
Туркия табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (АФАД) маълумотига кўра, 23 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Истанбулнинг ғарбий қисмидан унчалик узоқ бўлмаган Мармар денгизи ҳудудида кучли зилзила содир бўлди. Расмийларнинг хабар беришича, магнитудаси 6,2 бўлган ушбу зилзила натижасида ер силкиниши тахминан 13 сония давом этган. Шундан кейин 50 дан ортиқ афтершок қайд этилган.
Истанбулда истиқомат қилувчи юртдошимиз Отабек Тиллаев воқеанинг гувоҳи сифатида вазият ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, 23 апрель Туркияда миллий байрам сифатида нишонланади ва одамлар дам олишда бўлган. Бу эса зилзила пайтида кўпчиликнинг уйда бўлмагани туфайли жиддий талофатлардан сақланиб қолишига сабаб бўлган.
«Жуда кучли ер силкиниши ҳис қилинди. Одамлар дарҳол бино ва уйлардан ташқарига чиқиб кетишди. Бироздан кейин эса катта ёшдаги инсонлар ҳам пастга тушиб, хавфсиз жойларга йиғилишди. Ҳукумат расмийлари аҳолини афтершоклар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шу туфайли одамлар кун давомида уйларига киришга қўрқиб, кўчаларда қолишга қарор қилишди. Ҳаттоки, кўчаларда тунгаш учун чодирлар ҳам тиклашди», – дейди Отабек Тиллаев.
Сейсмологлар ва мутахассислар ўртасида вазиятга муносабат турлича. Айрим экспертлар бу зилзилани кутилган ҳолат деб ҳисобласа, бошқалари ҳали асосий ер силкинишлари олдинда эканлигини таъкидламоқда. Улар бўлажак зилзилалар магнитудаси 7-7,5 гача етиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.
Расмийларнинг маълумотларига кўра, зилзила пайтида пайдо бўлган қўрқув сабаб 150 дан ортиқ киши ўзини юқори қаватлардан пастга ташлаган. Улар ҳозирда шифохоналарда даволанмоқда. Ҳозирча, Туркия ҳукумати зилзила оқибатида бевосита ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот бермаган, лекин қўрқув сабаб вафот этган Ўзбекистон фуқароси борлиги маълум қилинди. Унинг жасади Истанбулдаги консуллик кўмагида Ўзбекистонга жўнатилган.
Туркия сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани боис, аҳоли орасида фавқулодда вазиятларга тайёргарлик юқори даражада ташкил қилинган. Отабек Тиллаев одамларнинг фавқулодда вазиятларга яхши тайёрланганлиги, тартибли ва қатъий ҳаракат қилганига гувоҳ бўлганини айтади.
«Одамлар зудлик билан очиқ ва хавфсиз ҳудудларга йиғилишди. Уларнинг кўпчилиги зилзила учун олдиндан тайёрлаб қўйилган махсус сумкалар билан чиқишди. Бу сумкаларда сув, дори-дармон ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари бўлади. Биз ҳам кўчада қолишни режалаштирдик, аммо кечаси соат 12:00 дан кейин яна ер силкиниши кузатилгандан сўнг масжидда қолишга қарор қилдик», – дея таассуротлари билан бўлишди суҳбатдошимиз.
Маълумот учун, Туркия расмийлари сўнгги ойларда Истанбул аҳолисини кучли зилзилалар эҳтимолидан огоҳлантириб келаётган эди. Шаҳар бўйлаб махсус сирена ва огоҳлантириш воситалари ҳам ўрнатилган.
Ҳозирги кунда Истанбул аҳолиси хавфсизлик чораларини кучайтириб, вазиятни диққат билан кузатмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар