
Америкада яна бир катта сиёсий суриштирув бошланди — АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) собиқ директори Жон Бреннан ва Федерал қидирув бюросининг (ФҚБ) собиқ директори Жеймс Комига нисбатан расман жиноий иш очилди, деб хабар берди foxnews.com. Ушбу иш Россиянинг 2016 йилги АҚШ президентлик сайловига аралашуви ва бу борада олиб борилган тергов жараёнида содир этилган қонунбузарликлар билан боғлиқ.
Маълумотларга кўра, МРБ директори Жон Рэтклифф томонидан ФҚБ директори Кэш Пателга Бреннаннинг эҳтимолий ҳуқуқбузарлигига оид қатор материаллар топширилган. Жумладан, Бреннаннинг Конгрессга ёлғон гапиргани ҳақида ҳам асосли шубҳалар илгари сурилмоқда. Жеймс Коми бўйича ҳозирча аниқ тафсилотлар эълон қилинмаган, лекин манбалар бу ишни “фитна” сифатида баҳолашмоқда.
Бреннаннинг фаолияти атрофидаги асосий баҳс — у 2017 йилдаги разведка маълумотларига асосланган ҳолда, Россия президенти Владимир Путин республикачи Доналд Трампни қўллаб-қувватлаганини, ва бу орқали Ҳиллари Клинтоннинг мағлубиятига ёрдам берилганини таъкидлаган. Бу хулосани Жон Рэтклифф ўз ҳисоботида кескин танқид қилди ва бундай айбловларнинг асоссиз эканини алоҳида қайд этди.
Айбловлар бўйича ҳозирча қонуний қарор қабул қилинмаган. The New York Times таъкидлашича, тергов натижасида иш судгача етадими-йўқми, бу ҳозирча номаълум.
Бу мавзуда АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам фикр билдирди. 9 июл куни у журналистларга тергов ҳақида матбуотдаги хабарлардан бошқа маълумоти йўқлигини, бироқ Бреннан ва Комини инсофсиз ва ёмон одамлар деб ҳисоблашини билдирди. Президент бу шахсларнинг жазоланиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт Fox News'га берган интервьюсида ушбу тергов бошланганидан хурсанд эканини билдирган.
Мазкур жараён катта сиёсий резонанс уйғотмоқда. Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашуви масаласи аввалроқ ҳам кўп марта тергов қилинган эди. Махсус прокурор Роберт Мюллер раҳбарлигидаги суриштирувда Россиянинг аралашуви бўлган, лекин Доналд Трамп ва унинг сайлов кампанияси билан келишув аниқланмагани таъкидланган.
Бунинг фонида, 2018 йилда петербурглик тадбиркор Евгений Пригожин ва “троллар фабрикаси”га алоқадор 12 киши 2016 йилги сайловларга аралашгани учун айбланган эди. Кейинчалик Пригожин “троллар фабрикаси”ни ташкил этганини тан олган, гарчи аввал буни рад этган бўлса-да.
Воқеалар ривожини вақт кўрсатади: Америка сиёсий элитаси устидан бўлиб ўтаётган бу суриштирув жамиятда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда ва янги сиёсий баҳсларга йўл очиши мумкин. Сўнгги қарорлар ва иш натижалари эса бутун дунё жамоатчилиги диққат марказида қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар