![Ғазони қандай келажак кутмоқда?](/uploads/posts/2025-02/9c105915e9_1738990158.webp)
“Ғазонинг келажаги энди қандай бўлади?” деган саволни кўриб чиқишда дуч келинадиган иккита ҳақиқат мавжуд. Биринчиси, ҳозирги ўт очишни тўхтатишга ҳаддан зиёд ишониш соддалик бўлиб, хавф туғдиради.
Иккинчидан, бу урушнинг ҳақиқий инсоний зарарини тушунмаслик мутлақо ҳиссизлик дегани. Аслида ҳақиқий кўлам Исроил қўшинлари томонидан ўлдирилган ва/ёки оғир яраланган ўн минглаб фаластинликлардан анча кўпдир.
Исроилнинг Ғазони бомбардимон қилишдаги паузаси, албатта, қувонарли ҳолат. Бу фаластинликларга бироз енгиллик, тинчлантш имконини берди ва баъзилар учун шимолга кўчиш, бомбардимон қилинган маҳаллаларига етказилган зарарни баҳолаш ва ғойиб бўлган оила аъзоларининг жасадларини топиш учун вайроналарни қазиш имкониятини тақдим қилди.
Оташкесим, шунингдек, Ғазога озиқ-овқат ва ёрдам юкларининг кенг кўламда етказилишига ва оғир яраланган фаластинликларнинг даволаниш учун Мисрга ўтишига имкон берди.
Бу оташкесим ҳақидаги хушхабар эди. Ёмон хабар шуки, келишув заиф, ижро механизми мавжуд эмас. Собиқ президент Байден томонидан олти ойдан кўпроқ вақт олдин таклиф қилинган дастлабки режа уч босқични ўз ичига олган бўлиб, томонлар бошиданоқ учаласига ҳам рози бўлган.
Исроил матбуотидан бизга маълум бўлмоқдаки, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ўз тарафдорларига фақат биринчи босқични ҳурмат қилишини ва у тугагач, бомбардимон қилишни давом эттиришини айтиб келмоқда.
У Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқмайди, шунингдек, Ғазо секторини Ғарбий Соҳил билан сиёсий жиҳатдан боғлайдиган Фаластин ҳукуматига ҳам йўл қўймайди.
Президентлар Байден ва Трамп маъмуриятлари ўз "муваффақиятлари"ни намойиш қилиш учун Нетаняхунинг ниятларини эътиборсиз қолдиришни танлашди.
Байден можаро бошланганидан бери Исроил раҳбарини қўллаб-қувватлаб, ҳимоя қилиб келди. 2023 йил октябрь ойидан Оқ уйни тарк этгунга қадар Байден ва бошқалар Нетаняхунинг мақсадларини қўллаб-қувватлаб, унга тўлиқ эркинлик муҳайё қилди.
Байденнинг ярим йилдан бери ўт очишни тўхтатиш учун астойдил ҳаракат қилаётганини таъкидлашига қарамай, маъмурият Нетаняху оташкесимни тўхтатишга рози бўлмаслигини билгани ва шунга қарамай, Исроил ўт очишни тўхтатишни қўллаб-қувватлаганини ва ҲАМАС асосий тўсиқ бўлганини очиқчасига даъво қилишда давом этгани ҳақида аниқ далиллар мавжуд.
Келишув ҳақидаги мазкур ёлғон-яшиқ гаплар таъкидланишда давом этаверади, чунки Байден ўт очишни тўхтатиш чекланган муддатли эканини билса-да, у ўз ваколат муддатини намунали тугатиш йўлидаги "пиар ғалабаси"га эришди.
Янги президент Доналд Трамп учун ҳам танаффус деярли бир хил бўлди – бу унинг ўзидан олдинги президентни қийнаган муаммони ҳал қилиш қобилиятининг дастлабки намойиши эди.
Ўт очишни тўхтатиш бир неча ойдан ортиқ давом этмаслиги муҳим эмас. Доимгидек шоумен Трамп учун ҳозирги вақтда шоу жуда муҳим: рейтингларни кўтариш. Келгусида ўт очишни тўхтатиш узоққа чўзилмаса ҳам унга барибир, кўпчилик буни унутиб юборган бўлади. Қолаверса у яқинда Нетаняху билан учрашди, унга кўра Ғазо бўйича янги масалалар муҳокама этилди. Мақсад – ишғолни давом эттириш.
Шуни унутмаслик керакки, Исроилнинг ҳозирги ҳукумати ҳам, унинг эҳтимолий ворисларидан бирортаси ҳам, Трамп маъмурияти ҳам, унинг эҳтимолий ворисларидан бирортаси ҳам можарони адолатли ҳал қилишдан манфаатдор эмас.
Шундай қилиб, оташкесимни тўхтатиш масаласини бир четга суриб турганда ҳам, Ғазода муваққат ҳукуматдан бошлаб тинчликка йўл очиш режаларига қарамай, исроилликлар ҳеч қандай келишувга рози бўлмагани яққол сезилади. Шунингдек, АҚШ Исроилни тинчликни илгари суриш учун зарур бўлган қадамларни қўйишга мажбурламайди.
Баайни хавотирли ҳақиқат шундаки, урушлар бомбалар тушиши тўхтаганидан кейин ҳам узоқ давом этадиган оқибатларга олиб келади. Кўпинча кутилмаганда, ўзини намоён қилишидан олдин йиллар давомида улар худди вирус каби ухлаб ётиши мумкин.
Исроилликлар ҳам, уларнинг америкалик ёрдамчилари ҳам фаластинликларнинг инсонийлигини ҳеч қачон тушунмаганликлари сабабли, улар бу ҳалокатли урушнинг узоқ муддатли таъсирини тасаввур қила олмайдилар.
Уларнинг 47 минг нафари ҳалок бўлган, 116 минг нафари яраланган, 33 минг нафари умрбод ногирон бўлиб қолган, 50 мингга яқини бедарак йўқолган, аҳолининг 90 фоизи (деярли 1,9 миллион) кўчиб кетишга мажбур бўлган, уларнинг аксарияти аввалги турар жойлари вайрон бўлгани сабабли уйсиз қолган, 34 минг бола оиласида ягона тирик қолган етим бўлиб қолган.
Маълум бўляптики, Ғазодаги вайроналар ва портламаган қурол-аслаҳаларни тозалаш учун йигирма йил, сўнгра қайта қуриш учун яна бир неча йил керак бўлиши мумкин. Бироқ, омон қолганларга заҳмат етказишда давом этадиган уруш жароҳатларини даволаш эса бундан узоқроқ вақт талаб этади.
Бомбаларни тўхтатиш учун тугмани босиш осон, аммо бу ҳалокатли уруш кейинги авлодларга ҳам ўз таъсирини кўрсатишда давом этади. Травма, хавотир, оғир тушкунлик ва ички зўравонлик каби психологик бузилишларнинг бир нечта турлари пайдо бўлиб, улар ўз-ўзига зарар етказиш ёки бошқаларга ҳужум қилишга олиб келади.
Бу уқубатга қўшимча равишда, уларнинг уйлари ва жамоаларининг вайроналарини кўриш улкан зарба бўлади. Ўнлаб йиллар давомида тозалаш ва қайта қуришга тўғри келар экан, бу шароитда фаластинликлар қаерга боради? Исроилликлар ўзларининг қирғинбарот урушидан омон қолган бу одамларга раҳм-шафқат билан қараши эҳтимолдан йироқ.
Фаластинликлар ҳақли равишда қўрқадилар: агар улар Фаластиндаги вайроналарни тарк этсалар, исроилликлар уларнинг қайтиб келишига йўл қўйишмайди. На АҚШ, на исроилликлар бу уруш жароҳатларини даволаш учун зарур бўлган маслаҳат ва ғамхўрликни қурбонлар жамоасига беришга тайтор эмас. Шундай қилиб, келажак мавҳум, худди қалин туманга ўхшайди.
Манба: azon.global “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар