date

Энди келин ўғирловчилар 10 йилгача қамалиши мумкин

Энди келин ўғирловчилар 10 йилгача қамалиши мумкин
Қозоғистонда аёлларни ҳимоя қилиш борасида катта ҳуқуқий янгилик содир бўлди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев таъқиб ва мажбурий никоҳ ҳолатларига қарши қатъий қонунни тасдиқлади, деб хабар берди Tengrinews.

Янги қонун лойиҳаси мамлакатнинг жиноят-ижро тизимини ислоҳ қилишни мақсад қилган бўлиб, унда тўртта муҳим йўналиш бўйича ўзгаришлар ўз аксини топган. Қонун тез орада расман эълон қилиниши ва амалиётга жорий этилиши кутилаяпти.

Ҳужжатда биринчи марта “сталкинг” — яъни шахсни у хоҳламаган ҳолда, унга нисбатан узлуксиз равишда алоқа қилиш, кузатиш ёки ноқулай муносабатларни йўлга қўйиш каби ҳаракатлар таърифланди. Бу ҳолатлар ҳар доим ҳам зўравонлик билан боғлиқ бўлмаса-да, шахсга катта руҳий зарар етказади. Энди бундай қилмиш учун расман жазо белгиланди — жарима ёки 90 суткагача маъмурий қамоқ.

Шунингдек, келинларни ўғирлаб, мажбуран никоҳга тортган шахсларга нисбатан ҳам қонун кескинлаштирилди. Қонунга мувофиқ, бу энди алоҳида жиноят сифатида белгиланади — "Никоҳга мажбурлаш" деб номланган янги модда Жиноят кодексига киритилди. Унга кўра, жиноят даражасига қараб жазо турли кўринишда бўлиши мумкин: молиявий жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, эркинликни чеклаш ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Аввалроқ бундай ҳолатлар “одам ўғирлаш” деб квалификация қилиниб, 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш мумкин эди. Аммо жиноятчи аёлни ўз хоҳиши билан қўйиб юборса ва бошқа қонунбузарлик қилмаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши мумкин эди. Янги қонун билан бу ҳуқуқий “чангалдан чиқиб кетиш йўли” ҳам ёпилди.

Президент Тўқаев бу масалага шахсан аралашиб, Миллий қурултой йиғилишида ўз муносабатини очиқ билдирган эди. У келин ўғирлашни “миллий қадрият” деб кўрсатишга уринаётганларни кескин танқид қилган:

“Баъзи одамлар миллий анъаналар ниқоби ортида келин ўғирлаш каби хуруфий одатларни қонунийлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бундай ёндашувни ҳеч қандай оқлаш мумкин эмас. Бизнинг жамиятда инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий неъмат бўлиб қолиши шарт”, — дея таъкидлаган Тўқаев.

Бу янгилик Қозоғистонда аёллар ҳуқуқини таъминлаш, уларни турли хил мажбурлаш ва таъқибдан ҳимоя қилиш борасида муҳим қадам бўлди. Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса ушбу ўзгаришларни олқишламоқда. Чунки энди ҳар бир аёл ўзини қонун ҳимоясида деб ҳис қилиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Энди келин ўғирловчилар 10 йилгача қамалиши мумкин