотлар, корхоналар, муассасаларнинг барча шаклларини ва қуролли кучларни ҳарбий ҳолат штатларига режали равишда ўтказиш бўйича комплекс тадбирлар ҳисобланади. Бу иш амалга оширилмаган.

Қуролли кучларнинг қурол-аслаҳалар, ва барча турдаги моддий-техник воситалар билан таъминланганлик даражаси объектив равишда бу вазифани бажариш имконини бермаган.

BBC: Менинг эслашимча, 2021 ва 2022 йиллар бошида Херсон областида Украина қуролли кучлари машғулотлари ўтказилган, бу ерда ушбу йўналишдан агрессияни қайтаришга тайёргарлик мавжудлиги кўрсатилган. Демак, аслида тайёргарлик бўлмаганми?

В.Назаров
: Машғулотлар душманни тийиб туришнинг эҳтимолий воситаси сифатида ўтказилади. Агар қандайдир таҳдид мавжуд бўлса ёки биз уни таҳдид деб баҳоласак.

Лекин агар бу тадбирлар чинакам агрессияни қайтаришга тайёргарлик сифатида эмас, балки, масалан, фақатгина қандайдир намойишкорона чоралар, бизга босим ўтказиш, қўрқитиш мақсадида ўтказилаётган машғулотлар сифатида қабул қилинса...

Улар қўшин тўплаётганда айнан шундай эълон қилган: бу, аслида, фақат машғулотлар, дейишган. Демак, жавоб амалиёти одатда мутаносиб бўлади. Биз ҳам тайёргарлик тадбирларини ўтказганмиз. Лекин оператив тайёргарлик тадбирларини Украина қуролли кучларининг тўғридан тўғри жангoвар вазифаларни бажаришга тайёргарлиги билан адаштирмаслик керак.

Улар тинчлик даври шароитида, бўлинмаларнинг шахсий таркиб билан тўлиқ шакллантирилмасдан, уларни зарур барча моддий-техник воситалар, қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминламасдан ўтказилади.

BBC: Миналаштириш масаласи. Қрим ва Украинани боғловчи кичик бўйин тўлиқ миналаштирилиши, агрессия ҳолатида портлатилиши керак эди — бу душманни тўхтатарди. Лекин бу аслида жуда қийин бўлиб чиқди. Эҳтимол, сизда айнан ушбу йўлакларни миналаштириш борасида ва муаммолар ҳақида бошқача фикр борми?

В.Назаров
: Тинчлик вақтида бўйинларни миналаштириш? Сиз буни қандай тасаввур этяпсиз? Қуролли кучлар бундай амални бажариш учун юридик рухсатга эга эмас. Тинчлик вақтида бирор ерни миналаштириш мумкин эмас, чунки бу давлат мулки ё у хусусий мулк, ёки фермерларга тегишли ер бўлиши мумкин. Ҳарбий ҳолат ҳуқуқий тартиби жорий этилмас экан, бу ҳудудда бирор нарса қилишга ҳеч қандай ҳаққингиз йўқ: на ҳандақ қазиш, на ҳар қандай муҳандислик ёки истеҳком тўсиқлар ўрнатишга. Миналар ётқизиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Агар ҳарбий ҳолат жорий этилмаган бўлса, агар қўшинлар ва кучларнинг оператив қўлланиши бўйича режалар кучга киритилмаган бўлса, тинчлик вақтида ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди.

Чунки кейин бу иш учун командирлардан сўралади — улар маъмурий ёки ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин: нега улар қонунга зид равишда бундай ишни бажарган деб?

BBC: Тушунарли. Аммо 2022 йил 24 феврал куни Россия Федерациясининг кенг кўламли босқини барибир бошланди-ку?
В.Назаров
: Мен бир мулоҳаза қўшишим мумкинми?

BBC: Албатта, марҳамат.

В.Назаров
: Лекин гипотетик жиҳатдан, агар у ерда миналар жойлаштирилган деб олсак ва ҳеч қандай миналар олиб ташланмаган бўлса ҳам, бу ерда уларнинг расмий харитаси бўлиши керак, ким нима учун жавобгар экани аниқ бўлиши керак ва бу иш жанговар тайёрлик даражаларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши лозим эди.

Бизда бу борадаги норматив-ҳуқуқий база мавжуд. Давлатда таҳдид даражаси ошгани сари тайёргарлик босқичлари изчил равишда жорий этилади — «кучайтирилган ҳарбий таҳдид», «тўлиқ» даражаси каби босқичлар белгиланади ва шу асосда ким қайси босқичда қандай чораларни кўриши кералиги аниқланади. Чунки бу қарорларни қабул қилиш тўғридан тўғри ҳарбийлар масъулиятига киради — агар давлат расмий равишда бу чораларни жорий этган бўлса.

Агар давлатда бу чоралар жорий этилмаган бўлса, улар қуролли кучлар доирасида амалга оширилиши мумкин эмас.

Ҳатто фаразан у ерда миналар майдони бор, дея тахмин қилинса ҳам, миналар майдонининг ўзи мустақил равишда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, агар улар қўшинлар билан ҳимояланмаса.

2023 йилда ҳимоя ва қарши ҳужум операцияларида тактик жиҳатдан катта аҳамият касб этган «Суровикин чизиғи»нинг самардорлиги ва муваффақияти нимада эди? Аслида у мустаҳкам истеҳком иншоотлари эмасди, гарчи улар ҳам қурилган бўлса-да. Унинг самараси шунда эдики, у ерда миналаштириш шу қадар зич амалга оширилган эдики, бу совет меъёрларидан бир неча марта, ҳаттоки ўн баробар юқори бўлган.

Қолаверса, у кучли ўт очиш позициялари билан кучайтирилган эди. Бундан ташқари, дронлар фаол ишлаган, бизнинг муҳандислик ва минадан тозалаш бўлинмаларимизнинг имкониятлари жуда чекланган эди.

Мана асосий муаммо қаерда бўлган. Сиз олдинга ҳаракат қила олмайсиз, чунки барча ҳудуд шундай тарзда миналаштирилганки, сиз умуман ҳаракатлана олмайсиз.

Агар биз Қрим йўлида ёки бошқа йўналишда, бирор бир бўйинда миналар майдони мавжуд деб тахмин қиладиган бўлсак, лекин уларни ҳимоя қилиш учун етарли даражада шакллантирилган қўшин ва воситаларимиз бўлмаса, бу миналар майдони тезда босиб ўтилади. У душманга ҳеч қандай муаммо туғдирмайди.

Харкив области ва Херсон озод қилиниши

BBC: 2022 йил кузида Украина икки ҳужум операциясини муваффақиятли ўтказди. Деярли бутун Харкив области ва Херсон озод этилди. Сизнингча, бу операциялар нега бунчалик муваффақиятли ўтди ва Украина армияси учун бу муваффақиятнинг асосий шарти нима бўлган? Ҳозирча жанг майдонида бу охирги катта муваффақият ҳисобланади.

В.Назаров
: Мен буни сўнгги муваффақият деб айтмасдим. Муҳим муваффақият — биз фронт чизиғини ушлаб турибмиз.

Албатта, ҳар ким урушнинг учинчи йилига келиб Россия армияси тўлиқ тор-мор этилгани, парчалангани ва биз 1991 йилдаги давлат чегараларига муваффақиятли чиққанимизни кўришни истарди. Лекин бу жараён бундай ишламайди.

Қуролли кучлар ва мудофаа кучларининг бошқа таркибий тузилмалари ҳамда давлатнинг ўзи ҳозирги кунда ўз позициясини ушлаб туриши — бу катта муваффақият. Чунки вазият бундан ҳам бадтар бўлиши мумкин эди.

Агар контрҳужум мавзусига моҳиятига бевосита қайтадиган бўлсак — ҳарбий операцияларнинг санъатида у назарий уруш олиб бориш дейилади, амалиётда «кулминация» деган тушунча мавжуд.

Сиз ўз куч ва воситаларингизни тўғри ҳисоблашингиз, операцияларни ўтказиш услубини вақт ва макон доирасида режалаштиришингиз лозим. Яъни, қандай жой, қандай ҳудудда ҳаракат қилишингиз, бунга қанча вақт кераклиги, қайси захиралар ва ресурсларга эга эканингиз ва улар етарлими — барчасини ҳисобга олиш керак.

Шунингдек, қуйидаги муҳим саволга аниқ жавоб топиш зарур — кейин нима қиласиз? Бир машҳур ибора бор – «Пирр зафари» деган. Бу шуни англатадики, ҳаммаси бошида яхши кетади, лекин ўз вақтида тўхталмаса, кейин катта муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, 2022 йил ёзи охири – куз бошларига келиб, қуролли кучлар сафарбарлик развёрткасининг биринчи навбати бўйича тадбирларни асосан якунлади. Қўшимча янги бригадалар пайдо бўлди. Аллақачон жанг қилаётган бригадалар шахсий таркиб билан тўлдирилди. Ҳали бизда кейинчалик душманнинг Донбассда ва шарқий фронтда ўт очиш ва артиллерия ҳужумлари натижасида кўрган йўқотишлар бўлмаган эди.

Боз устига, душман узоқ муддатли ҳарбий амалиётга мўлжал олмаган, блицкриг режасига таянган эди. Шу сабаб бу олти ой ичида унинг ресурслари тугаб бўлди ёки жуда кескин қисқарди.

Душманнинг бизга ташаббусни мажбуран топшириш имконияти қолмади. У мудофаа позициясига ўтишга мажбур бўлди. Чунки ресурслар етишмасди, захиралар ҳам кам эди ва уларнинг барчаси ҳали шаклланиш жараёнида эди. Бу бир неча омиллар туфайли юз берди — бир томондан, бизнинг оператив имкониятларимиз ошди, иккинчи томондан эса душманнинг оператив имкониятлари камайди. Бу эса операцияни муваффақиятли ўтказишга имкон яратди.

Херсон йўналишидаги операция ўзгача характерга эга эди, бу кўпроқ ўт очиш орқали амалга оширилган ҳужум операцияси бўлган. Бу ерда қўшинларнинг ҳаракати эмас, балки аниқ ўқ узиш ва ўша вақтда пайдо бўлган янги масофали уруш воситалари ҳал қилувчи рол ўйнади. Мен бу ерда HIMARS тизимларини назарда тутяпман, улар 70 километр масофагача зарба бера олиш имкониятига эга эди.

Бу тактик жиҳатдан жуда катта таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, душман учун жуда ноқулай оператив позиция юзага келди. У Днепр ортида қисилган ҳолда қолди, унинг қаршисида бизнинг қўшинлар турарди ва бутун ҳудуд ўққа тутилаётганди.

Аслида уларда бошқа йўл қолмаганди. Бу ҳолат, эҳтимол, Россия раҳбарияти учун сиёсий жиҳатдан обрўга путур етказувчи воқеа бўлган бўлиши мумкин, лекин улар ўша пайтда ягона тўғри қарорни қабул қилишди – сўл қирғоққа чекинишди.

Акс ҳолда, улар жуда катта муаммоларга дуч келиши аниқ эди.

Украинанинг 2023 йилги муваффақиятсиз қарши ҳужуми

BBC: Келинг, сиз аллақачон қисман тилга олган мавзуга — 2023 йилги контрҳужумга ўтамиз. Сиз «Суровикин чизиғи» жуда зич тарзда миналаштирилгани, ҳаводан ва артиллерия қўлловига эга бўлганини айтдингиз. Украина нега бундай шароитда айнан шу йўналишда ҳужум бошлади? Яқинда собиқ бош қўмондон Виктор Муженко ўз интервюсида қарши ҳужумдан аввал сиз билан бу мавзуда гаплашгани ва бу шароитда бундай операцияни амалга ошириш мумкин эмаслигини айтганини билдирди. Нега у шунга қарамай у амалга ошди?

В.Назаров: Қарши ҳужум амалга оширилганига сабаб — бизда бошқа муқобил вариант йўқ эди.

BBC: Уни кечиктириш, тўхтатиш мумкин эмасмиди?
В.Назаров
: Тушунинг, Украина ва Россия ресурслари бир-бирига мутаносиб эмас. Ўша пайтда улар биздан барча жиҳатдан устун эди.

2023 йилги қарши ҳужум бошланган пайтда мен аниқ айта оламанки, биз аллақачон ўз захирамиздаги қурол-яроғ, ракеталар ва ўқ-дориларни тўлиқ сарфлаб бўлган эдик.

Яъни, биз тўлиқ ёки деярли тўлиқ ҳамкорларимиздан келадиган ҳарбий ёрдамга боғлиқ эдик. Эҳтимол, сиз ҳам эсласангиз керак, ўша пайтда очиқ ахборот майдонида биз қанча снаряд ишлатганимиз ва душман қанча ишлатгани ҳақида мунозаралар юз берган эди. Бу рақамлар икки, уч, тўрт баробар ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ фарқ қилган.

Лекин бу [Азов денгизи — таҳр.] йўналиш стратегик нуқтайи назардан энг мақбул йўналиш ҳисобланган.

BBC: Негалигини тушунтириб бера оласизми? Мен, албатта, сиз каби юқори даражадаги ҳарбий мутахассис эмасман, аммо агар у ерда, сиз айтганингиздек, душманнинг мустаҳкамланган, миналаштирилган ва ҳимояланган истеҳкомлари бўлса, нега айнан шу йўналиш танланган?

В.Назаров
: Бош штаб ва ўша пайтда қарор қабул қилган қўмондонлик бу иншоотларнинг хусусияти ҳақида қанчалик хабардор бўлган, улар ҳақида қай даражада аниқ маълумотга эга бўлган?

Бу разведканинг вазифаси — улар қандай жиҳозланганини, мустаҳкамлик даражасини, ҳимоянинг зичлиги қандай эканини аниқлаши керак. Менимча, агар маълумот бўлган бўлса, у ёки ишонарсиз бўлган, ёки тўлиқ бўлмаган. Ёки биз кейинроқ дуч келган реал ҳолатдан фарқ қилган.

BBC: Демак, бош штаб ушбу ҳужум операциясини режалаштирганида, бу иншоотлар ҳақида нотўғри маълумотларга асосланган?
В.Назаров
: Ҳамма нарсадан келиб чиқиб шундай хулоса қилиш мумкинки, у душманнинг бу мудофаа чизиқлари қандай жиҳозлангани ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган.

BBC: Лекин кўпинча шундай фикрни эшитиш мумкинки, Украинадаги мавжуд куч ва воситалар, ҳатто ҳамкорларнинг ёрдами бўлса-да, ҳаводаги устунликсиз ушбу мудофаа чизиқларини ёриб ўтиш ва Азов денгизига чиқиш имконсиз бўлган.

В.Назаров
: Бу биз қайта-қайта муҳокама қилаётган «НАТО принциплари ва стандартлари» мавзусига олиб келади. Ҳамкорлар ёрдам берди, улар билан маълум маслаҳатлашувлар ўтказилди, шу жумладан, бизнинг ҳарбий бошқарув органларимиз ҳам бунда иштирок этди, улар ҳамкорлар ёрдами билан турли оператив тайёргарлик тадбирларида қатнашди. Ва у ерда тегишли ҳисоб-китоблар амалга оширилди.

Ушбу ҳисоб-китоблар бундай вазифани бажариш мумкинлигини кўрсатган. Чунки, масалан, шарқий фронтда ҳужум йўналиши билан солиштирганда, мен Донбассни танлаган бўлардим, чунки шарқда барча жойлар урбанизациялашган. Бундай шароитда ҳужум қилиш реал бўлмаган.

BBC: Демак, энг мақбул йўналиш танланган?

В.Назаров
: Ушбу минтақанинг физик-географик шароитларини, ҳудудий хусусиятларини ҳисобга олсак, шунингдек, қанотларимиз ёндан босилмаганини, яъни орқамизда ўз қўшинларимиз турганини, ўнг томонда эса Днипро дарёси борлигини ҳисобга олсак, биз оператив жиҳатдан нисбатан қулай позицияда бўлганмиз, яъни нормал вазиятда ҳаракат қила оламиз.

Душманда қандай вазиятда эди? Унинг ортида Азов, чап томонида эса Днипро бор ва у дарё қирғоғига қисилган, у ердаги масофа айрим участкаларда 50-60 километрдан 70, баъзи жойларда эса 100 километргача етади.

Аслида, оператив ҳужумнинг вазифаси мана шунда. Яъни денгиз соҳилига чиқиш бир нечта масалани бир вақтнинг ўзида ҳал қилган бўларди. Бу Херсон ва Запорижжя областларининг жанубий ҳудудларини озод қилиш ва блокировкани олиб ташлашни ўз ичига оларди. Бу, шунингдек, Украина учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Запорижжя АЭСини озод қилишга ҳам хизмат қиларди.

Бу шунингдек Одесса, Миколайив каби шаҳарларимизга ракета ва артиллерия зарбаларини бартараф этиш имконини берарди. Ва, албатта, бу Қримни бизнинг ўт очиш таъсиримиз доирасига тушириш имконини ҳам берарди.

Бундан ташқари, бу ҳолда Азов денгизи тўлиқ назорат қилинарди ва душман у ерда фаол ҳаракат қила олмасди.

Шарқий фронтда бундай афзалликлар бўлармиди? Йўқ, бўлмасди. Шу сабабли, қабул қилинган қарорлар мавжуд ҳарбий-стратегик шароитдан келиб чиққан ҳолда аниқланган. Сиёсий жиҳатдан эса Украинага муваффақиятли ҳужум намунаси керак эди.

BBC: Ҳозир айта оласизми, нега бу режа иш бермади ва нега қарши ҳужум муваффақиятсизликка учради?
В.Назаров
: У муваффақиятсизликка учради, чунки душманга узоқ муддат тайёргарлик кўриш имконияти берилди ва у мудофаа чизиқларини максимал даражада мустаҳкамлашга эришди. Бу тайёргарлик камида олти ой, аниқ беш ой давом этган.

Бу эса уларга мукаммал тарзда чуқур эшелонлашган мудофаа тизимини шакллантириш имконини берди. Менимча, биз унинг қай даражада мустаҳкам жиҳозлангани ва турли тўсиқлар, жумладан, миналар билан қай даражада тўлдирилгани ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмасдик.

Бунга қўшимча равишда, душман тайёрланган, ўзаро мувофиқлаштирилган ва яхши ўқитилган қўшинларни ушбу йўналишга жойлаштириш имконига эга бўлди.

Душманнинг ҳаводаги устунлиги ҳам муҳим рол ўйнади. Бу мутлақ устунлик эмас, лекин айрим участкаларда уларнинг афзалликка эга экани сезиларли бўлди. Шунингдек, улар турли форматларда дронлардан оммавий ва самарали фойдаланишни бошлади.

Учинчи омил. Биз ўз қуролли кучларимиз қандай вазиятга тушиб қолганини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Контрҳужум бошланишидан олдин аслида асосан сафарбар қилинган шахслардан иборат бўлинмалар фаолият олиб бораётганди. Чунки бригадалар сони бир неча марта ошган. Улар шарқий фронтда душман ҳужумини ушлаб туриш, Харкив минтақасини назорат қилиш ва у ерда душманга ҳужумни қайта тиклаш имконини бермаслик вазифаларини бажаришга мажбур эди.

Қолган бўлинмалар эса қарши ҳужумга тайёргарлик кўриш учун жалб қилинган, шу жумладан, янги ташкил этилган икки корпус ҳам шу жараёнга қўшилган.

Бироқ, шуни таъкидлаш керакки, бундай йирик тузилмалар ва бирлашмалар, яъни қуролли кучлар тизими учун жуда муҳим бўлган бу каби йирик ҳарбий қисмлар тайёргарлик кўриши учун маълум вақт талаб қилинади. Агар уларга бу вақт берилмаган бўлса-чи? Агар ўқ-дорилар ва қуроллар етишмаган бўлса-чи?

Агар улар барча тайёргарлик босқичларидан тўлиқ ўтолмаган бўлса... алал-оқибат бу қарши ҳужумда жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин эди. Айнан шундай бўлиб чиқди ҳам.

Қарши ҳужум муваффақиятсизликка учрагач, Зеленский ва Залужнийнинг муносабатлари максимал даражада совуқлашган
BBC: Бундай вазиятда биз биринчи саволга қайтамиз. Нега унда бу қарши ҳужумни кейинроққа қолдириб ва барча таркибий қисмлар тайёр бўлиши кутилмаган?
В.Назаров
: Қаранг. Масалан, мен биз бу ҳужумни бошлашда шундоқ ҳам кечикдик, деб ҳисоблайман. Менинг шахсий фикрим — биз кечикдик. Бу ҳужум борасида ахборот майдонида ортиқча муҳокамалар авж олиши ҳам вазиятга салбий таъсир кўрсатди.

BBC: Уни ёз бошида эмас, баҳорда бошлаш керакмиди?
В.Назаров
: Балки, ҳатто 2022 йилнинг ўзида.

BBC: Яна шундай фикр борки, Харкив операциясидан кейин Украина армиясида ҳужум ҳаракатларини давом эттириш учун куч қолмаган.
В.Назаров
: Бу деярли шундай.

BBC: Аммо сиз имконият топиш мумкин эди деб ҳисоблайсиз?
В.Назаров
: Лекин бу бошқа қарор бўларди, бошқа даражадаги ва бошқа усулдаги вазифа бажариш бўларди. Агар мен назарда тутган усул ҳақида гапирадиган бўлсак, у ҳолда, эҳтимол, Харкив ҳужум операцияси умуман бўлмасди. Унинг ўрнига икки ҳужум операцияси амалга ошириларди — бири Днипронинг ўнг қирғоғидан, иккинчиси эса сўл қирғоғидан.

BBC: Сиз бу ғояни Залужнийга таклиф қилганмисиз?
В.Назаров
: Бу менинг мажбуриятларим доирасига кирмаган. Лекин биламанки, бундай вариантлар кўриб чиқилган.

Россиянинг катта босқини

BBC: 2023 йилда Украина қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учраганидан кейин сиёсий ва ҳарбий раҳбарият ўртасида зиддиятлар кучайдими? Сиз кузатганингиздек, айбдорларни излаш бошландими?

В.Назаров
: Бу ахборот майдонида очиқ-ойдин кўринди — қўмондонликни айблаш, Бош штабни танқид қилиш, турли мақолалар чоп этилиши, турли даражадаги мансабдор шахслар, жумладан, халқ депутатлари ва бошқа расмий шахслар ўз норозилигини билдиришди ва ҳоказо.

Сиз 2023 йил октябрида чиққан Залужнийнинг мақоласини эслайсизми? У, эҳтимол, маълум бир триггерга айланди. Лекин бу Валерий Фёдорович нуқтайи назаридан уруш муаммоларини етказишга бўлган уриниш эди.

BBC: Ушбу мақоласида Залужний уруш бундан кейинги жараёнларда тўхтаб қолиши мумкинлиги ҳақида ишора қилди. Лекин айни шу даврда Россия армияси Авдийивка яқинида катта ҳужумига киришди ва у бир йилдан ошиқ вақтдан бери тўхтовсиз давом этмоқда. Демак, Залужний хато қилган, уруш боши бекр кўчага кириб қолгани йўқми?

В.Назаров
: У хато қилмаган. У бу фикрни Украина қуролли кучлари ҳақида айтган эди: яъни, агар биз ушбу усуллар билан ҳарбий ҳаракатларни давом эттирсак, бундан натижа бўлмайди, деганди.

У айнан уруш олиб боришнинг муқобил усулларидан фойдаланиш кераклигига урғу берган. У узоқ масофадан ўт очиш операциялари амалга оширилиши кераклигини, киберҳимоянинг роли ошиб бораётгани, турли типдаги дронлар аҳамияти ошганини таъкидлаган.

Бунда фақат ҳаво дронлари эмас, балки умумий роботлаштирилган техника ҳам назарда тутилган. У миналар ва портловчи тўсиқларни қандайдир йўл билан енгиб ўтиш кераклиги ҳақида гапирган. У радиоэлектрон кураш воситаларидан самарали фойдаланиш кераклигини таъкидлаган.

Шунингдек, душманни узоқ масофадан йўқ қилиш воситаларини ишлатиш, унинг логистика, таъминот ва энергетика тизимларини йўқ қилиш имкониятига эга бўлиш масалалари ҳам кўтарилган.

У ана шу бешта асосий стратегия ҳақида гапирган.

Аслида, Россия шарқий фронтдаги ҳужумни бошлаганидан бери аста-секин жанг олиб бориш стратегияси ва тактикасига ўтди. Улар кенг кўламли штурмлар, ҳужум операциялари, механизациялашган катта колонналарни ишлатишдан воз кечди.

Объектив сабаб – улар катта йўқотишларга учради. Лекин улар ўт очиш имкониятларини сезиларли даражада оширди. Улар янги ўт очиш воситаларини жалб қилди – бу нафақат ракеталар, балки бошқариладиган авиация бомбаларини ҳам оммавий тарзда ишлата бошлади.

Улар фронт чизиғининг олдинги қисмида кучли радиоэлектрон кураш воситалари билан таъминланган мудофаа тизимини яратди ва бу воситалар ҳозиргача самарадорлигини сақлаб қолмоқда.

Шунингдек, улар турли дронлардан оммавий фойдаланишга ўтди.

Россиялик ҳарбийлар Донецк областидаги Велика Новосилка эгалланганини нишонламоқда, 2025 йил январ. Сўнгги йил давомида улар Авдийивка, Селидове, Вуҳледар ва Курахово каби шаҳарларни эгаллашди
BBC: Бу шундай туюляптики, гўёки Россия қўмондонлиги ўзгаргандек?

В.Назаров
: Менинг баҳолашимча, Россия қўмондонлиги 2022 йилдаги муваффақиятсизликларидан хулоса чиқарди. Улар 2023 йил давомида бу йўналишда тайёргарлик кўришди ва бизнинг ҳужумимизни тўхтатиб қолишга муваффақ бўлишди. 2023 йил охиридан бошлаб ва бутун 2024 йил давомида улар ушбу стратегияни амалга оширди.

BBC: Бундай узоқ давом этган кенг кўламли ҳужум тарихда қайсидир маънода ноёб ҳолат эмасми? Менинг эслашимча, [Украина Мудофаа вазирлиги Ҳарбий разведка бошқармаси раҳбари Кирилл] Буданов ва, агар хато қилмаган бўлсам, Миллий гвардия қўмондони Пивненко 2024 йил ёзида бу ҳужум яқин орада тугаши мумкинлигини айтганди.

Чунки бундай йўқотишлар билан бунчалик узоқ ҳужум давом эттириб бўлмайди, уларнинг ҳужуми кучсизланиши керак эди. Лекин 2025 йил ҳам кирди, аммо ҳужум ҳали ҳам давом этмоқда. Бу қанақасига мумкин? Бу тарихда ноёб ҳолатми ва Россия бундай ҳаракатни қандай амалга оширмоқда?

В.Назаров
: Россия буни ўзининг анча катта ресурслари, биринчи навбатда инсон ресурслари ҳисобига амалга оширмоқда.

У буни ўз иқтисодиётини жуда катта даражада ҳарбий релсга ўтказгани орқали уддаламоқда. Бу бизнинг муҳитда кўпчилик ишлатишдан қўрқадиган ибора бўлиши мумкин, лекин бу уларга ўт очиш кучини ошириш имконини берди.

Бундан ташқари, психологик омил ҳам мавжуд – улар ўз аскарлари ҳақида қайғурмайди, ўз одамлари учун хавотирланишмайди.

Чунки улар учун бу сиёсий баҳслар ёки бировни айблаш учун мавзу эмас. Бу уларга ана шу майда «ирмоқлар» орқали ҳужумни тўхтовсиз давом эттириш имконини беради. Бундай стратегия учун катта ресурслар керак эмас, уларга Биринчи ёки Иккинчи жаҳон урушидаги каби миллионлаб аскарлар керак эмас. Улар аниқ йўналишларни танлаб олган ва бу йўналишларда узлуксиз оқиб келаётган кучлар орқали «сув тошни емиргани» каби ўз мақсадларига эришмоқда.

BBC: Улар бундай усул билан яна қанча вақт уруш олиб бориши ва ҳужум қилишини давом эттириши мумкин?

В.Назаров
: Улар ҳамон шимолий кореяликларни жалб қилаётганини, одамларни армияга оммавий жалб қилиш учун тарғибот олиб бораётганини ва пул эвазига ёллаб олаётганини ҳисобга олсак, улар бундан узоқ муддат фойдаланиши мумкин. Бу ҳужумнинг кулминацияси бизда қачон ва қанча миқдорда ўт очиш воситалари пайдо бўлишига боғлиқ бўлади.

Одамлар эмас. Чунки тайёргарлик кўрмаган пиёда аскарлар – бу фақат вақт масаласи. Ва уларни йўқотишнинг нима кераги бор? Лекин, афтидан, биз бу масаладан қочиб қутула олмаймиз, барибир бунга боришга тўғри келади ва, эҳтимол, ҳатто армияга чақириқ ёши чегарасини пасайтириш ҳам керак бўлади.

Мен бизда чақириқ ёши 18 ёшдан бошланиши керак, деган фикрни қўллаб-қувватламайман, бизнинг ҳамкорларимиз бу борада танқид қилишади. Лекин камида 21 ёшдан чақириш бизнинг реал ҳолатимиз бўлиб қолади, эҳтимол.

Бу фақат жанг олиб бориш доирасида эмас, балки келажакдаги эҳтиёт кучларни тайёрлаш нуқтайи назаридан ҳам зарур бўлади.

Сирский ҳақида

BBC: Олександр Сирский бош қўмондон лавозимида ўтказган бу йиллик фаолиятига баҳо беришингизни сўрайман. Тушунишимча, сиз АТО штабида бўлган пайтингизда у билан кесишгансиз, у сизга бўйсуниши керак бўлган шахслардан бири бўлган. Умуман, уни офицер сифатида, қўмондон сифатида қандай баҳолайсиз?

Чунки ОАВда ва ҳарбий мутахассислар орасида унинг шахсияти борасида жуда зиддиятли фикрлар мавжуд. Баъзилар уни советча тафаккурга эга инсон деб атайди. Сизда Сирский ҳақида қандай шахсий таассурот бор?

У раҳбарлик қилган бир йил ичида қуролли кучларда қандайдир ўзгаришлар рўй бердими? Армия яхши томонга ўзгардими, ёмон томонга кетдими ёки аслида сезиларли ўзгаришлар бўлмадими?

В.Назаров
: Менимча, Украина қуролли кучаларидаги ўзгаришлар чуқурлиги ва миқёси шахсан унга боғлиқ эмас. Бош қўмондон, фронтдаги вазият учун бевосита жавобгар бўлган шахс сифатида, бу ўзгаришларни амалга ошириш имкониятига эга эмас.

Чунки Сирскийда, бош қўмондонда, аслида ҳеч қандай ресурс йўқ: унинг қўлида на пул, на эҳтиёт кучлар, на захиралар бор. Кимдир унга бу ресурсларни яратиб бериши керак. Бу инсон ресурслари, молиявий ресурслар, иқтисодий омиллар ва ижтимоий элементлар бўлиб, унинг ишини бажариши учун зарур.

Бош қўмондонлар алмашиши бу муаммоларга таъсир қилмайди. Бу муаммолар Валерий Фёдорович [Залужний] даврида ҳам бор эди, Олександр Станиславович [Сирский] даврида ҳам бор. Иккаласи ҳам бир хил шароитда ишлаган. Балки ҳозир Сирский учун бундан ҳам қийинроқ бўлган бўлиши мумкин.

Чунки ресурслар тугаяпти, одамлар чарчаган, ва бунинг барчаси армиядаги умумий вазиятга таъсир қилмоқда. Лекин Украина чидаб турибди, бу йил ҳам ўзини ҳимоя қилишда давом этди, жумладан, фронт чизиғида ҳам.

Кимдир фронтда «катта фожиа» содир бўлаётганини айтади. Ҳа, албатта, биз чекиняпмиз, бу ҳақиқат, ва мен бунинг сабабларини сизга тушунтирдим. Лекин вазият янада ёмон бўлиши мумкин эди.

Президент Володимир Зеленский Олександр Сирскийни 2024 йил 8 февралда Украина ҚК бош қўмондони этиб тайинлаганди. Бу давр ичида Украина уруш бошидан буён энг кўп ҳудудларини йўқотди
Мен битта оддий нарсани айтмоқчиман.

Ҳатто агар бугун Олександр Станиславович ўрнида НАТОдаги энг тажрибали, машҳур ва юқори савияли генераллардан бири турган тақдирда ҳам, вазият яхшиланмасди, балки янада ёмонлашган бўлар эди.

Чунки янги генерал дарҳол савол қўяр эди: менинг НАТО стандартлари ва принципларим қаерда? Мен ҳаво устунлиги бўлмасдан қандай ҳужум қилишим мумкин? Узоқ масофадан зарба бериш воситаларим қаерда? Душманга ўт очиш босими қандай даражада?

Биз бу урушни ҳамкорларимиз – НАТО нуқтайи назаридан уруш олиб бориш учун зарур бўлган имкониятларга эга бўлмаган ҳолда давом эттиряпмиз.

Курск операцияси ва Россия ҳудудидаги уруш ҳақида

BBC
: Энди Сиздан бош қўмондон Сирский қўл остида амалга оширилган энг машҳур ҳужум операцияси ҳақида фикр билдиришингизни сўрайман. Бу — Курск операцияси. Бу операциянинг зарурияти ва унинг натижалари борасида ҳам жуда зиддиятли фикрлар мавжуд. Ушбу ҳудудни қанча муддат сақлаб туриш кераклиги борасида ҳам баҳслар давом этмоқда.

Сиз шахсан уни қандай баҳолайсиз? Бу операция ўзи зарурмиди? У ўз натижасини беряптими? Курск областида ҳудудни сақлаб қолиш ва унга ресурслар сарфлашни давом эттиришга лойиқми?

В.Назаров
: Менимча, бу операция муваффақиятли ўтказилган. Агар уни 2023 йилдаги контрҳужум билан солиштирсак, у ҳарбий санъатнинг барча қоидаларига деярли мувофиқ равишда амалга оширилган.

Ҳужумда кутилмагандаги устунлик омиллари мавжуд бўлган. У охирги кунгача қаттиқ махфийликда сақланган. Бу душман учун нафақат тактик, балки оператив оқибатлар нуқтайи назаридан ҳам кутилмаган ҳодиса бўлди.

Бундан ташқари, бу операция армиянинг имижи жиҳатдан ютуқларига, шу билан бирга, сиёсий мақсадларга ҳам эришишга ёрдам берди. Ва, албатта, бу душман ҳолатига ҳам таъсир кўрсатди.

Бу операция душманни ушбу йўналишда тутиб туриш воситаси сифатида зарур эди. Чунки унга Черниҳив ва Суми йўналишларида ҳарбий ҳаракатларни биз томонга кўчиришга ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди.

У буни амалга оширган бўларди. Балки дарҳол эмас, бироз кечроқ, лекин, барибир, буни қилаётган бўларди. Бу билан у бизнинг фронт чизиғимизни янада узайтириш ва оператив ҳаракат қилиш имкониятларимизни заифлаштиришни мақсад қилган бўларди.

Қизиғи шундаки, бу операция ноёб эмас... Бу ҳужум ғояси қаердан пайдо бўлган, биласизми?

Залужний бош қўмондон бўлган пайтда, 2022 йил декабр ойида, мен иштирок этган Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши аппаратидаги йиғилишлардан бирида биз шундай таклифлар тайёрлаган эдик ва мен уларда шахсан иштирок этганман.

BBC: Унда нега бу операция амалга оширилмади?

В.Назаров
: Бу, эҳтимол, сиёсий масала.

Мен аниқ биламанки, Валерий Фёдорович Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши йиғилишларидан бирида айнан шу операциялар ҳақида гапирган эди.

Бугунги кунда бу операциялар амалга оширилаётганини ҳисобга олсак, бу сир эмас, шунинг учун бу ҳақда гапириш мумкин.

BBC: У ўз маърузасида нималарни баён қилган эди?

В.Назаров
: Биринчидан, биз фронт чизиғини Донбассда максимал барқарорлаштиришга ҳаракат қиляпмиз, у ерда фаол ҳужум операциялари олиб бормаяпмиз, фақат айрим тактик ҳолатларни яхшилаш учун маҳаллий аҳамиятга эга жанглар ўтказиляпти.

Иккинчидан, биз ҳаво ҳужуми ва дронлардан фойдаланиш орқали Қримни изоляция қилиш ва Россия Қримда ўз флоти, авиацияси ва зарба бериш воситаларини жойлаштириш имкониятини чеклаш операциясини давом эттиряпмиз.

Учинчидан, биз Россия ҳудудидаги иқтисодий ва энергетик имкониятларини заифлаштириш мақсадида ҳаво ҳужум операцияси ёки дронлар орқали ҳужум амалга оширяпмиз. Бу ҳужумлар душман ҳудуди ичкарисига, жумладан, оператив ва стратегик чуқурликка йўналтирилган.

Шунингдек, энергетика объектларига зарба бериш ҳам назарда тутилган, чунки бу логистика тизимига бевосита таъсир кўрсатади.

Бешинчидан, ҳарбий ҳаракатларни душман ҳудудига кўчириш.

Ўшанда биз муҳокама қилган вариантлардан бири Белгород области ҳақида эди. Айнан шундай ҳаракатлар режалаштирилган эди, бу билан душман учун жиддий таҳдид яратиш мақсад қилинган. Мен эса бундан ҳам қатъийроқ мақсадларни таклиф қилган эдим.

BBC: Масалан, Белгородни босиб олишми?

В.Назаров
: Унинг атрофини ўраб олиш ёки қамал қилиш. Нима учун? Душманнинг Харкивга ракетали ва артиллерия зарбаларини бериш имкониятини йўқотиш ҳамда Донбассдаги жанговор гуруҳлар учун моддий таъминотнинг шимол-шарқий флангига таҳдид яратиш мақсадида.

Гап Россия Федерацияси ҳудудида ҳужум ўтказиш ҳақида кетган. Умумий йўналиш бўйича, тахминан Курск ва Белгород областлари чегарасидаги нуқтада, Белгород томон ҳужум амалга ошириш кўзланган эди.

Бунинг учун фақат сиёсий қарор қабул қилиниши керак эди.

Сиёсий қарор қабул қилингач, аниқ ҳаракат йўналишлари, вақт ва жой нуқтайи назаридан аниқ режалар белгилаб олинади. Бу таклифлар янграган эди.

Аммо улар амалга оширилмагани, ундан кейин эса Залужний лавозимдан четлатилгани менга бу режалар ҳеч кимни қизиқтирмагани ҳақида тасаввур уйғотди. Шундан кейин эса биз 2024 йил давомида кузатган воқеалар содир бўлди. Мен ўзим учун шуни англадимки, ўшанда таклиф қилинган бешта асосий омилнинг барчаси амалга оширилмоқда.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг