date

USAID қисқариши 2030-йилгача 14 миллион ўлимга олиб келиши мумкин

USAID қисқариши 2030-йилгача 14 миллион ўлимга олиб келиши мумкин
АҚШнинг халқаро гуманитар ёрдамга ажратиладиган маблағларини кескин қисқартириш қарори жаҳон бўйлаб соғлиқни сақлаш соҳасида оғир оқибатларга олиб келмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди. Нуфузли тиббий нашр “The Lancet журналида чоп этилган янги таҳлилга кўра, Доналд Трамп раҳбарлигидаги АҚШ маъмуриятининг бу сиёсати 2030-йилгача 14 миллиондан ортиқ олдини олиш мумкин бўлган ўлим ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин.

Тадқиқотда қайд этилишича, ушбу ўлим ҳолатларининг учдан бирини беш ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Бу эса йилига ўртача 700 минг боланинг ҳаёти хавф остида қолишини англатади.

2025-йилнинг март ойида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио USAID — АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлигининг 80 фоиздан ортиқ дастурлари тугатилганини эълон қилган эди. Бу қарор Трамп маъмуриятининг федерал ходимлар сонини қисқартириш ва ёрдам дастурларини “янада самарали” тарзда Давлат департаменти орқали бошқариш ташаббусининг бир қисми сифатида изоҳланган.

Барселона Глобал Соғлиқни Сақлаш Институтининг тадқиқотчиси ва ҳисобот ҳаммуаллифи Давид Раселланинг сўзларига кўра, “кўплаб паст ва ўрта даромадли мамлакатлар учун бу молиявий зарба глобал пандемия ёки йирик қуролли можарога тенг даражадаги салбий таъсирга эга бўлади.”

Тадқиқотчилар 2001–2021-йиллар оралиғида USAID томонидан молиялаштирилган дастурлар натижасида 91 миллион одамнинг ҳаёти сақлаб қолинганини таъкидлайдилар. Уларнинг моделлаштирилган прогнозларига кўра, 83 фоизлик молиялаштириш қисқариши соғлиқни сақлаш тизимларига жиддий зарар етказади ва ўтган икки ўн йилликдаги ютуқларни бекор қилиши мумкин.

Ушбу хулоса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Испаниянинг Севиля шаҳрида ўтказилаётган энг йирик ёрдам конференцияси фонида эълон қилинди. Дунё раҳбарлари йиғилган ушбу саммитда гуманитар ёрдамнинг келажаги ва молиявий барқарорлиги муҳокама қилинмоқда.

БМТ ходимларининг маълумотига кўра, АҚШ томонидан ажратиладиган маблағларнинг камайиши қатор мамлакатларда, жумладан, Кениядаги қочқинлар лагерларида озиқ-овқат рационларининг тарихий минимумга тушишига олиб келган. Какума шаҳридаги шифохоналардан бирида оғир ҳолатдаги, териси ажралиб тушаётган ва ҳаракатсиз чақалоқларга дуч келингани маълум қилинган.

USAID нинг аввалги фаолияти 60 дан ортиқ мамлакатда соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва таълим соҳаларида ҳал қилувчи рол ўйнаган. Бугунги кунда эса бу муҳим дастурларнинг келажаги ноаниқлигича қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » USAID қисқариши 2030-йилгача 14 миллион ўлимга олиб келиши мумкин