date
views 36

Олимлар тупроқдаги ифлосланишни ёруғлик ёрдамида аниқлаш усулини яратди

Олимлар тупроқдаги ифлосланишни ёруғлик ёрдамида аниқлаш усулини яратди
Фото: Виталий Аньков/РИА Новости
Массачусетс технология институти (MIT) олимлари томонидан инновацион технология яратилди. Ушбу янги усул ёрдамида бактериялар тупроқ ва экинлардаги токсинлар ҳамда озуқа моддаларини сезганда ёруғлик чиқарадиган бўлди. Бу ҳақдаги илмий тадқиқот натижалари Nature Biotechnology (NatBiotech) журналида чоп этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу технология анъанавий ва мураккаб таҳлилларга нисбатан жуда осон ва қулай бўлиб, тупроқнинг ҳолатини оддийроқ тарзда текшириш имконини беради. Бунинг учун фақат махсус ўзгартирилган бактерияларни кузатиш етарли. Уларнинг ёруғлик сигналларини эса дронлар ёки сунъий йўлдошлардаги гиперспектрал камералар воситасида осонгина қайд этиш мумкин бўлади.

Бактериялар тупроқдаги турли хил зарарли ёки фойдали моддалар таъсирида ҳар хил рангларда ёритилади. Бундай «репортёр» молекулаларни ишлаб чиқариш учун олимлар 20 мингдан ортиқ метаболитнинг квант механик симуляциясини ўтказиб, энг самарали молекулаларни танлашди. Натижада, кўкарган жойларга яшил ранг берадиган биливердин пигменти ҳамда фотосинтезда муҳим аҳамият касб этувчи бактериохлорофил танлаб олинган.

Тадқиқотчилар томонидан ўтказилган тажрибаларда тизим жуда юқори сезгирликни намойиш қилди. Масалан, текширилаётган моддалар бор бўлган тупроқ намуналари назорат намунасига нисбатан 12 баравар кучлироқ сигнал чиқарган ва бу сигнални 90 метр узоқликдан ҳам аниқлаш мумкин бўлган. Бактериялар чиқарган ёруғлик инсон кўзи учун кўринмас бўлса-да, гиперспектрал камералар ёрдамида тўлқинларнинг кенг диапазонидаги жуда кичик ранг ўзгаришлари ҳам осонлик билан қайд этилган.

«Янги тизим нафақат тупроқдаги оғир металлар, радиация ёки турли хил токсинларни, балки озуқа моддаларини ҳам аниқлай олади. Бошқача айтганда, тизим тупроқда аниқламоқчи бўлган ҳар қандай моддага мослаша олади», — дейди тадқиқотга раҳбарлик қилган профессор Кристофер Фойгт.

Мутахассисларнинг фикрича, яқин келажакда ушбу янги технология қишлоқ хўжалиги соҳаси, экологик мониторинг ҳамда турли хил ифлосланишларни кузатиб бориш учун кенг қўлланилиши мумкин. Бу эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлом тупроқда ўсимликларни етиштиришни янада осонлаштиради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар тупроқдаги ифлосланишни ёруғлик ёрдамида аниқлаш усулини яратди