
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида жуда шов-шувли суд жараёни якунланди. Ўзининг дипломатик фаолияти билан танилган, бир пайтлар БААдаги элчихонада ишлаган Сакен Мамашга нисбатан суд жазо тайинлади, деб хабар берди Tengrinews.kz.
Собиқ дипломат аёл кишига нисбатан қийноқ ва зўравонликда айбланиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Мамаш жазони ўртача хавф даражасидаги жазо муассасасида ўтайди. Суд, шу билан бирга, уни биринчи даражали маслаҳатчи унвонидан ҳам маҳрум қилди.
Мамашга нисбатан айблов Қозоғистон Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми бўйича қўйилган. Унда жисмоний ва руҳий қийноқлар учун 4 йилдан 7 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Суд ҳукмида таъкидланишича, Мамаш 2019 йилдан 2024 йилгача, Остонадан тортиб Абу-Дабигача бўлган даврда, ҳеч қандай асоссиз рашк ҳисси туфайли турмуш ўртоғи Карина Мамашга доимий равишда зўравонлик қилган.
Унинг Каринага нисбатан мунтазам равишда муштлагани, айниқса танасининг турли қисмлари ва бошига зўравонлик билан зарба бергани суд томонидан тасдиқланган. Шунингдек, у хотинининг танишлари ва яқинлари билан алоқасини чеклаган, телефони ва ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларига назорат ўрнатган.
Карина Мамаш бу ҳақда аввалроқ ижтимоий тармоқдаги видеомурожаати орқали жамоатчиликка мурожаат қилганди. Айнан шу видеодан сўнг Сакен Мамаш Қозоғистонга чақириб олинди ва унга нисбатан расман жиноий иш қўзғатилди. Суд жараёнида жабрланувчи, гувоҳлар, эксперт хулосалари, скриншотлар ва видеоязувлар орқали Мамашнинг айби тўлиқ исботлангани маълум қилинди.
Ҳукм эълон қилинганидан сўнг Карина ўз саҳифасида шундай дейди:
“Майли, ҳис қилсин. Балки тушунади. У аввал куларди, аммо энди адолат қарор топди. Қўллаб-қувватлаган барча қизларга, оммавий ахборот воситаларга ва менга мурожаат қилган инсонларга чуқур миннатдорчилик билдираман. Ҳаммасини кўряпман, ҳаммасини ўқияпман. Мен ўз саҳифамга кам нарса жойлаганман. Яна бир бор катта раҳмат айтмоқчиман. Қизлар, билинглар: севган инсон ҳеч қачон уриб-солмайди.”
Каринанинг сўзлари кенг жамоатчилик орасида катта ҳамдардлик уйғотди. Мамлакатда бундай ҳолатлар борлигини тан олиш керак. Қувонарлиси шундаки, Қозоғистонда қабул қилинган янги қонун — аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун оилавий зўравонликка қарши курашда катта бурилиш ясади.
Ушбу воқеа Қувондиқ Бишимбоевнинг ўз жуфти Салтанат Нукеновани ўлдиргани ва шунинг учун 24 йилга қамалгани билан боғлиқ фожеали ҳодиса каби, яна бир бор оиладаги зўравонликка нисбатан жамиятда мустаҳкам позиция пайдо бўлаётганини кўрсатди.
Бугунги кунда Қозоғистондаги инқироз марказлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи фаолларнинг самарали ҳаракатлари натижасида зўравонликка қарши жавобсиз қолмайдиган муҳит шаклланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар