
27 октябрдан бошлаб Air Marakanda компанияси томонидан бошқариладиган Самарқанд халқаро аэропорти 2025–2026-йиллар куз-қиш мавсуми парвоз жадвалига ўтди.
2025 йил баҳор-ёз мавсумида аэропорт 900 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоизга кўпдир. Ўтган мавсумда йўналишлар тармоғи сезиларли кенгайди.
Ural Airlines Самарқанддан Красноярскка, Azimuth Airlines эса Самарадан ва Краснодардан янги рейсларни йўлга қўйди. Шунингдек, AZAL Airlines Бокуга, Qazaq Air Астанага (Туркистон орқали) ва China Southern Airlines Урумчига тўғридан-тўғри парвозларни қайта тиклади.
Самарқандда жойлашган Centrum Air компанияси ҳам йўналишлар ривожига ҳисса қўшди. У саккизта йўналишда, жумладан, Душанбе, Владивосток, Хабаровск ва Урганчга парвозларни амалга оширди.
Йўловчилар қулайлиги учун кутиш залида янги хизматлар йўлга қўйилди. Энди у ерда сартарошхона, 24 соат ишловчи Gate 24/7 кафеcи ва Yess Coffee қаҳвахонаси мавжуд.
Янги мавсумда шерик авиакомпаниялар машҳур йўналишлар бўйича рейслар сонини оширади. Azimuth Airlines Уфага ҳафтасига уч марта, Sunexpress Измирга уч марта парвоз қилади.
Ural Airlines эса Москва (Домодедово)га ҳар куни, Екатеринбургга эса ҳафтасига уч марта рейсларни амалга оширади. Бундан ташқари, Qazaq Air Астанага тўғридан-тўғри рейсларни бошлашни, Utair эса Санкт-Петербургга парвозларни қайта тиклашни режалаштирмоқда.
Куз-қиш жадвалини ишга туширишдан олдин аэропортда барча техник хизматлар текширилди. Паст ҳароратга мослаштирилган махсус техника тайёрланди: қор тозалаш машиналари ва учиш-қўниш йўлакларини муздан тозаловчи воситалар хизматга ҳозирлаб қўйилди.
Шунингдек, фавқулодда-қутқарув хизмати, энергия таъминоти ва ёритиш тизимлари ҳам синовдан ўтказилди.