
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги 676-сонли қарорига биноан, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб йўлларда ўрнатилган автоматлаштирилган фото ва видео тизимлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларга жарима баллари ҳам ҳисобланади. Бу янгилик мамлакатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳалокатларини камайтиришни кўзлайди.
Эндиликда камера ёки радар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳам балл ёзилади. Балллар транспорт воситасига эгалик қилувчи шахсга ёки ишончнома, суғурта полиси ёхуд йўл варақаси орқали ундан фойдаланган ҳайдовчига нисбатан тақсимланади.
Маълумот учун, жарима баллари тизими 2025 йил 1 июндан амалга киритилган бўлиб, аввал фақат ЙҲХХ ходимлари расмийлаштирган ҳолатлардагина қўлланилар эди. Энди эса камера тизимлари орқали ҳайдовчини аниқлаш имкони пайдо бўлгани учун ушбу амалиёт кенгайтирилмоқда.
Қарорга мувофиқ, агар ҳайдовчи 12 ой ичида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаса, кейинги биринчи мартаги қоидабузарлик учун унга балл ёзилмайди. Шунингдек, агар жарима балли қайд этилган ҳайдовчи олти ой давомида яна қоидабузарлик қилмаса, ундан икки балл олиб ташланади.
Бир йил давомида ҳайдовчининг баллари 12 тага етса, бу ҳақдаги маълумот судга автоматик равишда юборилади. Суд қарорига кўра, бундай ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, янги тизим нафақат жавобгарликни кучайтиради, балки ҳайдовчиларни қоидаларга қатъий риоя қилишга ундайди. Бу, ўз навбатида, йўлларда хавфсизлик даражасини оширишга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!