
Фото: tovima
Глобал музликларнинг эриши тезлашмоқда, келгуси йилларда бу денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келиши мумкин. Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи сўнгги ўн йилда муз эришининг кескин кўпайганини аниқлади, деб ёзади Дарё нашри.
2012 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда 2000 йилдан 2011 йилгача бўлган даврга нисбатан тахминан 36 фоиз кўпроқ муз эриган.
Цюрих университетининг профессори ва тадқиқот ҳаммуаллифи Майкл Земп натижалар кутилмаган бўлмаса-да, “ҳайратланарли” эканини таъкидлади. Кичикроқ музликларга эга бўлган ҳудудлар уларни тезроқ йўқотмоқда ва кўпчилиги “жорий асрда сақланиб қолмайди”.
Шу сабабли биз аср охиригача денгиз сатҳининг илгари кутилганидан ҳам юқорироқ кўтарилиши билан юзма-юз турибмиз, деди Земп.
У музликларнинг йўқолиши, айниқса, Марказий Осиё ва Марказий Анд тоғларида чучук сув таъминотига ҳам таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Тадқиқотчилар музликлар аср бошидан бери ўз ҳажмининг беш фоизини йўқотганини аниқлади. Бу кўрсаткич минтақалар бўйича сезиларли фарқ қилади: Антарктидада икки фоиздан Европа Алпларида эса 40 фоизгача йўқотиш кузатилган.
Олимларга кўра, ўртача ҳисобда ҳар йили тахминан 273 миллиард тонна муз йўқотилмоқда. Бу миқдор бутун дунё аҳолисининг 30 йил давомидаги сув истеъмолига тенг.
Тадқиқот Бутунжаҳон музликларни кузатиш хизмати (WGMS), Эдинбург университети ва Earthwаве тадқиқот гуруҳи томонидан олиб борилган.
Тадқиқотда иштирок этмаган Ekseter университети профессори Мартин Зигерт ушбу изланишни “ташвишли” деб баҳолади. Чунки бу музликларнинг янада кўпроқ йўқолишини прогноз қилади.
"Муз қатламлари массасини тезлашган суръатда йўқотмоқда — 30 йил аввалгига нисбатан олти баробар кўпроқ. Бу ўзгарганда биз сантиметрлар ҳақида эмас, балки метрлар ҳақида гаплаша бошлаймиз", деди Зигерт.
Земп огоҳлантирганидек, дунё музликларини сақлаб қолиш учун “иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш керак, бу шунчалик оддий ва айни пайтда мураккаб масала”.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар